1445 йил 12 зулқаъда | 2024 йил 20 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дунёда сендан сахийлар ҳам бор

07:10 / 30.07.2019 2850 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маън ибн Зоида айтади: «Халифалик аббосийларнинг қўлига ўтгач, Халифа Мансур мени қидирувга бериб, мени унинг олдига олиб борган одамга мукофот ҳам ваъда қилди. Унинг талаби қаттиқлигидан олдига боришга мажбур бўлдим. Қуёшдан юзларим қорайиб кетган, озиб-тўзиб кетган эдим. Жундан тўқилган чопонимни кийиб, туямни миндим-да, чеккароқ қишлоқда яшаш учун шаҳардан чиқиб кетишга отландим.

Бағдод дарвозаларидан бирининг ёнидан ўтиб борар эканман, қилич осиб олган бир қора танли одам ортимдан тушди. Шаҳардан бир оз узоқлашиб, ҳеч ким йўқ жойга етгач, у етиб келиб, туямнинг жиловидан ушлади, туяни чўктириб, қўлимдан ушлади.

– Сенга нима керак? – дедим.

– Амирул мўминин қидираётган одам сенсан.

– Мен ким бўлибманки, мени қидирса?

– Сен Маън ибн Зоидасан.

– Аллоҳдан қўрқсанг-чи, мен ким-у, Маън ким?

– Бу гапларингни қўй, мен сени танидим, сен аниқ ўшасан.

Қарасам, у шаштидан қайтадиганга ўхшамаяпти. Шунда унга: «Мана бу гавҳарни доим ёнимда олиб юраман. У Мансур мени олиб борган кишига ваъда қилган пулдан бир неча баравар кўп. Шуни олгин-да, менинг қоним тўкилишига сабабчи бўлиб қолма», дедим. У: «Бер», деди. Гавҳарни унга узатдим. У гавҳарга бир муддат қараб турди-да, «Бунинг қийматини тўғри айтдинг. Мен буни олмайман. Лекин сендан бир нарсани сўрайман. Агар тўғрисини айтсанг, сени қўйиб юбораман», деди. «Сўра», дедим. У шундай деди:

– Одамлар сени жуда сахий дейишади. Айт-чи, молингнинг ҳаммасини ҳадя қилганмисан?

– Йўқ.

– Ярминими?

– Йўқ.

– Учдан бириними?

– Йўқ.

Шундай деб, камайтириб-камайтириб, «Ўндан бириними?» деди. Мен уялганимдан: «Шунақа бўлса керак», дедим. У: «Ўндан бири катта нарса эмас-ку? Менинг халифадан оладиган ойлик маошим йигирма дирҳам. Бу гавҳарнинг нархи эса бир неча минг динор. Буни сенга ҳадя қилдим. Одамлар орасида шуҳрат топган сахийлигинг учун, бу дунёда сендан ҳам сахийроқ одам борлигини билишинг учун, ўзингга юксак баҳо бермаслигинг учун, ўзинг қилган сахийликни паст санашинг учун, сахийлик қилишдан тўхтаб қолмаслигинг учун буни ўзингга ҳадя қилдим», деди. Сўнг гавҳарни қўйнимга ташлаб, туянинг жиловини қўйиб юборди-да, ортига қайтиб кетди.

Мен эса: «Сен мени ёмон уялтирдинг. Бундан кўра қоним тўкилгани яхши эди. Берган нарсамни ол, у менга керак эмас», дедим. У кулиб, «Айтган гапимни ёлғонга чиқармоқчимисан? Мен уни олмайман, яхшилик учун ҳеч қачон пул олмайман», деди ва йўлида давом этди.

Халифанинг ҳузуридан соғ-омон чиққач, уни роса изладим. Уни топган одамга истаганини беришимни айтдим. Аммо топа олмадим. Худди уни ер ютиб кетгандай эди.

«Солиҳлар гулшани» китобидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Муҳаббат, сўзи аслида мойиллик, севиш, суйиш, яхши кўриш, кўнгил қўйиш, ишқ, хоҳлаш, талпиниш, интилиш маъноларини англатади. Муҳаббат қалбдаги туйғу бўлиб, инсон давоми...

1321 11:00 / 24.10.2020
Бир мўмин кечқурун хуфтонга чиқишга тайёргарлик кўрибди, ташқарида шаррос ёмғир ёғаётган экан, шунга қарамай уйидан чиқибди. Бир оз йўл юриб, оёғи тойилиб йиқилиб давоми...

5387 07:30 / 15.04.2019
Жаъфар ибн Сулаймондан ривоят қилинади .Ҳабиб Форсий шундай дейди .Бир куни хотиним нон ёпиш учун хамир қорди. Хамир тайёр бўлгач, тандирга олов ёққани кетди. Шу давоми...

2138 08:00 / 23.12.2019
Муҳаммад ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади .Абу Заррнинг шундай деганини эшитдим .Муҳаммад ибн Ҳотим Халқонийни тушимда кўрибман. У Муҳаммад ибн Ҳафснинг давоми...

1113 08:00 / 29.07.2020
Аудиолар

121670 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43118 14:35 / 11.08.2021