1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Эзгулик йўлида кексайиш саодатдир

14:40 / 14.10.2019 1868 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир инсон ким бўлишидан қатъий назар, бир кун келиб кексаяди. Аммо кексайиш билан кексайишнинг орасида фарқ бор. Энг яхши кексайиш яхшилик билан яшаб, яхшилик қилиб юриб кексайишдир. Агар банда Ўзини йўқдан бор қилган Роббини таниб, У Зотнинг айтганини қилиб яшаб кексайса, унинг кексалиги энг яхши, энг чиройли кексалик бўлади. Унинг кексалиги бахтга ва саодатга олиб борадиган кексалик бўлади.

Қуйидаги сатрларда шарҳ қилинадиган ҳадиси шарифларда худди мана шу ҳақиқат борасида сўз кетади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُسْرٍ: أَنَّ أَعْرَابِيًّا قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ خَيْرُ النَّاسِ؟ قَالَ: «مَنْ طَالَ عُمُرُهُ، وَحَسُنَ عَمَلُهُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Бусрдан ривоят қилинади:

«Бир аъробий: «Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг яхшиси ким?» деди.

«Умри узун, амали гўзал бўлган одам», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Қисқа ва жуда ҳам маъноли савол:

«Одамларнинг яхшиси ким?»

Дунёдаги барча одамларнинг яхшиси ким? Уларнинг ичида яхшилари кўп бўлиши мумкин. Аммо яхшиларнинг яхшиси ким. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам ушбу қисқа ва балоғатли саволга жуда ҳам қисқа ва жуда ҳам балоғатли жавоб бердилар.

«Умри узун ва амали гўзал бўлган одам».

Демак, узоқ умр кўриш одамларнинг яхшиси бўлиш учун омил бўлар экан. Ўша узоқ умр эгаси одамларнинг яхшиси бўлиши учун қўйиладиган шарт – амали гўзал бўлиши экан. Амалнинг гўзал бўлиши эса Аллоҳ таолонинг динида бўлиш ва унга амал қилиш билан юзага чиқади.

Аллоҳ таоло барчамизга умри узун ва амали гўзал бандаларидан бўлишни насиб этсин!

عَنْ فَضَالَةَ بْنِ عُبَيْدٍ: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ شَابَ شَيْبَةً فِي سَبِيلِ اللهِ، كَانَتْ نُورًا لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Фазола ибн Убайддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Кимнинг бир толаси Аллоҳ йўлида оқарса, бу унинг учун қиёмат куни нур бўлади».

Аҳмад, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Ҳар бир инсон учун бир тола сочининг Аллоҳ йўлида оқариши буюк бахт, улкан саодатдир. Чунки ўша соч Аллоҳ йўлида, Исломда оқаргандир. Бундай инсоннинг соч-соқоли Аллоҳ таолонинг йўлида юриб, ибодатда бўлиб, борлиқдаги барча мавжудотга – инсонлар оламига, ҳайвонлар оламига, набототу жамодот оламига яхшилик қилиб оқаргандир. Шунинг учун ҳам Исломда оқарган ҳар бир тола қиёмат куни эгасига нур бўлиб келади.

قَالَ سَعِيدٌ: إِبْرَاهِيمُ أَوَّلُ مَنِ اخْتَتَنَ، وَأَوَّلُ مَنْ أَضَافَ، وَأَوَّلُ مَنْ قَصَّ الشَّارِبَ، وَأَوَّلُ مَنْ قَصَّ الظُّفُرَ، وَأَوَّلُ مَنْ شَابَ، فَقَالَ: يَا رَبِّ، مَا هَذَا؟ قَالَ: وَقَارٌ، قَالَ: يَا رَبِّ، زِدْنِي وَقَارًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

«Саъид айтди: «Иброҳим биринча хатна қилинган, биринчи зиёфат берган, биринчи тирноқ олган ва биринчи толаси оқарган зотдир. Ўшанда у: «Эй Роббим, бу недир?» деди. «Виқордир», деди. «Эй Роббим, виқоримни зиёда қил!» деди».

Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Виқор ўзини билган ҳар бир банда учун буюк мақомдир. Бу мақомга эришишнинг йўлларидан бири эзгулик йўлида яшаб қариш ва соч-соқолнинг Исломда оқаришига эришишдир. Бу йўлда оқарган ҳар бир тола эгасининг виқорини зиёда қилади.

Аллоҳим, барчамизга виқоримиз зиёда бўлишини насиб қилгин!

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «لَا تَنْتِفُوا الشَّيْبَ، فَإِنَّهُ نُورُ الْمُسْلِمِ، مَنْ شَابَ شَيْبَةً فِي الْإِسْلَامِ كَتَبَ اللهُ لَهُ بِهَا حَسَنَةً، وَكَفَّرَ عَنْهُ بِهَا خَطِيئَةً، وَرَفَعَهُ بِهَا دَرَجَةً». رَوَاهُ أَحْمَدُ. 

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Оқарган толани юлманглар, чунки у мусулмоннинг нуридир. Кимнинг бир толани Исломда оқарса, Аллоҳ унга ўша тола учун бир яхшилик ёзади, бир ёмонликни ўчиради ва ўша ила унинг даражасини кўтаради».

Аҳмад ривоят қилган.

Юқорида зикр қилинган бир толанинг Исломда оқариши учун бериладиган мақомларга зиёда равишда бу ҳадиси шарифда яна учта буюк мақом зикр қилинмоқда. Аллоҳ унга ўша тола учун:

1. Бир яхшилик ёзади.

2. Бир ёмонликни ўчиради.

3. Бир даражасини кўтаради.

Ушбу уч нарсанинг ҳар бири ўзини билган мўмин банда учун катта мақомдир. Зотан, мўмин банданинг кўзлаган энг юқори мақомлари кўпроқ яхшилик жамлаш, ёмонликларнинг ўчирилишига эришиш ва даражасининг олий бўлишига уринишдан иборатдир. Ҳар бир толанинг оқариши айни ўша мақомларга сабаб бўлиши жуда ҳам улуғ ишдир.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. .Нафақа қилган яхшилигингиз отаонага, қариндошларга, давоми...

2321 15:05 / 24.12.2019
Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг .Китабул бирр вассила,сида мусулмон маданияти, яъни махлуқотлар ва аввало инсон зоти билан бўладиган муомала давоми...

838 18:03 / 02 май
Она ҳасратдан кўзёш тўкканида одамдан бошқа дунёдаги барча махлуқот додфарёд ураркан... Тандирдаги нонларнинг пишишини кутаётган Садафхон жўмракли қўл ювгич давоми...

2245 16:34 / 22 январь
Саудиялик бир йигит кекса отаси билан кичик бир уйда яшар эди. Йигит корхонада оддий ходим бўлиб ишлар, уйланиш учун маошидан йиғиб борар, ота ва ўғилнинг ҳаёти давоми...

1314 17:00 / 07.07.2022
Аудиолар

121344 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42852 14:35 / 11.08.2021