1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сафар ойида сафар қилиб бўладими?

11:05 / 03.10.2020 3393 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сафар ойи ҳижрий – қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир.

Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш. Сафар ойида тўй қилиб бўлмасмиш ва ҳоказолар. Ушбу гаплар диний маънода бўлиши ҳам турган гап. Чунки, ўша гапларнинг тагида Сафар ойида сафар қилса сафарида офатга дучор бўлар, тўй қилса оиласи бахтсиз бўлар, деган эътиқод бўлади.

Бу гапларни кичикликдан эшитиб келаман. Дастлаб, Сафар ойида сафар қилиб бўлмас, деган гапни эшитганимда номи сафар бўлгани учундир, деб хаёл қилган эдим. Кейин билсам, ой номи сафар эмас, «софар» экан. Бу ойнинг номини сафарга ҳеч алоқаси йўқ экан. Фақат бизда алифбомиз ўзганикига алмаштирилганда уларнинг алифбоси камбағаллик қилиб шу хато юз берган экан.

Отамиз раҳматли бу ой тўғрисидаги одамлар ичида тарқалиб қолган гапу сўзлар нотўғри эканлигини айтиб берар эдилар. Албатта, бошқа аҳли илмлар ҳам ҳақиқатни халққа етказар эдилар. Аммо омма ичида барибир Сафар ойидан шумланиш маъносидаги гаплар давом этаверарди.

Сафар ойи ҳақидаги нохуш тушунча ва эътиқодлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Яқинда ёзув ишлари билан машғул бўлиб ўтирсам, болалар ҳузуримга келиб, қўшниларимиздан бири йўқлаётганининг хабарини беришди.

Салом-алик, дуо-фотиҳадан кейин муҳтарам қўшни мақсадга кўчдилар. Ўғилларига яхши жойдан келин топилгани, бугун қуда тарафга боришлари ва маслаҳат қилишлари ҳақида сўзладилар.

– Шу муносабат билан бир катта савол пайдо бўлиб қолди, дедилар қўшни.

– Қани, эшитайликчи, қандай савол экан? – дедим, савол нималигини дарҳол тушунган бўлсам ҳам.

– Тўйнинг Сафар ойига тўғри келиб қолишининг эҳтимоли ҳам бор экан. Шу гап чиқиши билан десангиз, аёллар бир дунё гапни гапириб ташлашди. Тўхта, буларнинг ҳаммасини жанобларидан бир сўраб олай, ҳали қуданикига борганда ҳам бу машмашалар бўлиши мумкин, дедим ўзимга ва вақтингизни олсам ҳам олдингизга келдим, – дедилар қўшни кулиб.

Қўшнининг саволига қўлдан келганича жавоб бердим. Бу гаплар эскидан борлигини, яна давом этаётганини ва уларга фақат илм орқалигина барҳам берилиши мумкинлигини айтдим. Ўша куни пешиндан кейин дину диёнатини маҳкам тутган зиёлиларимиздан бири келди. У киши билан режалаштириб қўйган илмий суҳбат ва савол-жавобимиз анча давом этди. Суҳбатга оид варақларни йиғиштириб бўлган мухлис зиёли ёнидан янги бир варақ олиб хонтахтага ёйди-да: «Энди оилавий масалаларга ўтамиз. Сизга айтадиган бўлсам, ўғилни уйлантирадиган бўлиб қолдик. Одоб-ахлоқли, ибодатдаги келин топилиб қолди. Тўй ҳақида бир неча саволларимизни ёзиб келдим,– деди кулиб.

«Муборак бўлсин! Аллоҳ хайрли қилсин! Ёшларимиз бахтли бўлсинлар! Қани, саволларни эшитайлик-чи?!», дедим.

