1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Вафот этган одамга гувоҳлик

18:07 / 16.02.2020 3207 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Шайх ҳазратлари, сизга бир саволим бор эди. Одатда, маййит кўмилганда бир одам тўпланганларга қарата «Марҳум фалончи қандай одам эди?» деб савол ташлайди. Шунда тўпланганлардан бири: «Яхши одам эди», деб жавоб беради. Шу одатга кўра, мен марҳумни танимасам ҳам ёки ёмон одам эканини аниқ билсам ҳам «Яхши одам эди», деб қўйсам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бу ишни қуйидаги ҳадислардан умидвор бўлганликдан қилинади:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتَاكُمْ، وَكُفُّوا عَنْ مَسَاوِيهِمْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўлганларингизнинг яхшиликларини зикр қилинглар. Уларнинг ёмонликларидан тийилинглар», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шариф ўлганларнинг фақат яхшиликларини зикр қилиш кераклиги билан ёмонликларини мутлақо зикр қилмасликни жамлаб келмоқда.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ الله ُعَنْهَا قَالَ: مُرَّ بِجَنَازَةٍ فَأُثْنِيَ عَلَيْهَا خَيْرًا، فَقَالَ نَبِيُّ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «وَجَبَتْ وَجَبَتْ وَجَبَتْ»، وَمُرَّ بِجَنَازَةٍ فَأُثْنِيَ عَلَيْهَا شَرًّا، فَقَالَ نَبِيُّ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «وَجَبَتْ وَجَبَتْ وَجَبَتْ»، فَقَالَ عُمَرُ: فِدًى لَكَ أَبِي وَأُمِّي مَا وَجَبَتْ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ أَثْنَيْتُمْ عَلَيْهِ خَيْرًا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ، وَمَنْ أَثْنَيْتُمْ عَلَيْهِ شَرًّا وَجَبَتْ لَهُ النَّارُ. أَنْتُمْ شُهَدَاءُ اللهِ فِي الْأَرْضِ، أَنْتُمْ شُهَدَاءُ اللهِ فِي الْأَرْضِ، أَنْتُمْ شُهَدَاءُ اللهِ فِي الْأَرْضِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир жанозани олиб ўтилди. Унинг ҳаққига яхши гаплар айтилди. Шунда Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди», дедилар.

Яна бир жанозани олиб ўтилди. Унинг ҳақида ёмон гаплар айтилди. Шунда Аллоҳнинг Набийи соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди», дедилар. Умар (розияллоҳу анҳу):

«Ота-онамиз сизга фидо бўлсин, нима вожиб бўлди?» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳақида яхши гаплар айтган одамингизга жаннат вожиб бўлди. Ҳақида ёмон гаплар айтган одамингизга дўзах вожиб бўлди. Сиз Аллоҳнинг ер юзидаги шоҳидларисиз. Сиз Аллоҳнинг ер юзидаги шоҳидларисиз. Сиз Аллоҳнинг ер юзидаги шоҳидларисиз», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

وَفِي لَفْظِ النَّسَائِيِّ: «الْمَلَائِكَةُ شُهَدَاءُ اللهِ فِي السَّمَاءِ، وَأَنْتُمْ شُهَدَاءُ اللهِ فِي الْأَرْضِ».

Насоийнинг лафзида:

«Фаришталар Аллоҳнинг осмондаги шоҳидларидир. Сиз Аллоҳнинг ер юзидаги шоҳидларисиз», дейилган.

Аввалги ҳадисда ўлганларни фақат яхшилик билан эслаш ҳақида сўз кетган эди. Бу ерда ёмонлик билан зикр қилиш ҳам бўляпти-ку, қандай бўлди?» деган савол пайдо бўлиши табиий. Бу саволнинг жавоби шуки, ўлганларни сўкишдан қайтариш маъносидаги ҳадислар кофир, мунофиқ ва гуноҳ ишларни очиқ-ойдин қилмаган кишиларга хосдир. Аммо ушбу уч тоифани уларнинг йўлидан, уларга эргашишдан ҳазар қилиш учун ёмон гаплар билан эслаш ҳаром бўлмайди.

