1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Эй уммат қиёмат яқин... (олтинчи мақола)

19:05 / 23.06.2020 2993 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яъжуж-Маъжуж

Қиёматнинг бу аломати ҳақида Қуръони каримнинг «Каҳф» ва «Анбиё» сураларида оятлар келган.

Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида:

«Улар: «Эй Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Биз сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан?» дедилар», деган.

Ўша икки тоғ орасидаги бирор гапни англамайдиган қавм Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят этдилар. Уларнинг ер юзидаги бузғунчиликларидан арз қилдилар.

«Улар: «Эй Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир».

Яъжуж ва Маъжуж ҳақида ҳам жуда кўп гаплар бор. Бу ҳам тахминий гаплардан иборатдир. Биз эса, ўз одатимизча, Қуръони Каримдаги маълумотлар билан кифояланамиз. Шуниси хайрли.

«Биз сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан?» дедилар».

Мазкур қавм Зулқарнайндан, агар харож тўплаб берсак, ўша Яъжуж ва Маъжужлар билан бизнинг орамизга тўсиқ қуриб берасанми, деб сўрадилар. Шу билан уларнинг ҳужумларидан, бузғунчиликларидан қутулмоқчи бўлдилар.

Зулқарнайн мазкур қавм билан Яъжуж ва Маъжуж орасида радм — улкан ва мустаҳкам тўсиқ қура бошлади.

Дастлаб: «Менга темир парчаларини келтиринг», деди. Яъни, одамларни темир топиб келишга буюрди. Улар олиб келган темир парчаларини ўша икки тоғ орасига тўплата бошлади. «Ниҳоят, икки тоғ томонлари ила баробарлашганда: «Дам уринглар», деди». Яъни, темир парчаларини тўплаб-тўплаб, икки тоғ орасини тўлдирдилар. Ундан кейин Зулқарнайн босқонлар билан дам уриб, темирларни қизитиб, эритишга киришди. «Ниҳоят, у(тўп темир)ни ўтга айлантиргач: «Олиб келинглар устидан мис қуяман», деди». Яъни, икки тоғ орасига тўпланган темирни босқонлар билан дам уриб алангалатиб, эритиб олов ҳолига келтирдилар. Ана шунда Зулқарнайн одамларига, энди эритилган мис олиб келинглар, олов бўлиб турган темир устидан қуяман, деди. Мис аралашган темир янада мустаҳкам бўлиши яқинда кашф этилди. Демак, ўша замонда ҳам Зулқарнайн Аллоҳ унга берган илм орқали бу сирни яхши билган ва жуда мустаҳкам девор қуриб, қавмни Яъжуж ва Маъжужнинг ҳужумларидан сақлашига ёрдам берган.

«Бас, улар унинг устига чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар».

Яъни, Яъжуж ва Маъжужлар Зулқарнайн қурган радм — девор тўсиқ устига чиқа олмадилар ва улар уни тешиб ҳам ўта олмадилар. Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят қилиб ёрдам сўраган қавмлар омонликка эришдилар. Зулқарнайн ишни жуда ҳам пухта амалга оширган эди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу Суфёни Саврий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари уммул мўминийн Зайнаб бинти Жаҳш онамиз қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларидан юзлари қизарган ҳолларида «Арабларнинг ҳолига яқинлашган ёмонликдан вой бўлсин, бугун Яъжуж ва Маъжуж радми-саддидан мана шунча очилди», деб турдилар, бош ва кўрсаткич бармоқларини ҳалқа қилиб кўрсатдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, ичимизда аҳли солиҳлар бўла туриб ҳалок бўламизми?» дедим. «Ҳа, агар ёмонлик кўпайса», дедилар у зот».

Шунингдек, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад, Имом абу Довудларнинг ривоятларида ҳам Яъжуж ва Маъжуж ҳақида хабарлар келган.

(Давоми бор)

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Қози Шурайҳ айтадилар .Менга битта мусибат етса, Аллоҳ азза ва жаллага тўрт маротаба ҳамд айтаманБиринчиси ndash бундан ҳам каттароқ мусибат етмагани учун ҳамд давоми...

3897 08:30 / 22.01.2019
Имом Кисоий ҳикоя қилади .Бир аёлни кўриб қолдим. У ўғилчасини илм ҳалқасига боришга ундарди. Болакай боришни истамай қочиб, югуриб юрарди. Шунда аёл .Ўғилчам давоми...

5237 09:00 / 01.07.2022
давоми.Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Асбот, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонларга ваҳий юбордик, Нисо сураси,163оят.Қуръоннинг тўрт сурасида номлари тилган давоми...

5745 09:40 / 28.03.2019
Ҳаётингиздаги энг қийин ва машаққатли онларда, Аллоҳга дуо қилиш эҳтиёжи янада кучайганда, дуо қилиш учун қандай шароит ихтиёр қилганингизни эслай оласизми давоми...

4612 18:00 / 23.05.2021
Аудиолар

121574 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43049 14:35 / 11.08.2021