Табиийки, саволлар ичида: «Сафар ойида тўй қилса бўладими», деган масала ҳам бор эди. Қўшнига айтилган гапларни яна такрорладим. Сўнгра Сафар ойи ҳақидаги маълумотларимни хаёлдан ўтказа бошладим. Бу жараён давомида агар Сафар ойи ҳақида бирор нарса ёзадиган бўлсак, қўшни ва мухлис зиёлига айтилган гаплар ҳеч нарса бўлмаслиги қайта-қайта фикрдан ўтди. Бу масала бўйича бирор тўлиқроқ нарса ўқимаганим ёки эшитмаганим аниқ бўлди. Сафар ойи ҳақида қаерда ва қандай маълумотлар борлиги ҳақида ўйлай бошладим.

Китобларни қараб чиқдим. Ҳеч бирида бизни қизиқтираётган масала бўйича қониқарлироқ маълумот топа олмадим. Бир неча кунлар ўтганидан кейин, ўзимиз уринар эканмиз-да, деган фикрга келдим. Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда мазкур фикрни амалга оширишга қўл урдим. Ҳақ таолонинг Ўзи осон ва фойдали қилсин!

Қуръони каримда Сафар ойига оид маълумот борми? Бу саволга жавоб топиш борасида олиб борилган ҳаракатнинг натижаси йилнинг бошқа ойлари қатори Сафар ойи ҳам Қуръони каримда ўз номи ила тилга олинмаган деган хулоса бўлди. Аммо Қуръони Карим оятларини тафсир қилиш ва улардаги ишораларни англаб етиш учун келтириладиган маълумотларда Сафар ойи борлиги аён бўлди.

Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида:

«Албатта, «насийу» куфрда зиёда бўлишдан ўзга нарса эмас. Бу билан куфр келтирганлар залолатга кетказилурлар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилурлар, бир йил ҳаром қилурлар. Бас, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилурлар. Уларга амалларининг ёмонлиги зийнатланди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас», деган (37-оят).

Ояти каримадаги «насийу» сўзи луғатда ортга суриш маъносини ифода қилади. Жоҳилият аҳлида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати урф бўлган эди. Яъни, араб мушриклари ҳам тўрт ой–Муҳаррам, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Ражаб ойлари ҳаром ойлар эканлигини айтар эдилар. Ўша ойларда уруш тамоман тўхтар эди. Агар бирор киши шу ойларда отасини ўлдирган одамни учратиб қолса ҳам, унга тегмасди. Аммо бордию, урушни хоҳлаб қолсалар, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилаверар эдилар.

Мисол учун, Муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, бу йил унинг ҳаромлигини Сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз, деб Муҳаррамда уруш қилар эдилар. Сафарда эса, уруш қилишмасди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш қилишар эди.

Бу маънода Сафар ойи жоҳилият аҳли томонидан Муҳаррам ойи ўрнига вақтинча қўйилиб турадиган ой бўлганлиги билан ажралганини билиб олдик.

Жоҳилият аҳли Сафар ойини Муҳаррамга яна бошқа бир мақсадда ҳам алмаштирар эдилар. Уларнинг бу ишини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қурайш ва унинг динини тутганлар ҳаж ойларидаги умрани ер юзидаги энг катта фужурлардан бири деб билар эдилар. Улар Муҳаррамни Сафар қилар эдилар ва «Қачонки, туянинг яраси битса, излар йўқолса, Сафар ойи тугаса, умра қилувчига умра ҳалол бўлур», дер эдилар.

Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари тўртинчи куни эрталаб ҳажга эҳром боғлаб келдилар. Бас, у зот уларга уни умра қилишни амр қилдилар. Бас, у уларга катта бўлиб кўринди ва улар:

«Эй Аллоҳнинг расули! Ҳалолликнинг қайсиси?» дедилар.

«Ҳалолликнинг барчаси», дедилар».

Учовлари ривоят қилган.

Жоҳилият аҳлининг бунга ўхшаш ўзларича жорий қилиб олган номаъқул ишлари жуда ҳам кўп эди. Ўша ишлардан бири уларнинг ҳаж ойларидаги умрани ер юзидаги энг катта фужурлардан бири деб билишлари эди.

Ислом жоҳилиятнинг барча жоҳилликларини тўғрилади. Жумладан, умрани ҳар доим қилиш мумкинлигини жорий қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажларида саҳобаи киромлардан қурбонлик ҳайдаб келмаганларига ҳаж ниятларини умрага айлантиришни маслаҳат бердилар.

