1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Маддоҳларнинг юзига тупроқ сочилур

05:00 / 03.03.2017 3764 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Муаммар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши бир амирлардан бирини мақтаб қолди. Бас, Миқдод унинг юзига тупроқ соча бошлади ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маддоҳларнинг юзига тупроқ сочишга амр қилганлар», деди
».

Шарҳ: Демак, одамларнинг ғашига тегадиган, аччиғини чиқарадиган, шариатга, одоб-ахлоққа тўғри келмайдиган маддоҳларга ана шундай муносабатда бўлинар экан.


Ато ибн Абу Рабоҳдан ривоят қилинади:

«Ибн Умарнинг олдида бир киши бошқасини мақтаб қолди. Бас, унинг оғзига қараб тупроқ соча бошлади. Сўнг:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон маддоҳларни кўрсангиз, юзларига тупроқ сочинглар, деганлар», деди
».

Шарҳ: Мажлислардан бирида ўтирганлари бир бир одамни мақтаб қолибди. У ерда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам бор эканлар. Мақтаётган одам мақташда давом этаётганида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу тупроқ олиб, унинг юзига, оғзига қараб сочибдилар ва: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қачон маддоҳларни кўрсангиз, уларнинг юзига тупроқ сочинглар» деган эдилар, шунинг учун қилдим», дебдилар.

Ушбу икки ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маддоҳлар зиддига айтган ҳадисларига саҳобаи киромлар қандай амал қилганлари ҳикоя қилинмоқда. 

Ҳа, ҳадисларни ўқиб, эшитиб қўявериш билан кифояланмаслик керак. Балки уларга амал қилиш керак. 


 Миҳжан ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ражо айтди: «Мен бир куни Миҳжан билан аҳли Басранинг масжидига бордик. Қарасак, Бурайда ал-Асламий масжиднинг эшикларидан бирида ўтирибди. Масжиднинг ичкарисида Сакаба исмли бир киши бор эди. У жуда узоқ намоз ўқир эди. Масжиднинг эшигига етиб борганимизда, унинг устида чопони бор экан. Бурайда бироз ҳазилкашроқ одам эди, у: 

«Эй Миҳжан! Сен ҳам Сакабага ўхшаб намоз ўқийсанми?» деди. 

Миҳжан унга жавоб қайтармай, орқасига қайтди. 

Сўнг Миҳжан: 

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг қўлимдан ушлаб юриб кетдилар. Бориб-бориб, Уҳуднинг юқорисига чиқдик. У зот Мадийнага қарадилар ва: 

«Бу шаҳарнинг онаси ҳолига вой бўлсин. Энг обод бўлиб турган пайтида аҳли уни ташлаб чиқиб кетади. Дажжол келиб, кирмоқчи бўлганда қараса, шаҳарнинг ҳар бир эшигида биттадан фаришта қўриқлаб туради ва у кира олмайди», дедилар. 

Сўнг тоғдан тушдилар. Бориб масжидга кирдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамнинг намоз ўқиётгани, сажда ва рукуъ қилаётганини кўрдилар. 

Кейин менга:

«Бу ким?» дедилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули! Бу фалончи, у шундай-шундай деб ўша кишини мақташга тушдим. 

«Тўхта! Унга эшиттирма, ҳалок қилиб қўясан», дедилар. 

Сўнг ўзлари юриб кетдилар. Ҳужралари олдига етганларида қўлларини силтаб: 

«Сизнинг динингизнинг яхшиси – енгили! Сизнинг динингизнинг яхшиси - енгили» деб уч марта айттилар». 

Шарҳ: Мана бу ҳадисдан ҳам кўришимиз мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам узундан-узоқ намоз ўқиётган одамни мақташганини ёқтирмадилар. 

У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган, таълимларини олган Миҳжан розияллоҳу анҳу ҳам, Басрадаги узун намоз ўқиётган Сакаба деган одамни ёқтирмадилар. 

Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг яхшиси енгили эканлигини таъкидлаган эканлар. Миҳжан розияллоҳу анҳу бу гапни ёнидагиларга етказдилар. 

Имом Бухорий бу ҳадиси шарифни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундаги «Тўхта! Унга эшиттирма, ҳалок қилиб қўясан», деган гаплари учун айни шу бобда келтирдилар.

Демак бировнинг ўзига эшиттириб мақташ керак эмас.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бировнинг қўлидан ушлаб юриш борлиги.

2. Мадийна обод бўлиб турган пайтида аҳли уни ташлаб чиқиб кетиши.

3. Дажжол Мадийнага кирмоқчи бўлганда шаҳарни ҳар бир эшигида биттадан фаришта қўриқлаб туриши.

4. Дажжолнинг Мадийнага кира олмаслиги.

5. Бировни мақталса ўзига эшиттирмагани яхшилиги.

6. Исломда енгилликни олиш яхшилиги.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маън ибн Язид розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши айтадиларки .Отам Язид садақа қилиб, динорларни чиқарган экан. Уларни масжидга олиб келиб бир кишининг давоми...

3152 05:00 / 03.03.2017
Лекин баъзи кишилар зоҳирда золимларга ҳеч нарса бўлмай, ўйнабкулиб юрганларини кўрганда турли хаёлларга бориши мумкин. Баъзилар, фалончилар шунча золимлик давоми...

4010 05:00 / 02.03.2017
.Салим, Ислом сўзи билан ўзакдош бўлиб, .касаллик ва нуқсонлардан ҳоли, деган маънони англатади.Салим қалб соҳиби бўлиш учун, аввало, Қуръони каримда баён қилинган давоми...

3599 05:00 / 03.03.2017
Исломда инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги барча нарсалар ҳам пок бўлишига катта аҳамият берилган. Турар жой, давоми...

2803 05:00 / 06.03.2017
Аудиолар

121531 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43017 14:35 / 11.08.2021