1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Авл ва радд улуши

11:00 / 13.04.2020 1337 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мерос масаласида улушлар йиғиндиси махраждан кам бўлиб қоладиган ҳолатлар ҳам бор. Бунда мерос умумий махражга бўлинса, ҳақдорлар ўз улушларини олгандан сўнг яна мол ортиб қолади. Бундай ҳолларда қолдиқ фарз эгаларига қайтарилади (эр-хотин бундан мустасно). Мана шу қайтариш радд деб аталади.

Авл ва радд ҳолатларини кейинроқ батафсил ўрганамиз.

Масала авл ёки раддга оид бўлса, унинг аслини чиқариш бошқачароқ бўлади.

Авлда аввал ўртага масаланинг биринчи асли ташланади ва ҳар бир фарз эгасининг насибаси аниқланади. Юқорида айтилганидек, улушлар сони махраждан кўп бўлгани учун махраж оширилади. Сўнгра улушлар насибаларга мутаносиб равишда тақсимланади. Махраж ошганлиги туфайли энди олинадиган улушлар ўз-ўзидан камайиб қолади. Ана шу нуқсон (камайиш) ҳар бир ворисга ўз насибасига, унинг меросдаги улушига мувофиқ равишда белгиланади.

Радда эса аввал ҳамма фарз эгалари ўз улушларини оладилар. Шундан сўнг ортиб қолган қолдиқ эр ёки хотиндан бошқа фарз эгаларига қайтадан тақсимлаб берилади. Бироқ бунда меросхўрлар ичида асаба бўлмаслиги керак, чунки асаба бўлса, қолдиқнинг ҳаммаси унга ўтиб кетади.

Авл ва радд ҳолатларидан бошқа ҳолатларда масаланинг асли қуйидагича аниқланади:

Аввало, фарз қилинган меросларнинг махражлари икки турга бўлинади.

Биринчиси – ярим, тўртдан бир ва саккиздан бир. Ярим иккига, тўртдан бир тўртга ва саккиздан бир саккизга ўтади.

Иккинчиси – учдан бир, учдан икки ва олтидан бир. Учдан бир ва учдан икки учга, олтидан бир олтига ўтади. Шунингдек, олтидан икки ҳам олтига ўтади.

1. Масалада битта фарз эгаси бўлса, унинг асли ўша фарз бўлади.

Мисол учун, ота ва она. Ота-она ёлғиз ўзлари мерос олганларида онага учдан бир тегиши Қуръони Каримда айтиб ўтилган. Юқоридаги сатрлардан учдан бир учга ҳисобланишини билган эдик. Демак, масаланинг аслини уч қилиб оламиз. Онага унинг ҳаққи учдан бир бўлганлиги учун бир улуш тегади. Қолган икки улушни ота олади.

2. Масалада фарз эгаларидан иккитаси жам бўлса ва уларнинг махражи бир хил бўлса, катта сон масалага асл қилиб олинади.

– Меросни хотин ва қизга тақсимлаш лозим.

Хотиннинг фарз қилинган насибаси саккиздан бир, адади (махражи) саккиз. Қизнинг фарз қилинган насибаси ярим, адади (махражи) икки.

Бу ҳолда масаланинг асли (энг кичик умумий махражи) саккиз қилиб олинади.

Хотиннинг фарз қилинган насибаси саккиздан бир бўлганлиги учун унга бир улуш берилади.

Қизнинг фарз қилинган насибаси ярим бўлганлиги учун унга тўрт улуш берилади.

Қолган уч улуш қизга радд қилинади.

– Меросни эр ва қизга тақсимлаш лозим.

Эрнинг фарз қилинган насибаси тўртдан бир, адади тўрт. Қизнинг фарз қилинган насибаси ярим, адади икки.

Бу ҳолда масаланинг асли тўрт қилиб олинади.

Эрнинг фарз қилинган насибаси тўртдан бир бўлганлиги учун унга бир улуш берилади.

Қизнинг фарз қилинган насибаси ярим бўлганлиги учун унга икки улуш берилади.

