1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эрнинг аёли олдидаги бурчлари (Иккинчи мақола)

12:00 / 24.06.2019 7952 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар қуйидагилар:

Таом.

Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) нарсалар ҳамда таом пишириш учун кетадиган барча маҳсулотлар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.

Кийим.

Етарли даражада, бир сидирға кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабларида: «Ҳар олти ойда бир сидирға янги кийим олиб берилади», дейилган.

Маскан.

Эр ўз хотинини маскан – турар жой билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молиявий имконияти даражасида бўлади. Шу билан бирга, маскан тўлиқ жиҳозланган, унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.

Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор олиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.

Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг керакли матоҳлари.

Агар эр моли бўла туриб, аёлига нафақа қилмаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Аёл талаб қилса, эрнинг бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса, қамалмайди.

Ўзбошимчалик билан уйидан чиқиб кетган, қарз учун ҳибсга олинган, куёвнинг уйига касаллиги туфайли келтирилмаган, мажбурланган (олиб қочилган) ва эрисиз ҳаж қилган аёлга нафақа йўқ.

Аёл агар эри билан бирга ҳаж қилса, шунда ҳам сафар ва киранинг нафақасига эмас, муқимлик ҳолатида оладиган нафақасига ҳақлидир.

Бой эрга хотин учун бир ходимнинг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Саҳиҳ қавлга биноан, камбағал эрга бу нарса вожиб бўлмайди.

Эрнинг нафақадан ожизлиги учун оралари ажратилмайди. Аёлга эрнинг ҳисобидан қарз олиш амр қилинади.

Эр нафақа беришга ожиз бўлса ҳам хотинидан ажратилмаслигининг ҳужжати қуйидагича.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «Агар ночор бўлса, бойигунча кутишдир» («Бақара» сураси 280‑оят).

Демак, ночор одамнинг бойишини кутиш керак. Ночорлиги учун бошқа чора кўриш дуруст эмас.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ Восиъ ва Алиймдир» (Нур сураси 32-оят).

Оятда фақирлик никоҳга тўсиқ бўла олмаслиги таъкидланмоқда.

Кимга камбағаллигига қараб нафақа юкланган бўлса-ю, кейин бойиса, агар хотин талаб қилса, бойлигига мос нафақа ила тўлатилади.

Аксинча, бойлигида нафақа белгиланса-ю, кейин камбағал бўлиб қолса, камбағаллик даражасига қараб нафақа қисқартирилади.

Ўтган муддатнинг нафақаси соқит бўлади.

Эр маълум муддат нафақа бермай юрган бўлса, кейин уни тўлаши лозим бўлмайди.

Илло, қози тайинлаган ёки икковлари бир нарсага келишган бўлсалар, ўтган муддатникини ҳам бериш вожиб бўлади. Бунда икковлари ҳам тирик бўлиши шарт. Агар бири вафот этган ёки аёлни нафақани олишидан аввал талоқ қилган бўлса, тайинланган нарса соқит бўлади. Бироқ, аёл қозининг амри ила қарз олган бўлса, соқит бўлмайди.

Муддатидан олдин берилган нафақа, икковларидан бири муддатдан олдин вафот этса, қайтариб олинмайди.

Мисол учун, бир киши хотинининг бир йиллик нафақасини олдиндан бериб қўйди. Аммо бир йил ўтмасдан, икковларидан бири вафот этди. Шунда нафақа қайтариб олинмайди.

Хотиннинг маскани эрнинг аҳлидан бирор киши бўлмаган уйда бўлиши шарти ила эрга вожиб бўлади. Ҳаттоки, эрнинг бошқа хотинидан бўлган боласи ҳам бўлмаслиги керак. Илло, аёл рози бўлса, майли.

Агар эр хотинни ҳеч ким йўқ уйга жойлаган бўлса-ю, хотин эр ураётгани ва озор бераётгани ҳақида қозига шикоят қилса ва ўзининг солиҳ қавмлар орасида жойлаштирилишида ёрдам сўраса, қози хотиннинг гапи тўғрилигига амин бўлса, эрни зажр қилади ва хотинга тажовуз қилишдан қайтаради. Аммо, эрнинг хотинга озор бермаётганига гувоҳлар бўлса, тек қўяди. Агар атрофда ишончли кишилар бўлмаса ёки улар эрга тарафдор бўлсалар, қози хотинни солиҳ қавмлар орасига кўчиришни эрга мажбурий амр қилади.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бир аёлга уйланиб, унга маҳр тайин этмаган, у билан қовушмай туриб вафот этган киши ҳақида сўралди.Шунда у киши.У аёлга ўз аёллари давоми...

2971 13:10 / 15.01.2019
Талоқнинг энг яхшиси жинсий алоқа бўлмаган покликда фақат бир талоқ қўймоқдир. Аслида талоқнинг яхшиси бўлмайди. Бу ердаги .яхши, сўзи талоқнинг турлари давоми...

1304 14:00 / 07.11.2022
Сунний талоққа хилоф талоқ .бидъий талоқ, дейилади. .Бидъий, ndash .бидъатга мувофиқ, дегани бўлиб, .суннатга хилоф, маъносини англатади. Бидъий талоқ қилган одамнинг давоми...

1322 21:41 / 02.12.2022
Валийлик отаона ва қариндошларнинг бурчи ва ёш болаларнинг ҳаққидир.Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. давоми...

1796 11:05 / 07.02.2020