1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Исро ва Меърож кечаси

07:34 / 17.02.2023 18173 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса:

«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

«Исро» сўзининг луғавий маъноси «кечаси сафар қилиш»дир.

Шариатда эса Аллоҳ таолонинг амри ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси Буроққа миниб, бир зумда Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сафар қилганликлари тушунилади.

Баъзи Ҳанафий мазҳаби уламоларининг таҳқиқ қилишларича, бу ҳодиса ҳижратдан бир ярим йил олдин, Рамазон ойининг ўн еттинчи куни содир бўлган.

Ўша куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Мақдисдан осмонга, Меърожга олиб чиқилганлар. Ва у ерда Аллоҳ таоло билан суҳбат бўлган ва кунига эллик вақт намоз фарз қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтаётганларида Мусо алайҳиссаломга дуч келганлар ва у киши:

«Аллоҳ сенинг умматингга нимани фарз қилди?» деб сўраганлар.

У зот:

«Эллик вақт намозни», деганлар.

Мусо алайҳиссалом:

«Роббингга қайт. Умматинг бунга тоқат қила олмайди», деганлар.

Сўнгра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтиб, намозни камайтиришни сўраганлар. Аллоҳ таоло бир оз камайтирган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига қайтганларида у киши яна олдинги гапларини айтганлар. Шундай қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта бориб, қайтганларидан сўнг Аллоҳ таоло намозни беш вақтга туширган ва:

«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб марҳамат қилган.

Мусо алайҳиссалом яна қайтишни таклиф қилганларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббимдан уяламан», деб, қайтмаганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намознинг Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинганлиги.

2. Намознинг Исро кечасида фарз қилинганлиги.

3. Намозни дастлаб эллик вақт ўқиш фарз қилиниб, кейин беш вақтга туширилганлиги.

4. Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги сўз ўзгартирилмаслиги.

5. Аллоҳ таоло меҳр кўрсатиб, Ислом умматига беш вақт намоз учун эллик вақт намознинг ажрини бериши.

6. Ислом осонлик дини эканлиги. Аввал эллик вақт намоз фарз қилиниб, кейин беш вақтга қисқартирилиши ана ўша осонликни бандаларга эслатиб туриш учундир.

Демак, беш вақт намозни янада чин ихлос билан ўқимоғимиз керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи рўзадорлар таровеҳ намозини ўқишмайди ёки ундан баъзисини ўқишади холос. Ваҳоланки Рамазонда таровеҳда қоим бўлган кишининг савоби улкан давоми...

2924 18:58 / 17.06.2017
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, менинг давоми...

3441 14:05 / 18.07.2017
Зубайр ибн Адий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Биз Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб, Ҳажжож золимдан етаётган азиятлар ҳақида шикоят давоми...

2495 13:10 / 23.01.2018
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр олдида йиғлаётган бир аёлни кўриб, .Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил,, дедилар. Шунда у аёл давоми...

3085 09:15 / 16.11.2017