Россиянинг «USM Holdings Limited» компанияси Тошкентдаги Ислом маданият маркази қурилиш ишларини 2021 йилнинг охирги чорагигача тугатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда kun.uz манбаси хабар берди. Лойиҳанинг умумий қиймати 119 миллион долларга тенг. Бу ҳақда 2021-2023- йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълум қилинди.
Дастурга кўра, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қурилиши режалаштирилган лойиҳани Россиянинг «USM Noldings Limited »компанияси молиялаштирмоқда. Қурилиш ишлари 2019-2021 йилларда амалга оширилиши белгиланганди.
2017 йили президент Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлиб, мазкур марказ қурилиш лойиҳаси билан танишганди. Давлат раҳбари марказ қурилишига Алишер Усмонов кўмак бераётганини ташриф давомида маълум қилганди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваровнинг маълум қилишича, марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга ҳомийлик қилаётган тадбиркор Алишер Усмонов Ислом цивилизацияси марказига қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 минг 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилган.