1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Охират уламолари - охиратни бу дунёдан устун қўядилар

12:30 / 07.11.2019 2505 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадимдан охират уламолари қандай бўлишлари кераклиги ҳақида баҳслар бўлиб келган. Улардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Олим қоидага мувофиқ иш тутиб, амр ва наҳйиларни адо этиб туриши лозим.

Олим зоҳид бўлиши ҳам, мубоҳ нарсалардан юз ўгириши ҳам шарт эмас. Аммо у иложи борича дунёга уринмаслиги керак. Ҳар бир жисм ҳам оғирликни кўтаравермайди.

Одамларнинг табиати турлидир. Ривоят қилинишича, Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи яхши таомларни тановул қилар ва: «Уловнинг озуқаси яхши бўлмаса, хизматга ярамайди», дер эди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қашшоқликнинг оғирлигига сабр қилишга одатланган эди.

Охират уламолари охиратни бу дунёдан устун қўядилар. Уларнинг амаллари гапларига хилоф бўлмайди. Улар охиратда фойда берувчи илмга мойил бўладилар.

Шақиқ Балхийдан ривоят қилинишича, у киши Ҳотимга: «Бир муддат менинг суҳбатимда бўлдинг. Айт-чи, нимани ўргандинг?» деганида, у саккизта нарсани санаб ўтган экан:

«Биринчи: мен халойиққа назар солсам, ҳар бир шахснинг муҳаббат қўйган нарсаси бор экан. Унинг ўзи қабрга кирса, муҳаббат қўйган нарсаси ундан ажраб қолар экан. Мен қабримда бирга бўлиши учун савобли ишларимга муҳаббат қўйдим.

Иккинчиси: Аллоҳ таолонинг «…нафсни ҳавойи хоҳишдан қайтарган бўлса», деган сўзига назар солдим. Бас, ҳавони даф қилиш борасида нафсни қийнадим ва охири Аллоҳ таолонинг тоатида барқарор бўлдим.

Учинчиси: Ким қийматли нарсага эга бўлса, ўшани қаттиқ муҳофаза қилишини кўрдим. Сўнгра Аллоҳ таолонинг «Ҳузурингиздаги нарса тугайдир. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса боқийдир», деган сўзига назар солдим. Бас, қиймати бор нарса қўлимга тушса, ҳузуримда боқий бўлиши учун У Зотнинг ҳузурига юбордим.

Тўртинчиси: Одамларнинг насабга, молга ва шарафга интилишларига гувоҳ бўлдим. Ҳолбуки, улар арзимаган нарсалардир. Бас, Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир», деган сўзига эргашдим ва У Зотнинг ҳузурида ҳурматли бўлиш учун тақвога амал қилдим.

Бешинчиси: Одамларнинг бир-бирларига ҳасад қилишларини кўрдим. Ва Аллоҳнинг «Дунё ҳаётида уларнинг ораларида маишатларини тақсимладик», деган сўзига мувофиқ, ҳасадни тарк қилдим.

Олтинчиси: Инсонлар ўзаро душманлик қилишларини кузатдим. Бас, Аллоҳнинг «Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг», деган сўзига амал қилган ҳолда одамларга нисбатан душманликни тарк қилиб, ёлғиз шайтонни душман тутдим.

Еттинчиси: Инсонлар ризқ талабида ўзларини ўзлари хорлашларининг гувоҳи бўлдим. Бас, Аллоҳнинг «Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир», деган сўзига амал қилиб, зиммамдаги нарсаларга машғул бўлиб, мен учун Унинг зиммасида бўлган нарсаларни тарк қилдим.

Саккизинчиси: Одамларнинг ўз тижоратларига, саноатларига ва танининг сиҳҳатига суянишларини кўрдим. Мен эса Аллоҳ таолога суяндим».

Охират уламолари ўта ишончли бўлмагунича, фатво беришга шошилмайдилар. Улар амалларни бузувчи, қалбларни кирлантирувчи, васвасани қўзғатувчи омилларни чуқур ўрганадилар. Зотан, амалларнинг сурати осон, уларни поклаш қийин. Диннинг асли ёмонликдан сақланишдир. Ёмонликни билмагунча, ундан сақланиб бўлмайди.

Охират уламолари шаръий амалларнинг сирлари ҳақида баҳс ва уларнинг ҳикматлари ҳақида мулоҳаза юритадилар. Агар сирини билолмаса, шариатга таслим бўлиш билан кифояланадилар. Охират уламолари саҳобаларга ва тобеъинларнинг яхшиларига эргашадилар.

Абу Нуъайм ва Абдулбарр келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фақиҳнинг таърифида қуйидагиларни айтади: «Сизларга ҳақиқий фақиҳнинг хабарини берайми? У одамларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмайдиган ва Аллоҳ таолога осий бўладиган ишларда уларга рухсат бермайдиган кишидир. Одамларни Аллоҳнинг азобидан бепарво қолдирмайдиган, бошқага рағбат қилиб, Қуръонни тарк қилмайдиган кишидир.

Фиқҳ бўлмаган ибодатда яхшилик йўқдир. Фаҳм бўлмаган фиқҳда ҳам яхшилик йўқдир. Тадаббурсиз қироатда ҳам яхшилик йўқдир».


«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Ғийбат ndash узоқ йиллар давомида машаққат ила тўпланган ҳасанотларни бир дақиқада куйдириб юбориш. Кибр ndash Лавҳул маҳфузга биринчи ёзилган жиноят. Намоз ndash ҳар давоми...

1993 09:00 / 15 февраль
Набий алайҳиссаломнинг қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳо ўғилчаси жон бераётганини айтиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақиртирди. Расулуллоҳ давоми...

1816 15:00 / 23.11.2021
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўрашди.Нега Сулаймон алайҳиссалом қушлар орасидан Ҳудҳудни қидирдилар,Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар.Чунки Сулаймон давоми...

3466 20:00 / 02.11.2021
Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Ҳаддан ташқари мутаассиб йигитлардан бири билан мунозара қилиб тургандим. Ундан Мусулмон давлатларидан биридаги тунги давоми...

3614 19:08 / 13.12.2021