1445 йил 12 зулқаъда | 2024 йил 20 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Яхши сўз Аллоҳнинг ҳидояти

10:05 / 12.12.2019 1885 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамлар билан бўладиган муомалада ўзимизни қандай тутишни белгилаб берувчи қоида Аллоҳ азза ва жалланинг «Одамларга яхши сўз айтинг» (Бақара сураси, 83-оят) деган қавлидир.

Яхши сўз нафақат маъноси яхши, балки, айтиш услуби ҳам яхши – юмшоқлик, лутф билан айтилган сўздир.

Яхши сўз Аллоҳнинг ҳидояти, бандаларига кўрсатган чексиз марҳаматидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Улар яхши сўзга ҳидоят қилинурлар» (Ҳаж сураси, 24-оят) деган.

Яхши сўз пайғамбарларнинг рисолати, мўмин бандаларнинг сифатидир. Аллоҳ таоло яхши сўзга чақириб «Бандаларимга айтгин, улар гўзал нарсаларни гапирсинлар» (Исро сураси, 53-оят) деган.

Яхши сўз қалб сурури, солиҳ амалнинг руҳидир. Мўминнинг қалби тилига мувофиқ бўлса, барча аъзолари ана шу қалбга бўйинсунса, яхши сўз шубҳасиз ўз самарасини беради. Бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла «Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни» (Фотир сураси, 10-оят) деган.

Биз мусулмону кофир, солиҳу фожир, каттаю кичиклар билан бўлган барча мулоқотларимизда айнан шу қоидага муҳтожмиз. Ҳатто ота-онамиз, турмуш ўртоғимиз, фарзандларимиз, қўл остимиздаги ходимларимиз билан бўладиган мулоқотимиз ҳам ана шу қоида асосида бўлмоғи лозим.

Аллоҳ азза ва жалла ўзининг мўмин бандаларини мақтаб «...жоҳиллар уларга хитоб қилса, «Салом», дейдилар» (Фурқон сураси, 63-оят), дея марҳамат қилган. Яъни жоҳиллар уларга бўлар-бўлмас гапларни айтиб, безовта қилсалар уларга қарата «Саломат бўл», деб хушмуомала бўладилар. Бу улардан қўрққанлари ёки заиф эканлари сабабли эмас, балки олижаноб ва гўзал хулқли бўлганларидандир.

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга гўзал намунадирлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қўпол, дағал эмас эдилар, балки, хушмуомала, юмшоқ, очиқ чеҳрали эдилар. Одамларга, ҳатто ёш болаларга ҳам салом берар, қўл бериб кўришар, ҳаммага яхши муомала қилар эдилар.

Имом Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақиқий мўмин одамларга таъна қилувчи, уларни лаънатловчи, фаҳш сўз сўзловчи, ёмон хулқли эмас», дея марҳамат қилганлар.

Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «... яхши сўз садақадир...», деганлар. Яхши сўз бандани дўзах ўтидан ҳам ҳимоя қилади. Имом Аҳмад «Муснад»да келтирган ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яримта хурмо билан бўлса ҳам дўзах ўтидан сақланинг, агар топа олмасангиз яхши сўз билан», деганлар. Яхши сўз иймон шўъбаларининг биридир. Расулуллоҳ бу ҳақда «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўз сўзласин ёки сукут қилсин!» деганлар. (Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилишган)

Шунинг учун салафи солиҳларимиз оғизларидан чиқаётган ҳар бир сўзни доимо назорат қилар, чиройли лафзлар ва гўзал ибораларни ихтиёр қилишга интилар эдилар.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: «Қай бир инсонда уч нарса бўлса, яхшиликка эришибди: сахийлик; бало-офатларга сабр қилиш ва ширин сўз». Дарҳақиқат ширин сўз кўнгиллардаги кек ва адоватни ювиб, ашаддий душманни ҳам меҳрибон дўстга айлантиради.

Нодирбек Хидиров

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаммод ибн Довуд Тағлибийдан ривоят қилинади.Бир куни Мисъар ибн Кидом қабристонга чиқди. Қараса, бир киши қуёшга қараб шеър айтаётган эканҚиш келди, аммо бир давоми...

2338 08:13 / 28.03.2020
Бир халифа вафот этгач, румликларда ихтилоф чиқиб, ўзаро мулк талашишлар бошланди. Шунда мусулмон бўлмаганлар .Ҳозир мусулмонлар ўзи билан ўзи овора. Уларга давоми...

3169 07:30 / 12.08.2019
Ҳасан ибн Абдулазиз Ҳошимий Аббосийдан ривоят қилинади .Тушимда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарирни кўриб, .Ўлим қандай бўлди, деб сўрадим. .Фақат яхшилик кўрдим,, деди. давоми...

1671 09:16 / 23.01.2020
Ажал ҳам бошқа барча нарсалар каби фақатгина Аллоҳ таолодан эканлигига аниқ ва тўлиқ ишониш муҳим нарсадир.Бу масала ҳам ақоидга боғлиқ масалалардан. Ажалнинг давоми...

3604 13:10 / 08.11.2018
Аудиолар

121660 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43111 14:35 / 11.08.2021