1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Кимнинг учта қизи бўлса жаннатга ҳақдордир

10:55 / 27.12.2019 3456 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَن أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله ُعَنْهَا ، عَن النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: مَنْ كَانَ لَهُ ثَلَاثُ بَنَاتٍ فَصَبَرَ عَلَى لَأْوَائِهِنَّ وَضَرَّائِهِنَّ وَسَرَّائِهِنَّ أَدْخَلَهُ اللَّهُ الْجَنَّةَ بِفَضْلِ رَحْمَتِهِ إِيَّاهُنَّ، فَقَالَ رَجُلٌ: أَوْ ثِنْتَانِ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: أَوْ ثِنْتَانِ. فَقَالَ رَجُلٌ: أَوْ وَاحِدَةٌ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: أَوْ وَاحِدَةٌ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг учта қизи бўлса, уларнинг хархашалари, оғирликлари ва енгилликларига сабр қилса, Аллоҳ уларга кўрсатган раҳмати туфайли уни жаннатга киритур», – дедилар. Бир киши:

«Иккита бўлса-чи, ё Расулаллоҳ?» – деди.

«Иккита бўлса ҳам», – дедилар. Бир киши:

«Битта бўлса-чи, ё Расулаллоҳ?» – деди.

«Битта бўлса ҳам», – дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Шундай қилиб, биттами, иккитами ёки учтами, қизни туғиш, уларни боқиб, тарбиялаб, катта қилиш ота‑она учун жаннатга ҳақдор бўлиш омилларидан бирига айлантирилди. Мусулмонлар қадимдан қизларга фақат яхши назар билан қараб келдилар ва келмоқдалар.

Аммо, минг афсуслар бўлсинким, кейинги пайтларда диний таълимотлардан бехабар айрим кишилар бу масалада хатога йўл қўйиб, бошқалар томонидан динимизга таъна тошлари отилишига сабаб бўлмоқдалар. Баъзи «мусулмонман» деб юрганларнинг аёлларга бўлган салбий муносабатларини тушунмаганлар бу нохушликни Исломнинг айби, дея жар солмоқдалар.

Бу борада ҳам гапни чўзмасдан, биргина мисол келтириш, яъни шахсан ўзим, радиода эшитган гапни айтиш билан кифояланмоқчиман. Вилоятлардан бирида бир аёл тўртта қиз кўрибди. Ҳар сафар фарзанд туғилганда оилада жанжал бўлибди. Келинга: «Нега ўғил туғмай, қиз туғасан?!» деган дашномлар берилибди. Охири «Сен қиз халтаси экансан, яна қиз туғсанг, туғруқхонадан отангникига кетаверасан», деган таҳдид бўлибди. Аёл яна ҳомиладор бўлибди. Ўзига айтилган таҳдидлар ёдига тушибди. Беш қиз билан отасиникига қайтиб бориш кўзига кўринибди. Шайтоннинг васвасасига учиб, ҳомиласини олдирибди. Қараса, олинган ҳомила ўғил экан. Буни эшитиб, эр ўзини осибди. Уни эшитиб, хотин ўзига ўт қўйибди...

Боланинг ўғил ёки қиз бўлишига аёлнинг нима алоқаси бор? Аввало, мутлақо алоқаси йўқ. Агар фараз қилиб, алоқаси бор десак, эркакнинг алоқасичалик бўлиши мумкин. Лекин нима учун эркакка эмас, фақат аёлга қиз туққанлиги учун дашном берилади. Ахир бундай қилиш Аллоҳнинг иродасига қарши туриш эмасми?

Ушбу ҳақиқатларни ҳар ким англаб етиши керак. Қиз туққан келинларни ва қизларни барака рамзи деб билиш, уларнинг эъзозини қилиш лозим.

Оиласида фарзанд кутаётган ва кўрган ҳар бир шахс бир оз чўзилган ушбу муқаддимада айтилган маъноларни ўзидан ўтказиши, шу билан бирга, уларга ихлос билан амал қилиши зарур.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рофиъий айтади.Фақиҳ Аби Робиъанинг хотини вафот қилгач, уни дафн қилди. Қўлларини тупроқдан тозалади. Сўнгра уйига қайтиб келиб атрофга боқиб .Ла ҳавла вала давоми...

2352 11:00 / 23.02.2023
Ёш болани қарамоғига олиш уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни тозалаб, едирибичириб, кийинтириб, роҳати учун керакли нарсалар ила таъминлаб, тарбиялашдан давоми...

2254 19:04 / 31.01.2020
Ислом дини оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратган. Чунки оила жамият асоси ва ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия масканидир. Шу маънода давоми...

1405 16:58 / 19.12.2023
Динимизда оилалар тинч бўлиши учун эркак ва аёлга ҳуқуқлар берилиши билан бирга уларнинг зиммасига масъулиятлар юкланган. Эрхотин динимиз кўрсатмаларига амал давоми...

6322 17:00 / 17.07.2022