1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Туянинг ҳикояси (Расулуллоҳнинг туялари бизларга ҳижратдаги ҳодиса ҳақида сўзлаб беради)

11:00 / 29.11.2020 2405 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мен чўл кемасиман. Чўлдан ҳеч бир қийинчиликсиз ва ташна бўлмай юриб ўтаман. Узоқ масофаларни ҳам малол келмасдан босиб ўтишга қодирман.

Мен Маккада яшардим. Ўша пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга ва ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга даъват этардилар. Менинг эгам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўстлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эди.

Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришга қарор қилишганидан кейин у зот ва Абу Бакр Мадинага ҳижрат қилиб чиқиб кетишди. Мени ва яна бир туяни ғорнинг оғзига бошлаб боришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга миндилар. Абу Бакр эса иккинчи туяга миндилар. Ясриб, яъни Мадина томон йўл олдик. Иссиқ қанчалик авжга чиқмасин, йўлнинг узоқлиги бизларни чарчатмади, аксинча, мен ажиб енгиллик ва хушнудлик билан борар эдим, чунки энг улуғ муҳожирни кўтариб кетаётган эдим.

Бу муборак сафар давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп мўъжизаларига гувоҳ бўлдим. Ғорнинг олдида кабутар ва ўргимчакни кўрдим, улар худди ғорга ҳеч ким кирмагандек таассурот уйғотишга уринишарди.

Йўлимиздаги барча нарсалар Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғликларига ва Аллоҳ у киши билан бирга эканлигига, кофирлар у зот устидан ғолиб кела олмаслигига далолат этар эди.

Мен сизларга йўл ҳақида кўп гапириб беришим мумкин. Бундай йўлни одатда мен ўн бир кунда босиб ўтар эдим. Лекин бу гал сафаримиз саксон кунга чўзилиб кетди, чунки биз кечаси юриб, кундузи мушриклар кўзига тушмаслик учун яширинар эдик. Мен Аллоҳдан бу йўлимиз омонлик билан тугашини ният қилиб сўрадим.

Ниҳоят, Ясрибга яқинлашдик. Узоқдан дарахт ва хурмолар кўринди. Мен жуда севиниб кетдим, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душманлар таъқибидан халос бўлган эдилар. Ясриб аҳли Расулуллоҳни қандай кутиб оларкин деб йўлда ўзимдан ўзим сўрар эдим. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан чиқиб Ясрибга келаётганларини шубҳасиз билишарди. Қуёш осмонда тиккага келганида баланд жойдан бир овоз эшитилди: «Ана, сизларнинг дўстларингиз келяпти». Ва қалблар тубидан хурсандчилик овозлари эшитиларди: «Аллоҳу акбар... Аллоҳу акбар».

Бу овозлардан ер титраб кетарди. Худди бутун дунё кутиб олувчилар билан бир сафда тургандек эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан тушиб, Абу Бакр билан дарахт соясида дам олиш учун ўтиришди. Одамлар Ясрибдан чиқиб Расулуллоҳ томонга оқиб боришарди. Уларнинг кўплари кўрмасдан ёки билмасдан у зотга эргашишган эди.

Келаётган аёллардан бири: «Уларнинг қайсилари Расулуллоҳ ва қайсилари Абу Бакр?» деб сўраб қолди. Ўша пайтда соя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кетган эди. Абу Бакр ўринларидан туриб ридолари билан соя қилиб турдилар. Шунда ҳалиги аёл ўтирган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканларини билди. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, ўзларини ҳақ йўлга бошлашларини сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ночорларни таомлантириш, дўстлашиш ва бир-бирларини севиш ва ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ҳақида сўзлаб бердилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, менга миндилар. Мен ҳайрон бўлиб, туриб қолдим. Чунки у киши мени ўз ҳолимга қўйиб, йўл кўрсатмадилар, балки жиловимни холи қўйдилар. Мадина аҳли мени ўраб олганди. Ҳамма жуда хурсанд эди. Ёш болалар эса ашула айтишарди.

Мен йўлда давом этиб, одамлар орасидан ўтдим. Кўзлардан қувонч ёшлари оқар, юзларни табассум тўлдирганди. Биз Мадинага кирдик ва ҳар бир одам Расулуллоҳнинг ўзининг хонадонига киришларини истар эди. Бири: «Эй Расулуллоҳ, бизникига киринг», деса, иккинчиси: «Йўқ, Расулуллоҳ, бизнинг уйимизда турадилар», деб талашарди.

Расулуллоҳ мени ўз ҳолимга қўйиб, токи мен Аллоҳ истаган жойда тўхтагунимча йўлни бўшатиб қўйишни талаб қилдилар. Мен бир жойдан бошқа жойга юра олмаётганимни, шу жойда дам олишим лозим эканини сездим. Шунда Расулуллоҳ мендан тушиб: «Бу ернинг эгаси ким?» деб сўрадилар. «Бу ер икки ёш етим боланики, уларни тўғри йўлга бошлашингизни хоҳлайдилар», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бу ерни сотиб олдилар ва унда масжид ва яшаш учун уй қурдилар.

Мадина аҳлининг муҳожирларга бўлган муҳаббатини кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмондўстликлари учун уларни ансорлар – ёрдамчилар деб номладилар. Мени жуда ҳурмат қилишди, чунки бу ҳижратда Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам менга миниб келган эдилар.


Арабчадан Жаҳонгир Барноев таржимаси

«Ҳилол» журналининг 11(20) сонидан 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволФитр садақасини моли нисобга етган одам берадими ёки ҳамма баровар бераверадими Фитр садақасини бериш учун қандай шартлари бор Олдиндан раҳматЖавобmdash давоми...

3419 15:00 / 22.05.2020
Абу Юсуф Ҳажжож ибн Абу Яъқуб Қайравондан Мисрга кўчиб ўтиб, ҳижрий 349 санада вафот этди, Муқоттамда дафн этилди. У ўлимидан олдин бир қорининг .оятул курсий,ни давоми...

2547 08:00 / 10.06.2020
Бир солиҳ зотдан унинг тавбаси ҳақида сўрашди. У шундай жавоб берди .Бир куни гуноҳларим, камчиликларим ва Аллоҳга қайтадиган куним ҳақида фикр юритдим. Қарасам, давоми...

1498 07:10 / 06.08.2019
Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўйлик суртиш ва энг яхши кийимларини кийиш ва фитр садақасини бериш мандубдир. Юқоридаги жумлада Фитр Рамазон давоми...

2633 16:00 / 18.04.2023
Аудиолар

121475 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42974 14:35 / 11.08.2021