عَنْ أَبِي الْأَسْوَدِ رَضِيَ الله ُعَنْهَا قَالَ: قَدِمْتُ الْمَدِينَةَ وَقَدْ وَقَعَ بِهَا مَرَضٌ، فَجَلَسْتُ إِلَى عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ الله ُعَنْهَا، فَمَرَّتْ بِهِمْ جَنَازَةٌ فَأُثْنِيَ عَلَى صَاحِبِهَا خَيْرًا، فَقَالَ عُمَرُ رَضِيَ الله ُعَنْهَا: وَجَبَتْ. ثُمَّ مُرَّ بِأُخْرَى فَأُثْنِيَ عَلَى صَاحِبِهَا خَيْرًا، فَقَالَ عُمَرُ رَضِيَ الله ُعَنْهَا: وَجَبَتْ. ثُمَّ مُرَّ بِالثَّالِثَةِ فَأُثْنِيَ عَلَى صَاحِبِهَا شَرًّا، فَقَالَ: وَجَبَتْ. فَقَالَ أَبُو الْأَسْوَدِ: فَقُلْتُ: وَمَا وَجَبَتْ يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ؟ قَالَ: قُلْتُ كَمَا قَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «أَيُّمَا مُسْلِمٍ شَهِدَ لَهُ أَرْبَعَةٌ بِخَيْرٍ أَدْخَلَهُ اللهُ الْجَنَّةَ»، فَقُلْنَا: وَثَلاَثَةٌ؟ قَالَ: «وَثَلاَثَةٌ»، فَقُلْنَا: وَاثْنَانِ؟ قَالَ: «وَاثْنَانِ»، ثُمَّ لَمْ نَسْأَلْهُ عَنِ الْوَاحِدِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Абул Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мадинага бордим. У ерда касаллик тарқалган экан. Умар розияллоҳу анҳунинг олдида ўтирдим. Уларнинг олдидан жаноза ўтди. Шунда унинг соҳибига мақтов айтилди. Умар: «Вожиб бўлди», деди. Сўнгра яна бошқаси ўтди. Унинг соҳибига ҳам мақтов айтилди. Умар: «Вожиб бўлди», деди. Кейин учинчиси олиб ўтилди. Унинг соҳибига ёмон гап айтилди. Умар: «Вожиб бўлди», деди. Абул Асвад:

«Нима вожиб бўлди, эй амирал мўминин?» деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нима деган бўлсалар, шуни айтдим: «Қайси бир мусулмонга тўртта одам яхшилик ила гувоҳлик берса, Аллоҳ уни жаннатга киритади», деди.

«Учта бўлса ҳамми?» дедик.

«Учта бўлса ҳам», дедилар.

«Иккита бўлса ҳамми?» дедик.

«Иккита бўлса ҳам», дедилар.

Битта ҳақида сўрамадик».

Бухорий, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Бу савол ва шунга ўхшаган бошқа саволлар ҳозир биз ўрганаётган ҳадисларнинг зоҳирий маъносидан келиб чиққан. Ушбу ҳадисларни сиртдан ўрганган одамда «Бу дунёда нима бўлса ҳам қилиб юрган одам ўлгандан кейин орқасидан одамлар «Яхши эди», деб гувоҳлик берсалар жаннатий, бутун умрини тақво ва ибодат билан ўтказган одам ўлганидан кейин одамлар орқасидан, «Ёмон эди», деб гувоҳлик берса, дўзахий бўлиб кетаверар экан-да», деган хаёл пайдо бўлиши мумкин.

Аслида эса ундай эмас. Аввало, юқорида зикр қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Вожиб бўлди», дейишларидан олдин «Шундай эканлигини биласизми?» деб сўраганлар. Яъни маййитга берилган гувоҳлик воқеликка тўғри келиш-келмаслигини аввал суриштириб кўриб, кейин жаннат ёки дўзахнинг вожиб бўлганини айтганлар. Шунинг учун бундай ҳолатда тирикларнинг гувоҳлиги ўликларнинг амалига мос келиши керак деган шарт келиб чиқади.

Ўтган машҳур уламолардан Ибн ат-Тийн раҳматуллоҳи алайҳи:

«Бу иш саҳобаларга хосдир. Улар доимо ҳикмат билан гапирар эдилар», деган.

Шунингдек, «Бу иш ишончли ва тақводор кишиларга хос», деган уламолар ҳам бор.

Валлоҳу аълам.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб, турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида давоми...

2492 14:00 / 28.06.2019
Бошимни ёстиққа қўйиб қўймас тонг ёришади. Ҳали уйғониб уйғонмас ухлаш пайти бўлади. Кунлар тўхтамасдан ўтмоқда. Ўзимга ўзим .Ҳақиқатда амаллар дафтарини солиҳ давоми...

2538 17:06 / 03.06.2020
Ҳамза розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари, эмикдош инилари, Қурайш қабиласининг паҳлавонларидан бири бўлиб, лақаблари Шаҳидлар давоми...

8930 12:40 / 20.05.2019
Авзоийдан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазиз ҳар куни ўз молмулкидан мусулмонлар таоми учун бир дирҳам ажратар, сўнгра ўзлари ҳам улар билан бирга ер эдилар. давоми...

2712 07:00 / 08.02.2019