1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Пешин намозини ҳаво бир оз совиганда ўқиш

13:30 / 17.05.2020 2603 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совитиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир. Дўзах ўз Роббисига шикоят қилиб:

«Эй Роббим, менинг баъзим баъзимни еб юборди», деди. Бас, унга икки нафасга изн берди. Қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга. Сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана ўшандандир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин намозини ҳаво бир оз совиганда ўқишни тавсия қилмоқдалар. Қуёш тик туриб, ҳаво роса қизиган пайтда масжидга бориб, намоз ўқишда маълум қийинчиликлар бўлади. Ана ўшаларни енгиллаштириш учун Пешин намозини ҳавонинг шашти бир оз қайтганда ўқиш тавсия этилмоқда.

Бу ҳам Ислом динининг кишиларга осонлик туғдиришига далилдир.

Ҳадиснинг давомида нима учун намозни совитиб ўқиш тавсия этилаётгани баён қилинмоқда.

«Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир».

Уламоларимиз ҳадисдаги бу ва бундан кейинги жумлалар ҳақиқатми ёки мажозми, деган масалада турли фикрлар билдирганлар. Баъзилар «Бу ҳақиқатдир, ҳавонинг шиддатли исиб кетишига жаҳаннамдан қайнаб чиққан иссиқлик сабаб бўлади», деганлар.

Лекин кўпчилик уламолар «Бу ҳақиқат эмас, мажоздир. Араб тилида мажоз кўп ишлатилади», дейишади.

Дарҳақиқат, араб тилидан бошқа тилларда ҳам бу нарса бор. Баъзи вақтда, иссиқ ҳаддан ташқари бўлиб кетганида одамлар «Ўзиям дўзах бўлиб кетдими?!» деб қўйишади. Бу ўша вақт ва жой дўзахга айланиб қолганини эмас, қаттиқ исиб кетганини билдиради. Ҳадиси шарифда ҳам худди ана шу маънодаги мажоз ишлатилмоқда. Ҳароратнинг шиддатидан жаҳаннамнинг иссиғи тарқалгандек бўлиб кетади. Шу боис ҳам бу иссиқда намоз ўқиш қийин, дейилмоқда.

«Дўзах ўз Роббисига шикоят қилиб: «Эй Роббим, менинг баъзим баъзимни еб юборди», деди».

Яъни дўзахдаги иссиқнинг зўридан дўзахнинг ўзи ҳам шикоят қиладиган даражага етар экан.

Бу ҳам мажоз орқали дўзах нақадар иссиқ эканлигини баён қилишдир.

«Бас, унга икки нафасга изн берди».

Яъни, Аллоҳ таоло дўзахга икки марта нафас олиб, чиқаришига рухсат берар экан.

«Қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга. Сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана ўшандандир», дедилар».

Бу ёзда ҳам, қишда ҳам ҳавонинг қаттиқ исиб ёки совиб кетиши, қийинчилик туғдириб туриши бор, деганидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шиддатли иссиқ пайтида Пешин намозини бир оз кечиктириб ўқиш яхшилиги.

2. Жаҳаннамнинг ҳозирда мавжудлиги.

3. Бир нарсани тушунтириш учун мажоз қўл­лаш мумкинлиги.

4. Намозга белгиланган муддат чегарасида об-ҳаво шароитини ҳисобга олиш жоизлиги.

5. Ислом енгиллик дини эканлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отганида .Аллоҳумма бика асбаҳнаа ва бика амсайнаа ва бика наҳйаа давоми...

28198 18:18 / 01.03.2020
316. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан давоми...

3966 16:00 / 17.01.2020
407. Умму Холид бинт Саъид ибн Ос розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабр азобидан паноҳ сўраётганларини эшитдим,.Бухорий давоми...

3372 13:04 / 04.09.2020
Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келганларидан кейин, Ислом таълимотлари туфайли олам худди обҳаво ўзгаргандек бутунлай ўзгариб кетди. Инсоният давоми...

3853 16:00 / 28.04.2017