1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жинларнинг ичида мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бўлади

15:35 / 20.10.2019 1960 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Айт: «Менга ваҳий қилиндики, албатта, жинлардан бир неча нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик. «У тўғри йўлга ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга ҳеч кимни шерик келтирмасмиз» (Жин сураси, 1-2-оятлар).

Бу икки оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, айтишлари керак бўлган маънони ҳам баён қилади, яъни ваҳий орқали етти нафар жин у кишининг қироатларига қулоқ осгани ва қавмларига бориб, «Биз ажойиб Қуръон эшитдик», деб хабар берганлари ҳақида айтишни буюради.

Демак, жинлар Қуръони Карим тиловатини эшитишлари билан бу оддий сўз эмаслигини, дунёда янги оламшумул воқеа рўй берганлигини фаҳмлаб, бу воқеа жинлар ҳаётида ҳам катта ўзгариш бўлишига сабаб бўлганини дарҳол тушуниб етганлар.

Иккинчи оятда мазкур жинларнинг ўз қавмларига айтган гаплари давом этади:

«У тўғри йўлга ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга ҳеч кимни ширк келтирмасмиз».

Жинлар ўз ақл-фаросатлари ила Қуръонни нозил қилган Аллоҳ уларнинг Робблари экани ва Унга шерик бўлиши мумкин эмаслигини ҳам тушуниб етадилар. Мушриклар каби Аллоҳга ширк келтирмасликларини таъкидлайдилар.

 Аллоҳ таоло Жин сурасида марҳамат қилади:

«Ва албатта, биздан мусулмонлар (бор) ва биздан адашганлар (бор). Кимлар Исломга кирса, бас, улар ҳақ йўлни танлабдилар. Ва аммо адашганлар, бас, жаҳаннамга ўтин бўлибдилар» (14-15-оятлар).

Ушбу икки оятда жинлар ичида ҳам худди инсонлар каби мусулмонларининг борлиги яна бир бор таъкидланмоқда. Уларнинг мусулмонлари – тўғри йўлни танлаган, яъни кўр-кўрона эмас, балки танлаш, излаш, ўрганиш, солиштириш оқибатида Ислом шубҳасиз илоҳий дин бўлиб, ўзига эргашганларни икки дунё саодатига эриштиришига ишонч ҳосил қилгандан сўнг мусулмон бўлган жинлардир. Шунингдек, уларнинг ичида адашган кофирлари ҳам бор.

Жинлар ҳам қиёмат куни маҳшаргоҳга тўпланадилар, амаллари ҳисоб-китоб қилинади ва савоб ёки азоб берилади.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:

 «Уларнинг ҳаммасини тўплайдиган Кунда: «Эй жинлар жамоаси! Инсдан (адаштирганларингизни) кўпайтириб юбордингиз?!» (дейди). Уларнинг инсдан бўлган дўстлари: «Роббимиз, биз бир-биримиздан баҳраландик ва бизга белгилаган муддатингга етиб келдик», дерлар. У Зот: «Турар жойингиз оловдир, унда мангу қолувчидирсиз. Магар Аллоҳ хоҳласа (қолмайсиз)», дер. Албатта, Роббинг ўта ҳикматлидир, ўта билувчидир» (128-оят).

Ушбу ояти каримада таъриф этилаётган саҳна қиёмат куни саҳнасидир. Ўша кун оятда

«Уларнинг ҳаммасини тўплайдиган кун» деб таърифланяпти. Яъни Аллоҳ таоло инсу жинларнинг ҳаммасини жамлайдиган кун. Демак, қиёмат куни Аллоҳ таоло инсларни – одамларни жамлаганидек, жинларни ҳам жамлайди. Шунда кофир жинларга Аллоҳ таоло:

«Эй жинлар жамоаси! Инсдан (адаштирганларингизни) кўпайтириб юбордингиз?!» (дейди).