Жоҳилият ўз номи ўзи билан жоҳилликдан иборатдир. Исломдан олдинги жоҳилиятда ҳам жоҳилликнинг турли-туман кўринишлари мавжуд эди. Жумладан, турли ой ва кунларга оид масалаларда ҳам жоҳилиятнинг жоҳилликлари тўлиб-тошган эди. Ислом бошқа кўпгина нарсалар қатори ана шу нарсаларни ҳам муолажа қилди. Уларни қандоқ қилиб тўғри йўлга солишни тушунтирди.

Исломдан олдинги жоҳилият даврида Сафар ойидан шумланиш одати ҳам бор эди. Улар Сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, никоҳ ақди қилиб бўлмайди, аёли билан бирга оилавий ҳаётни бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди каби бир қанча хурофотлар асосида бу ойдан шумланишар эди. Уларнинг фикрича, бу ой хосиятсиз бўлиб, унда турли ёмон мавжудотлар ер юзида тарқалар ва мазкур ишларни қилган одамларга зарар етказар эдилар.

Барча нотўғри эътиқодлар қатори динимиз бу каби хурофотдан иборат фикрларни ҳам тўғрилади. Пайғамбаримиз алай-ҳиссолату вассалом бу борада бир қанча ҳадислар айтдилар. Келгуси сатрларда ана ўша ҳадиси шарифлардан баъзиларини ўрганамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалам: «Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда жоҳилиятнинг тўртта жоҳиллиги инкор қилинмоқда.

1. «Касаллик юқиши йўқ»

Жоҳилият аҳлида: хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчисига ўша қувват ила ўтади, деган эътиқод бор эди.

Ўозир ҳам худди шунга ўхшаш эътиқод бор. Ундоқ бўлса «хасталик юқиши йўқ-ми?» деган савол берилиши турган гап. Бунга жавоб шуки, хасталик Аллоҳ ирода қилсагина юқади. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларида ва бунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифлардаги «касаллик юқиши йўқ» деган гапларида мужассам бўлгандир.

Дунёдаги ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Жумладан, хасталик юқиши ҳам. Одамлардан жоҳилият эътиқодларини кетказиш учун шунга ўхшаш ҳассос нарсаларга алоҳида эътибор берилган.

2. «бойқуш йўқ»

Жоҳилият даврида турли нарсалардан шумланиш мавжуд эди. Бу нарса уларнинг эътиқодига айланиб қолган эди. Жумладан, қаерга бойқуш қўнса, ўша ерда ёмонлик ва харобчилик бўлади, деган эътиқод бор эди.

Ислом бу нарсани ҳам инкор этди. Бировга кўнгилсизлик ёки ёмонлик етадиган бўлса бойқуш ёки бошқа қуш қўнгани сабабли эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади. Аллоҳ ирода қилса, ҳар қандай ҳолатда ҳам бандага хасталик ориз қилганидек, бойқуш қўнса ҳам, қўнмаса ҳам ёмонлик ва харобачиликни воқеъ қилиши мумкин.

3. «навъу йўқ»

«Навъу» жоҳилият аҳли ёмғир ёғдиради деб эътиқод қиладиган юлдуз. Улар ўзларича ёмғирни ўша юлдуз ёғдиради, деб айтишар эди. Албатта, бу ҳам нотўғри. Ёмғирни фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи ёғдиради.

4. «сафар йўқ»

Жоҳилият аҳлининг Сафар ойи тўғрисида ҳам бидъат-хурофотдан иборат ақийдалари бор эди. У ойда сафар қилиб бўлмайди, у бўлмайди, бу бўлмайди, дейишар эди. Уларнинг бу ҳақдаги эътиқодларини юқорида айтиб ҳам ўтдик.

Ислом бундоқ бўлмағур эътиқодларни ҳам рад этди. Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари, кунларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг кунлари эканини эълон этди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касаллик юқиши йўқ, ғул йўқ ва сафар йўқ», дедилар».

Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда аввалги баёни келган нарсаларга «ғул» ҳам қўшилмоқда.

«Ҳул» жоҳилият аҳли тасаввуридаги бир жин бўлиб, улар уни турли шаклларга кира олади, одамларни адаштириб кетиб турли балоларга учратади, деган эътиқодни қилишар эди. Ислом бу нотўғи эътиқодни ҳам рад этди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касаллик юқиши йўқ, қушла фол очиш йўқ, бойқуш йўқ ва сафар йўқ. Ва моховдан, худди арслондан қочганингдек қочгин», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Сафар ойига оид шумланиш билан бирга қуш ила фол очиш ҳамда касал юқиши масаласи баён қилинмоқда. Биз «қушла фол очиш» шаклида таржима қилган ибора арабчада «тияра» дейилади. Бу ибора «тоир» – қуш сўзидан олингандир. Қушнинг фол очишга нима дахли бор ёки ҳозирдаги баъзи фолчиларга ўхшаб қушга хатни торттириб фол очиш авваллари ҳам бўлганми, деган савол пайдо бўлиши мумкин.

Ҳа, қуш билан фол очиш авваллари, жоҳилият даврида ҳам бўлган-у, бошқача услубда бўлган. Жоҳилият аҳлидан бирортаси бир ишни қилиш-қилмасликда иккиланиб қолса, қушни қўлда тутиб туриб учирган. Агар қуш ўнг томонга учса, ўша ишни қилган. Агар қуш чап томонга учса, у ишни қилмаган. Агар қуш тўғрига учса, яна бошқа қуш учирган. Улар бу ишни кўп қилганидан умуман фол очишга ҳам «тияра» ибораси ишлатиладиган бўлиб кетган. Ислом дини бу бемазагарчиликни ҳам рад этди.

Бу фаслдаги ушбу ҳадиси шарифгача бўлган ривоятларнинг баъзисида касаллик юқиши йўқлиги, баъзисида касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш кераклиги айтилган бўлса, бу ҳадиси шарифда мазкур икки масала ҳам зикр қилинмоқда. Шу билан касаллик ўзича юқмаслиги эътиқод масаласи эканлиги, касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш эса динимиз амал қилишни биздан талаб қилган нарса эканлиги таъкидланмоқда.

Мохов хасталиги ҳам юқумли экани ҳозирда ҳаммага равшан ҳақиқатдир, Исломда эса бу хасталикка учраган одамдан арслондан қочгандек қочиш кераклиги ўн беш аср илгари таъкидланган.

Ўрни келганда касалнинг юқишини илмий равишда биринчи бор исбот қилганлар ҳам мусулмон табиблар эканлигини айтиб ўтмоқ бурчимиздир. Бу ҳақиқатни биз эмас, ғарбликлар эътироф қилганларини таъкидлаш эса вазифамиздир.

Islom.uz портали 

 

Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Али Кассиус Марселлус Клэй 1942 йил, АҚШ ndash боксчи, йигирма йил давомида 1960 ndash 1981 профессионал бокс билан шуғулланган, 61 жанг ўтказиб, 56 тасида ғалабага давоми...

1939 10:30 / 03.04.2021
Абу Саъид ибн Иброҳим Хавлоний айтади .Бир киши Абу Робиъ Соиҳдан Аллоҳ таолонинг исми аъзамини улуғ исмини ўргатишини сўради. У .Қоғозқаламинг борми, деди. У .Ҳа,, давоми...

1954 08:00 / 07.05.2020
Муҳаммад Тақий Усмонийнинг бир куни қандай кечадиБу ҳақда ҳазратнинг рафиқалари шундай дейди .Бомдод намозидан кейин умр йўлдошим билан пиёда сайрга чиқамиз. давоми...

4910 16:00 / 16.04.2019
Дунёда биронта темир михсиз барпо этилган масжидлар жуда ҳам кам топилади. Шулардан бири Қозоғистоннинг Олма ота вилояти, Жаркент шаҳрида жойлашган жомеъ давоми...

4637 08:45 / 24.01.2019
Аудиолар

121574 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43049 14:35 / 11.08.2021