Қолган бир улуш қизга радд қилинади.

– Меросни она ва икки нафар она бир сингилга тақсимлаш лозим.

Онанинг фарз қилинган насибаси олтидан бир, адади олти. Иккита она бир сингилларнинг фарз қилинган насибаси учдан бир, адади уч.

Бу ҳолда масаланинг асли олти қилиб олинади.

Онага унинг фарз қилинган насибаси олтидан бир бўлганлиги учун бир улуш берилади.

Иккита она бир сингилларга уларнинг фарз қилинган насибалари учдан бир бўлганлиги учун икки улуш берилади.

Қолган уч улуш иккита она бир сингилларга радд қилинади.

– Меросни онага, иккита туғишган сингилларга ва иккита она бир сингилларга тақсимлаш лозим.

Онанинг насибаси олтидан бир. Туғишган сингилларники учдан икки, она бир сингилларники учдан бир. Шунинг учун масаланинг асли олти бўлади.

– Меросни икки туғишган сингил ва икки она бир сингилга тақсимлаш лозим.

Икки туғишган сингилларнинг фарз қилинган насибаси учдан икки, адади уч. Иккита она бир сингилларнинг фарз қилинган насибаси учдан бир, адади уч. Шунинг учун бу масаланинг асли уч қилиб олинади.

3. Бир масалада биринчи турдаги махражлар билан иккинчи турдаги махражлар аралашиб кетса, масаланинг аслини чиқариш тафсилотлари қуйидагича бўлади:

а. Агар ярим билан (2) учдан икки ва учдан бир (3) бир масалада жамланиб қолса, эр, икки туғишган сингил ва икки она бир сингил каби масаланинг асли олти бўлади. Бунда иккини учга кўпайтириб, масаланинг асли чиқарилади.

– Агар ярим фақат учдан бир билан аралашса, (эр билан икки она бир сингил каби масалада), ярим фақат учдан икки билан аралашса (эр билан икки туғишган сингил каби масалада) ёки ярим фақат олтидан бир билан аралашса (қиз ва она каби масалада) масаланинг асли олти бўлади.

– Агар ярим учдан бир ва олтидан бир билан аралашса (эр, иккита она бир сингиллар ва она каби), масаланинг асли олти бўлади.

б. Агар тўртдан бир иккинчи тур махражларнинг ҳаммаси билан жам бўлса (хотин, она, икки туғишган сингил, иккита она бир сингиллар каби), масаланинг асли ўн икки бўлади.

Шунингдек, агар тўртдан бир фақат учдан икки билан аралашса (эр билан икки қиз каби), фақат учдан бир билан аралашса (хотин билан она каби) ёки учдан икки ҳамда олтидан бир билан аралашса (хотин, она ва икки туғишган сингил каби), тўртдан бир учдан бир ва олтидан бир билан аралашса (хотин, она ва иккита она бир сингиллар каби) бу ҳолатларнинг барчасида масаланинг асли ўн икки бўлади.

в. Саккиздан бир учдан икки ва олтидан бир билан жамланса (хотин, икки қиз ва она каби) ёки саккиздан бир билан фақат учдан икки жам бўлса (хотин ва икки қиз каби) ёки фақат олтидан бир билан жамланса (хотин, она ва ўғил каби) масаланинг асли йигирма тўрт бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирида ўзлари эшитмаган бир ҳадис борлиги давоми...

3055 05:00 / 17.02.2017
Инсониятга икки дунё саодатини кафолатлаш учун уммийлар орасида уларнинг ўзларидан уларга оятларини ўқиб берадиган, уларни поклайдиган ва уларга Китоб ва давоми...

4367 05:00 / 18.01.2017
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга, тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассам эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида давоми...

3645 16:07 / 02.04.2020
Уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш одоблариБисмиллаҳирроҳманирроҳимКиришБандаларининг ҳожатларини енгиллаштирган, уларга ўз ҳаёт тарзларини давоми...

4380 05:00 / 04.03.2017