1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Муҳаррам — тавба ойидир

16:00 / 11.08.2021 2855 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Али розияллоҳу анҳу дедилар:

«Бир одам келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Рамазондан кейин қайси ой рўзасини тутишимни амр қиласиз?» деб сўради.

«Агар Рамазондан кейин рўза тутувчи бўлсанг, Муҳаррамни тут. Чунки у Аллоҳнинг ойидир. Унда Аллоҳ бир қавмнинг тавбасини қабул қилгандир ва бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қиладир», дедилар».

Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган.

Демак, ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларимиз:

1. Қайси вақтда нафл ибодат қилиш афзал эканлигини билиб олишга қизиқиш, унинг пайидан тушиш фазийлат эканлиги.

2. Рамазон рўзасидан кейинги энг афзал рўза Муҳаррам ойи рўзаси эканлиги.

3. Муҳаррам ойи Аллоҳнинг ойи номига сазовор бўлган ой эканлиги. Зотан, барча ойлар ҳам Аллоҳникидир. Лекин Муҳаррам ойининггина шу ном билан номланиши бу ойнинг шарафига шараф қўшади.

4. Аллоҳ таоло Муҳаррам ойида ўтган қавмлардан бирининг тавбасини қабул қилганлиги.

5. Муҳаррам ойида Аллоҳ таоло бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қилиши. Шунинг учун қавмлар бу муборак ойда тавбага шошилсалар, яхши бўлади.

Азиз ўқувчи, Муҳаррам ойи ҳақида қандай маълумотларга эгамиз ва бу ойда қандай ибодатларни бажарсак савобга эришамиз. Хуллас, шунга ўхшаш саволларга жавоб олиш учун қуйидагиларга эътиборимизни қаратсак.

«Муҳаррам» сўзи луғатда «ҳурматланган», «ҳаром қилинган», «улуғланган» деган маъноларни англатади.

Дарҳақиқат, Муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Бу ой ҳижрий сана бошланадиган ойдир.

Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло урушни ҳаром қилган тўрт ойдан биридир. Бундан ортиқ ҳурмат бўлиши мумкинми? Бу ой «Аллоҳнинг ойи» деб номланади. Бундан ортиқ улуғлаш бўлиши мумкинми?

Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейинги ўринда туради. Бу ойда энг улуғ кунлардан бири – Ашуро куни бор. Бу ойнинг ҳурмати, ҳаромлиги ва улуғлигини ҳадисларни ўрганиш давомида яна ҳам чуқурроқ билиб оламиз.

1301- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللهِ الْمُحَرَّمُ، وَأَفْضَلُ الصَّلَاةِ بَعْدَ الْفَرِيضَةِ صَلَاةُ اللَّيْلِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойи (рўзаси)дир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Рамазон рўзасидан кейинги энг афзал рўза Муҳаррам ойи рўзаси эканлиги.

2. Муҳаррам ойи Шаҳруллоҳ – Аллоҳнинг ойи деб номланиши.

3. Фарз намозидан кейинги энг афзал намоз тунги намоз эканлиги.

4. Муҳаррам ойида кўпроқ рўза тутишга ҳаракат қилмоғимиз лозимлиги.

5. Кечаси таҳажжуд намозлари ўқишга одатланишимиз кераклиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Жаъфар Тустарий айтади .Муҳаддис Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ ўлим тўшагида ётган эди. Унинг ҳузурига кирсак, олдида Абу Ҳотим, Муҳаммад ибн Муслим, Мунзир ибн давоми...

1900 08:00 / 25.07.2020
Агар банда мазаммат қилинаётган бу дунёнинг ўзи нималигини, унинг қайси нарсасидан четда бўлиши керагу, қайси нарсасидан четламаса ҳам бўлаверишини билмагунича давоми...

4410 12:44 / 09.08.2018
Улуғ устоз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари орамизда бўлганларида бугун 68 ёшни қаршилаган бўлар эдилар. Аллоҳ у кишини раҳматига давоми...

3424 15:50 / 04.04.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Саҳар таомидан кундузги рўзага, қайлула уйқусидан тундаги қиёмга қувват давоми...

2088 19:15 / 05.05.2020