Бу гап жинларга қилган ишлари ҳақида хабар бериш эмас, балки қилган амалларини танқид қилиш, қоралаш учун айтилади. Чунки ўзларининг васвасаси ва иғволарига учган одам болалари кўп эканини жинлар яхши биладилар. Аллоҳ таоло бу гапни жинларга айтган бўлса ҳам, жавобини ўша жинларга эргашган, уларга валий-дўст бўлган одамлар беради:

«Уларнинг инсдан бўлган дўстлари: «Роббимиз, биз бир-биримиздан баҳраландик ва бизга белгилаган муддатингга етиб келдик», дерлар».

Демак, жинлар одамларни йўлдан уриб, иғво қилиб, ёмон йўлга юргизиб ҳузур-ҳаловат олган ва роҳатланганлар. Жинларнинг фитнасига учиб, кофир ва гуноҳкор бўлган одамлар эса уларнинг чиройли кўрсатган, ҳавойи нафсни қондирувчи ишларини бажариб, ҳузур қилганлар. Булар иродаси заиф, ғофил, ҳавойи нафсга берилган, шаҳватпараст одамлар бўлганлар. Шайтон уларнинг ушбу заиф жойларидан тутиб, иғвосига учирган ва ўзига малай қилиб олиб, ҳар кўйга солган, бу дунёда мақсадларига эришиш йўлида улардан фойдаланиб, ҳузур қилган. Шайтонга малай бўлган инсонлар у чиройли кўрсатган нарсаларни ўзиники қилиб, беш кунлик ҳаётларида ҳавойи нафсини қондириш йўлида ошкора ва махфий гуноҳларни ишлаб, ўзларича, ҳузур қиляпмиз, деб юраверганлар. Улар ҳаётларини шундай қилиб ўтказганлар. Энди эса ҳамма нарсани тушуниб етиб:

«...бизга белгилаган муддатингга етиб келдик», деб турибдилар.

Етиб келишгани аниқ. Ана энди улардан ҳар бири – ҳам инси, ҳам жини ўз қилмишига яраша адолатли жазосини топади.

«У Зот: «Турар жойингиз оловдир, унда мангу қолувчидирсиз. Магар Аллоҳ хоҳласа (қолмайсиз)», дер».

Бу ҳолнинг оқибати сизга у дунёда ҳам айтилган эди. Аммо қулоқ солмадингиз. Мана энди ўша айтилган жазо муқаррар бўлди. Сизнинг маконингиз оловли дўзах бўлади. Фақат иродаси чексиз Аллоҳ бошқа нарсани хоҳласагина, абадий бўлмаслиги мумкин.

«Албатта, Роббинг ўта ҳикматлидир, ўта билувчидир».

Унинг ҳар бир иши ҳикматдан холи эмас. У ҳамма ишини билим ила қилади.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

«Роббингнинг «Жаҳаннамни, албатта, жинлар ва одамлар билан тамомила тўлдирурман», деган сўзи батамом бўлди» (119-оят).

 «Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг бор ҳақиқати» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло ҳаёти дунёни .Ҳадид, сурасининг йигирманчи оятида мана бундай васф этади .Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва давоми...

1926 18:57 / 04.06.2020
Усайр ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қачон Умарга Ямандан мадад кучлари келса.Ичингизда Увайс ибн Омир борми, деб сўрар эди. Охири у Увайсни топди давоми...

1970 15:30 / 05.09.2019
5. Рамазонда шайтонлар кишанланади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда .Унда бебош шайтонлар кишанланади,, дейилган.6. Рамазонда жаннат эшиклари очилади ва дўзах давоми...

1846 10:04 / 24.04.2020
Баъзи ўринларда Ислом моҳиятини тўла англаб етмаган, унинг асли қолиб, қора фонда кўрсатилган чизгиларидан таъсирланган исоломофоблар бу муқаддас дин ва дунёни давоми...

1529 17:00 / 27.06.2022
Аудиолар

121427 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42927 14:35 / 11.08.2021