1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Аёлларнинг маҳрини ошириб юборманглар!

17:07 / 01.07.2020 2146 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абул Ажфаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу бизга хутба қилиб:

«Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрини ошириб юборманглар! Чунки у нарса бу дунёда ҳурмат-икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, ичингизда унга энг ҳақли киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлур эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирор аёлга ўн икки увқиядан кўп маҳр бермаганлар. У зотнинг қизларидан бирортасига ҳам бундан кўп берилмаган», деди».

Шарҳ: Ҳазрати Умар халифалик вақтларида мазкур хутбани қилганлар. Шундан Ислом ҳукумати маҳр масаласида кишиларга тушунтириш ишлари олиб бориб туриши кераклиги келиб чиқади. Чунки маҳрнинг кўпайиб кетиши ҳеч кимнинг қадр-қийматини оширмайди. Одамлар қизларнинг қадрини маҳрнинг миқдори билан ўлчашлари мумкин эмас.

Шунингдек, маҳр кишининг тақвосига ўлчов бўлиши ҳам мумкин эмас. Агар маҳр қадр-қиймат ўлчови бўладиган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги энг кўп маҳрни берар эдилар. Дунёда у зотдек қадрли ва тақводор одам йўқ. Дунёда у зотнинг завжаи мутоҳҳараларидек, қизларидек қадрли ва тақволи аёл ҳам йўқ. Шундай бўлса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз завжаи мутоҳҳараларидан бирортасига ўн икки увқиядан ортиқ маҳр бермаганлар. Оналаримиз розияллоҳу анҳумолардан бирорталари ҳам бундан ортиқ маҳр сўрамаганлар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари, жигарбандларидан бирортасига ҳам ўн икки увқиядан ортиқ маҳр берилмаган.

Бугунги кундаги маҳрфурушлар ушбу ҳақиқатни яхшилаб тушуниб олишлари керак. Маҳрнинг кўплиги турли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, холос. Қизларни эр олмай, уйда ўтириб қолишлари, йигитлар маҳр тўплаш учун қийналишлари, иккала томон ҳам ҳаром йўлга кириб кетиши ёки ўша ишнинг хавфи кучайиши, маҳр топишга имкони йўқлар ғайридийн аёлларга уйланиб олиши ва бошқа кўпгина муаммолар шулар жумласидандир.

«Бани Фазоралик бир аёл бир жуфт кавуш (маҳр эвази)га эрга тегди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Ўзингни ва молингни бир жуфт кавуш эвазига бағишладингми?» дедилар.

«Ҳа», деди.

Бас, у зот буни жоиз санадилар».

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Шунга биноан, эр-хотин ўзаро келишсалар, улар рози бўлган миқдордаги мол маҳр бўлаверади.

Ҳанафий мазҳабида кишилар ихтилоф қилиб юрмасликлари учун, гапни бир жойга қўйиш мақсадида «Маҳрнинг ози ўн дирҳам бўлса яхши», дейилган. Чунки шариатда бир нарсага арзигулик энг оз молнинг миқдори шудир.

Шунингдек, маҳрнинг кўпининг ҳам чегараси йўқ. Бу ҳам эр-хотин рози бўлган миқдоргача кўпаявериши мумкин. Аммо уламоларимиз «Маҳрнинг кўпи ўн икки увқиядан ошмагани маъқул», деганлар.

Ҳадисда келтирилган қийматларни бугунги ўлчов бирликларида ифодаласак, ўн дирҳам тахминан 30 грамм, ўн икки увқия тахминан 1428 грамм кумушнинг қийматига тенгдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳодан аввалги ҳикояларини яна давом эттирадилар.Менга мол етиб келгач, аввал хушхабар келтирган Абраҳага одам юбориб.Ўша куни давоми...

2317 11:27 / 01.01.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фидокор саҳобияни ўзига яраша тақдирлашга қарор қилдилар. Унга уйланмоқчи ва унинг бошига тушган қийинчиликларни давоми...

2989 16:00 / 07.08.2019
.Азвожи мутоҳҳарот, жумласи луғатда .покдомон, покиза завжалар, деган маънони билдиради. Бу истилоҳ асосан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пок давоми...

2333 20:00 / 22.10.2020
Ҳижрий олтинчи сананинг Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бани Мусталиқ қабиласининг у зотга қарши одам тўплаётганлиги ҳақида хабар келди. давоми...

2219 19:35 / 02.10.2019