1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Илм жаннатга етиш йўлидир

17:36 / 03.10.2019 2163 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир», дедилар».

Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Демак, ҳар бир мусулмон илм талаб қилишни ўзи учун фарз деб билиши керак. Ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи шахс бўлишга уринмоғи лозим. Исломда илм талаб қилиш бешикдан то қабргача фарз қилинган. Бу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик.

Фарз Аллоҳ таолонинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда иқобга учрайди.

Фарз икки қисмга бўлинади: фарзи айн ва фарзи кифоя.

Фарзи айн ҳар бир мусулмон шахсан бажариши лозим бўлган ишдир. Уни биров учун бошқа бир одам адо этгани билан фарз бажарилган бўлмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Беш вақт намозни ўқиши балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон учун фарзи айндир. Ўқимаган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади.

Фарзи кифоя эса баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун кифоя қиладиган ишдир. Бунга мисол жаноза намозидир. Бир мусулмон вафот этса, уни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб кўмиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо фарзи кифоя бўлгани учун, баъзи мусулмонлар жанозасини ўқиса кифоя. Бошқалардан фарз соқит бўлади.

Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккала қисми ҳам иштирок этади.

Ҳар бир мусулмон учун ўзига керак нарсани, ҳаёти учун зарурий илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олишда зарур бўлган барча нарсани ўрганиш фарзи айндир. Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шарт. Қилмаган одам гуноҳкор бўлади.

Мана, Ислом динида илм талаб қилиш фарзлигини тушуниб олдик. Энди бу фарз ҳаётимизда қай ҳолатда эканини мулоҳаза қилайлик. Кўпчилигимиз ўзимиз учун керак бўлган диний мажбуриятларни билмаймиз. Қуръон ўқиш, намоз ўқиш ва бошқа фарз, вожиб, суннат ишларни ўрганмаймиз. Ҳолбуки, бу ишлар ҳар бир мусулмон учун фарзи айн бўлиб, ушбу нуқсонни йўқотиш учун курашмоғимиз лозим.

Жумладан, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш илми ўрганишимиз ва амал қилишимиз зарур бўлган илмдир.

 

Илмнинг фойдалари:

Илмнинг фойдалари сон-саноқсиз эканини ҳамма яхши билади. Бу ўринда биз диний илмларнинг баъзи фойдаларини қисқача эслаб ўтамиз:

1. Илм орқали Аллоҳ танилади, Унга ибодат қилинади ва тавҳиди асосида яшаш йўлга қўйилади.

2. Илм эътиқодлар ва ибодатларнинг асосидир.

3. Илм талаб қилиш ибодатдир.

4. Илм жаннатга етиш йўлидир.

5. Илм ўз эгасига Аллоҳдан қўрқишни касб қилдиради.

6. Илм ўз эгасига халойиққа нисбатан тавозеъда бўлишни ўргатади.

7. Илмдан аввало эгаси, кейин бошқалар ҳам фойда олади.

8. Илмнинг ажри унинг эгасининг ажалидан кейин ҳам боқий қолади.

9. Илм ўз эгасини пайғамбарлардан кейинги энг юқори мартабага эриштиради.

10. Илм пастни баланд, хорни азиз ва синганни бутун қилади.

11. Илм кишини жаҳолат зулматидан маърифат нурига чиқаради.

12. Илм туфайли силаи раҳм қилинади ва ҳақ-ҳуқуқлар адо этилади.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз мусулмон бандаларини садақа беришга буюриб шундай деб марҳамат қилган .Ва бирингизга ўлим келиб .Роббим, агар мени давоми...

2359 11:00 / 02.03.2021
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Кимки Аллоҳнинг ҳузурида унга нима борлигини билишни истаса, ўзида Аллоҳ давоми...

3408 14:00 / 12.09.2022
1. Зикр шайтонни қувади ва савалайди.2. Зикр Аллоҳ таолони рози қилади.3. Зикр ғамандуҳларни кетказади.4. Зикр шодлик ва сурурни жалб қилади.5. Зикр қалб ва баданни давоми...

2053 19:21 / 14.03.2020
Ҳикоя қилишларича, Бани Исроил қавмига бир муддат ёмғир ёғмай қўйди. Аллоҳнинг Набийси Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан ёмғир ёғдиришини сўраб дуо қилдилар. давоми...

1757 15:02 / 29.12.2022