1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Мавъиза мажлисларининг мубоҳлиги тўғрисида

15:02 / 08.09.2020 1375 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

IX-боб

 Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: Баъзи инсонлар мавъиза учун йиғилиш ўтиришни ёмон кўришди. Баъзилар, агар бу билан Аллоҳ таолонинг ризосини хоҳлаган бўлса, зарари йўқ, дейишди. Шу сўз саҳиҳроқдир. Чунки бу иш шариатни ўрганишдир. Мавъизани ёмон кўрган кишилар Амр ибн Шуъайб отасидан, отаси эса, бобосидан ривоят қилган ҳадисни ҳужжат қилиб келтиришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларга бирор нарсани фақат амир ёки маъмур ёки риёкор кишигина қисса қилиб беради», деганлар.

Тамим Дорийнинг Умар ибн Хаттобдан инсонларга ҳар шанба куни қисса айтиб бериш учун изн сўраганлари ривоят қилинган. «Нима учун?» деганларида, «Инсонларга эслатма бўлсин учун», деб айтдилар. «Агар хоҳласанг, эслат, аммо билгинки, бу иш сўйишдир», деб жавоб бердилар. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки қисса қилса, дарҳақиқат, у пичоқсиз сўйилибди», деган ҳадисларига мувофиқдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қисса қилувчи ғазабни, эшитувчи раҳматни кутади».

Абу Қулобадан ривоят қилинишича, у киши намоздан қайтганларида бир киши келиб, бақириб қисса айта бошлади. Абу Қулоба унга: «Сен бир ҳангровчи эшаксан, агар бизнинг олдимизга келсанг, сенга одоб бериб қўямиз», дедилар.

Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мен учта оят сабабли қисса айтишни ёмон кўраман. Улар:

«Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара сураси, 44-оят).

«Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?!» (Соф сураси, 2-оят).

«У айтди: «Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот мени ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса (шу ҳалол ризқни ҳаромга аралаштиришим керакми?!) Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани (яъни, ҳалол-ҳаромга аралаштиришни) ўзим қилишни истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман» (Ҳуд сураси, 88-оят), оятларидир», дедилар.

Ҳадисда келадики, Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий қилиб айтди: «Аввал нафсингга насиҳат қил. Агар шу насиҳатни олсанг, сўнг инсонларга насиҳат қил. Агар ундай бўлмаса, Мендан ҳаё қил».

Ваъз-насиҳат қилишнинг зарари йўқ, деб айтган кишиларнинг ҳужжати Аллоҳ таолонинг:

«Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро, у панд-насиҳатлар мўминларга нафъ етказур» (Зориёт сураси, 55-оят), деган сўзидир.

Бошқа бир оятдаги:

«Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!» (Тавба сураси, 122-оят) деган сўзи ҳам далилдир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Эй қисса айтувчилар, қисса айтмангизлар, чунки инсонлар фақиҳ бўлдилар», дедилар. Бу хабарда, агар қавм илмсиз бўлса, қисса айтишнинг зарари йўқлигига далил бор.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу инсонларга тик туриб ҳар пайшанба оқшомида ваъз-насиҳат қилар эдилар.

Ато Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтади:

«Ким ўзи биладиган илмни инсонлардан беркитса, қиёмат кунида оловдан бўлган юган билан юганланади». Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бор.

Абу Ҳурайра: «Агар бир оят бўлмаганида, инсонлар учун мажлис қилиб ўтирмас эдим», дедилар ва Аллоҳ таолонинг:

«Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни одамларга Китобда равшан қилиб берганимиздан кейин беркитган кимсаларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) ҳам лаънатлагайлар» (Бақара сураси, 159-оят), деган сўзини ўқидилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу таоло анҳумо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мендан бир оят бўлса ҳам, етказинглар ва Бани Исроил ҳақида гапиринглар, чунки улар ичида ажойиб воқеалар бордир. Бу қийин иш эмас. Кимки мен ҳақимда қасддан ёлғон гапирса, жойини дўзахдан тайёрласин», деб айтганларини ривоят қиладилар.

Ҳасан Басрий айтадилар: «Агар уламолар бўлмаганида, инсонларнинг ҳаммаси ҳайвонларга ўхшаб кетарди».

«Бўстонул Орифийн» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, ҳофиз Абу Закариё Абдураҳим ибн Аҳмад ибн Наср ибн Исҳоқ ибн Амр Тамимий Бухорий.Илм йўлида юрт кезганлар.Ҳижоз, Шом, Яман, Миср, Ироқ, Рум, Хуросон, Бухоро, давоми...

2167 12:00 / 20.04.2019
Ҳабашистон подшоҳи .Нажоший, деб аталган. Ҳабашистон ажнабий тилларда Эфиопия дейилади. Ҳабашистон дунёдаги энг қадимги давлатлардан ҳисобланади. Пайғамбар давоми...

2444 15:40 / 31.07.2021
Бу галги қаҳрамонимиз Рим марказини истило қилган Муҳаммад Фотиҳ ҳақида бўлади.Тахминан, бундан саккиз аср муқаддам, мусулмон армиясининг қўмондони Язид ибн давоми...

2596 16:12 / 05.04.2021
Пайғамбарларнинг машҳурларидан бўлмиш Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг акалари Ҳороннинг ўғли эдилар. Яъни Иброҳим алайҳиссалом Лут алайҳиссаломга давоми...

5633 18:00 / 14.02.2019
Аудиолар

120535 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42146 14:35 / 11.08.2021