1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом дини инсон фарзандини улуғлайди

10:00 / 23.06.2019 1976 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом динининг одам боласини улуғлагани, уни азиз ва мукаррам қилиб яратгани инсон ҳаётининг барча ҳолатларида намоён бўлади.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади:

«У сизни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра «алақа»дан яратган Зотдир. Сўнгра сизни гўдак ҳолингизда чиқарур. Сўнгра камолга етишингиз учун, сўнгра қари бўлишингиз учун (улғайтирур). Ичингизда ундан олдин вафот этадиганлар ҳам бўлур. (Булар) белгиланган ажалга етишингиз учундир. Шоядки, ақл юритсангиз» (67-оят).

Бу оятда инсонга унинг асли – ожизлиги эслатилмоқда.

«У сизни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра «алақа»дан яратган Зотдир».

Аллоҳ таоло ерни яратганида ундаги тоғу тошлар, боғ-роғлар, дарёю денгизларни халқ қилганида ер юзида инсон деган зот бўлмаган. Ҳеч ким ҳозиргача «Инсон азалдан бор эди» деган гапни айтган эмас. Демак, йўқ нарса бор бўлиши учун кимдир уни яратиши керак. Бир вақтлар йўқ бўлган инсонни ким бор қилди? Бу саволнинг бирдан-бир жавоби: «Инсонни ҳам дунёдаги барча нарсаларни яратган Аллоҳ халқ этгандир», дейишдир. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонни даставвал тупроқдан яратганини айтмоқда. Тупроқ ҳаётнинг асли ҳисобланади. Дарҳақиқат, инсон жисмидаги мавжуд моддалар тупроқдаги моддалардан экани илмий тадқиқотларда ҳам зоҳир бўлди. Инсон танасини жон тарк этгач, жасадининг тупроққа қўшилиб кетиши ҳам бежиз эмас.

Инсонни тупроқдан яратиб, йўқдан бор қилган Аллоҳ уни бир-бири билан қўшилиш орқали кўпаядиган қилиб қўйди ва янги инсоннинг яралишига нутфани (сперма сувини) сабаб қилди. Ўша уруғлик суви аёлдаги тухумга урчиши орқали ҳомила пайдо бўлади.

Бу ишларнинг бажарувчиси Аллоҳ таолодир. Эркагу аёлни Аллоҳ яратган. Эркакда нутфани ҳам Аллоҳ пайдо қилган, аёлдаги тухумни ҳам. Эркакдаги нутфани аёлнинг тухумига урчитган ҳам Аллоҳ. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким урчита олмайди. Аллоҳ урчишини хоҳламаган барча нутфа ва тухумлар нобуд бўлишга маҳкумдир.

«Сўнгра сизни гўдак ҳолингизда чиқарур».

Аллоҳ онанинг қорнида яратган, қудрати ила озиқлантириб, азиз ва мукаррам қилиб, инсон шаклига солган жонни ёруғ дунёга чиқаришни У Зотнинг Ўзидан бошқа ким эплай олади? Агар Аллоҳ таолонинг Ўзи йўл бермаса, бу ишнинг рўёбга чиқишига ақл бовар қилмайди.

Инсон нутфалик пайтидан бошлаб, то онасидан туғилгунига қадар ҳар бир лаҳзада Аллоҳ таолонинг инояти у билан бирга бўлади. Агар ушбу илоҳий иноят бирор лаҳзага ажраса, у инсон бўлиб туғила олмайди, балки ўша лаҳзанинг ўзидаёқ ўлик бўлиб, бачадондан тушиб кетади. Ана ўшанинг ўзи Аллоҳ таоло одамни ҳомилалик босқичида азиз ва мукаррам қилганининг бир кўринишидир.

«Сўнгра камолга етишингиз учун, сўнгра қари бўлишингиз учун (улғайтирур)».

Онадан эсон-омон туғилиб олиши билан одам боласининг иши битмайди. Туғилгандан кейинги ишларни ҳам ёлғиз ўзи эплай олмайди. Бу ишни амалга ошириш ота-онасининг ёки бошқаларнинг ҳам қўлидан келмайди. Инсон туғилганидан кейин ҳам умрининг ҳар бир лаҳзасида Аллоҳ таолонинг иноятига муҳтождир. Аллоҳ таолонинг иноятидан ажраган лаҳзада инсон адо бўлади. Бу ҳақиқат оятнинг давомида баён қилинмоқда:

«Ичингизда ундан олдин вафот этадиганлар ҳам бўлур».

Яъни «Эй одамлар, сизнинг айримларингиз камолга ёки қариликка етишдан олдин вафот этиб кетади». Ҳар лаҳзада тушаётган ҳомилалар, ўлаётган болалар, ёшлар бунинг далилидир.

«(Булар) белгиланган ажалга етишингиз учундир».

Ҳар бир инсон учун белгилаб қўйилган ажал бор. Ана ўша ажалга етгунча яшайди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг ишидир.

«Шоядки, ақл юритсангиз».

Шоядки, ушбу ҳақиқатлар устида ақл юритиб, ўзингизнинг ким эканингизни англаб, Роббингизга ибодат қилсангиз.

Ушбу ояти каримада инсоннинг нутфалик, гўдаклик, болалик, ёшлик, катталик ҳамда қарилик ҳолатлари айтиб ўтилган. Ушбу босқичларнинг барчасида Аллоҳ таоло уни ушлаб, ҳаёт бериб, ризқлантириб, иноятига олиб туради.

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал дини Ислом таълимотлари асосида инсон зотини мазкур босқичларнинг барчасида ўзига ўхшаш инсонлар томонидан иноятга олишни ҳам таъминлаган. Мисол учун, ҳомилани авайлаб-асрашни, унинг ҳар томонлама зарарланмай, бус-бутун ўсиб боришини таъминлашни ота-онасига вазифа қилиб юклаган. Ўзгаларнинг ҳам бу ишда ота-онага ёрдамчи бўлишини жорий қилган. Ҳомиланинг азизлиги ва мукаррамлигига таҳдид солиш, унга зарар етказишни ман қилган. Бу ман қилишни бузиб, ҳомилага зарар етказувчиларга нисбатан маълум жазо чоралари белгилаган. Худди шунингдек, Ислом динида инсон умрининг бошқа босқичларида ҳам унинг азизу мукаррамлигининг таъминоти бўйича шаръий таълимотлар келган ва барча мусулмонлар зиммасига уларга амал қилиш масъулияти юкланган.

“Кексаларни эъзозлаш” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда мусулмон одам гирифтор бўлаётган ҳар қандай балоофат, қийинчиликлар ndash улар умумий бўлсин, хос бўлсин ndash инсонларнинг зулми туфайли берилган давоми...

7030 12:11 / 18.06.2020
Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг давоми...

2046 17:02 / 10.11.2018
Шайтонлар одамларнинг ақийдаси, иродаси ва амалини бошқариб туриши мумкинмиАгар банда Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб юрса, жинлар унга қарши ҳеч нарса қила давоми...

4214 13:09 / 22.12.2019
Абу Салама ибн Абдурраҳмон айтади .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни кўргани борсам, оғриқдан қийналиб ётган экан. Уни бағримга босиб, .Аллоҳим, Абу Ҳурайрага шифо давоми...

2299 09:05 / 03.11.2019
Аудиолар

121402 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42899 14:35 / 11.08.2021