1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжидига янги имом ноиб тайинланди

15:30 / 10.01.2020 11359 pdf Ўқиш режими + -

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжидига янги имом-ноиб тайинланди. Ушбу масжидга фазилатли шайх ҳазратларининг шогирдлари, ҳофизи Каломуллоҳ Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид масжид имом ноиби вазифасига тайинланди.


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид 1981 йил 12 январда Андижон шаҳрида таваллуд топган. 13 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган.

2005 йил Саудия Арабистони Қироллиги Маккаи Мукаррама шаҳрида ўтказилган халқаро Қуръон мусобақасида қатнашган. 2009 йил Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан ўтказилган 19-Қуръон мусобақасининг Республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган.

2008-2012 йил имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини тамомлаган.

2012‑2014 йил Тошкент шаҳар Олмазор тумани «Тўхтабой» жоме масжидида имом ноиби бўлиб фаолият юритган.

2013-2016 йиллар оралиғида Тошкент давлат Шарқшунослик институти жаҳон сиёсати, тарих ва фалсафа факультетида таҳсил олди.

2018-2020 йилда Халқаро ислом академияси II-босқич магистри.

2016‑2019 йилда эса Тошкент шаҳар Яшнобод тумани «Ислом ота» жоме масжидида имом ноиб бўлиб ишлади.



Кейинчалик Тошкент шаҳар Олмазор тумани «Аҳмаджон қори» жоме масжидида ушбу лавозимда ўз фаолиятини давом эттирди.

Бундан ташқари Ҳасанхон Яҳё «Навоийдан чу топқайлар навое» (Ҳусайнхон қори билан ҳаммуаллифликда), «Йўл ҳаракати фиқҳи», «Мавлид» Ҳасан ибн Жаъфар Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» номли асарига ўзбек тилида шарҳ, «Хатми Қуръонга марҳабо!» китоблари, «Қуръон тартили» ва «Иқроъ» дарслиги (китоб, видео шаклида) муаллифидир. Тўққизта ҳадис тўпламини ўз ичига олган «Олтин силсила» мажмуаси таржимони ва муҳаррирлардан бири ҳисобланади. У Имом Нававийнинг «Арбаъин» асарини ўзбек тилига таржима қилган. «Муаллим» номли намоз ўқишни ўргатувчи дастур тузган. Ўлкадаги яқин ўтмишда ўтган устоз қориларнинг қироатларини нашр қилишга бағишланган «Сўнмас садолар» туркуми асосчиси. 30 жузлик Қуръони карим қироати аудио диски чиқарилган. Айни пайтда ҳам бир қатор янги асарлар яратиш устида иш олиб бормоқда.

Ҳасанхон Яҳё ўнлаб илмий ва оммабоп мақолалар муаллифи. У Маданият ва маърифат телеканали орқали узатилаётган «Қуръони Каримни ўрганамиз» кўрсатувини олиб борган.

Ҳасанхон қори имом Осимнинг икки ривояти бўйича ижоза олган. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»и, имом Муслимнинг «Саҳиҳ»и, Ибн Жазарийнинг «Муқаддиматут-тажвид» китоби, имом Нававийнинг «Арбаъин» асари, имом Байқунийнинг ҳадис илми истилоҳларига бағишланган «Байқуния» манзумасидан устозлардан таълим олиб, махсус ижозага эга бўлган. Шунингдек, қўлёзмаларни ўрганиш бўйича Истанбулда бўлиб ўтган халқаро курсда ўқиб, махсус сертификат олган. Қироат илмлари ва ижтимоий-диний мавзуларда қатор илмий-оммабоп мақолалар муаллифидир.

2018 йил ўтказилган Ўзбекистон мусулмонлар идораси қошидаги Ўзбекистон Қуръон мусобақаси ташкилий ишлар ҳайъати раиси ўринбосари, бош ҳакам вазифасида хизмат қилган.

Ҳозирда турли диний тадбирларда даъват иши билан шуғулланиб келмоқда. 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид қорини ушбу шарафли вазифада, халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжини таъминлаш йўлидаги фаолиятида Аллоҳ таолодан куч-қувват сўраймиз. Масъулиятли мартабани Ҳақ таоло муборак айласин!


Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи .Ҳазратни хотирлаб, кўрсатуви доирасида давоми...

778 19:18 / 18 апрель
Бугун, 21 октябрь куни пойтахт имомхатиблари йиғилишида Тошкент шаҳар бош имомхатиби вазифасига тайинланган Раҳматуллоҳ домла Сайфуддиновга Юнусобод туманидаги давоми...

1749 15:32 / 21.10.2021
Якунига етиб бораётган йил мамлакатимизда барча йўналишларда бўлгани каби диниймаърифий соҳада ҳам янгиликлар, ислоҳотларга бой йил бўлди.Хусусан, Ўзбекистон давоми...

2850 15:15 / 12.12.2019
Нигериянинг Muslim News Nigeria газетаси 2020 йилги .Жаҳон мусулмон шахсияти, мукофотини Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғанга топширмоқчи. Бу ҳақда газета муҳаррири давоми...

1669 19:00 / 11.09.2021
Аудиолар

121365 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42872 14:35 / 11.08.2021