1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Эркак меросхўрлар (биринчи мақола)

15:12 / 21.01.2020 2163 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Ўғил.

Уламоларимиз ҳамма далил ва ҳужжатларни батафсил ўрганиб чиқиб, «Эркаклардан меросхўрлар ўн бешта», деганлар:

Агар ўғил бир ўзи бўлса, мероснинг ҳаммасини олади.

Агар у билан бирга ака-укалари бўлса, меросни тенг бўлиб оладилар.

Агар ўғил ва қизлар бўлса, меросни «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидасига асосан бўлиб оладилар.

Агар ўғил билан бирга бошқа фарз соҳиблари бўлса, улардан қолган мероснинг ҳаммасини ўғил олади.

2. Ўғилнинг ўғли ва ҳоказо.

Бу даражадаги меросхўр, яъни набира маййитнинг ўғли бўлмагандагина меросга ҳақли бўлиши мумкин. Бундан кейинги барча ҳолатларда унинг ҳоли худди ўғилнинг ҳолига ўхшайди.

Маййитнинг ортидан қизи, ўғлининг қизи, ўғлининг ўғли ва ўғлининг ўғлининг ўғли қолди.

Қизга мероснинг ярми тегади.

Мероснинг қолганини ўғилнинг қизи билан ўғилнинг ўғли «бир эркакка икки аёлнинг ҳиссаси» қоидаси асосида тақсимлаб оладилар.

Ўғилнинг ўғлининг ўғлига ҳеч нарса тегмайди.

Маййитнинг ортидан отаси, икки қизи, ўғлининг икки қизи, ўғлининг ўғли ва ўғлининг ўғлининг қизи қолди.

Икки қизига мероснинг учдан иккиси тегади.

Отасига мероснинг олтидан бири тегади.

Ўғлининг икки қизи, ўғлининг ўғли қолган меросни «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидаси асосида тақсимлаб оладилар.

Ўғилнинг ўғлининг қизи ўғилнинг ўғли билан ҳажб қилинганлиги учун унга ҳеч нарса тегмайди.

3. Ота.

Ота ҳеч қачон меросдан маҳрум бўлмайди. У ўзидан бошқани ҳажб қилиши, яъни тўсиши бор. Вориснинг ўғил ёки қизлигига қараб, отанинг мероси турлича бўлади. Ота гоҳида фақат фарз ила, гоҳида асаба сифатида ёки ҳам фарз, ҳам асаба ўлароқ мерос олади. Демак, унинг ҳолати уч хил бўлади:

1. Ота фарз эгаси сифатида олтидан бир меросни олади.

Бунда у билан бирга маййитнинг эркак фарзанд вориси бўлиши керак. Эркак фарзанд ворис деганда ўғил ва ўғилнинг ўғли ва ҳоказо давом этиб кетаверади. Мисол учун, бир одам ўлиб, ортидан ўғли ва отаси қолган бўлса, ота олтидан бирни, ўғил қолган ҳамма меросни олади.

2. Ота мероснинг ҳаммасини ёки фарз соҳибларидан қолганини асаба сифатида олади.

Бунда маййитнинг ортидан мутлақо фарзанд қолмаган бўлади. Мисол учун, бир одам ўлиб, унинг ортидан фақатгина отаси қолган бўлса, ота асаба сифатида мероснинг ҳаммасини олади. Агар май­йитнинг ортидан отаси билан бирга хотини ҳам қолган бўлса, хотин фарз соҳибаси сифатида мероснинг тўртдан бир қисмини, ота асаба сифатида қолган ҳаммасини олади.

3. Ота мероснинг олтидан бирини фарз соҳиби сифатида, қолганини эса асаба сифатида олади.

Бунда маййитнинг ортидан қиз фарзанд ворис қолган бўлади. Қиз фарзанд ворис деганда ўз қизи ва ўғилнинг қизи бўлиб кетаверади. Мисол учун, бир одам ўлиб, ортидан қизи ва отаси қолган бўлса, ота фарз соҳиби сифатида олтидан бирни олади, қиз яримни олади ва ота яна асаба сифатида қолганини ҳам олади.

Бунинг далили «Нисо» сурасида келган:

«Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир» (11-оят).

Отанинг мерос олишига баъзи мисоллар:

1. Эркак киши ўлиб, ортидан хотини, отаси ва ўғли қолди.

Хотинга саккиздан бир. (Ўғил борлиги учун).

Отага фарз соҳиби бўлганлиги учун олтидан бир.

Ўғилга мероснинг қолгани.

2. Эр киши ўлиб, ортидан хотини ва отаси қолди.

Хотинга мероснинг тўртдан бири.

Асаба бўлганлиги учун отага мероснинг қолгани тегади.

3. Аёл киши ўлиб, ортидан эри, отаси ва қизи қолди.

Эр қиз борлиги учун мероснинг тўртдан бирини олади.

Қиз мероснинг ярмини олади.

Ота фарз эгаси сифатида олтидан бирини ва асаба сифатида қолганини олади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Оиша розияллоҳу анҳо айтади .Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан жунублик асарини ювиб қўяр эдим. Ул зот кийимларидаги сувнинг давоми...

3883 16:00 / 25.03.2021
биринчи мақола Унинг суннатлари тасмия айтмоқ ва икки қўлини русғларигача уч марта ювиш ила бошламоқ. Мисвок қилмоқ. Бурунни сув ила ювгани каби оғизни ҳам сув давоми...

2491 13:33 / 18.06.2020
Силаи раҳмrdquo калимасини она тилимизга сўзмасўз ўгирадиган бўлсак, раҳмни боғлашrdquo деган маъно келиб чиқади. Раҳм эса қариндош дегани, она бачадонини ҳам давоми...

12813 05:00 / 17.02.2017
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешиндан олдинги тўрт ракъатни ва бомдоддан олдинги икки ракъатни ҳеч давоми...

1826 19:00 / 24.02.2023