1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қалбга хотиржамлик берувчи 6 оят

19:30 / 08.05.2019 6755 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қалб хотиржамлигисиз бахт-саодатга эришиш мушкул. Токи киши ғам-қайғу, ташвиш ва ваҳимада юрар экан, нотинч қалби осойишталикни истайди. Жадаллашиб бораётган бугунги ҳаётимизда кўплаб муаммою кечинмаларга дуч келамиз. Бутун фикру хаёлимиз ташвишларга кўмилгани сабаб, худди тоза ҳаво сингари тинчлик-хотиржамликка эҳтиёж сезамиз.

Араб тилидаги «сакина» сўзи «сакана» феълидан олинган бўлиб, тинчлик, осойишталик, хотиржамлик, сокинлик маъноларини билдиради. Истилоҳдаги маъноси эса иймони комил бандага Аллоҳ таолонинг марҳамати ўлароқ бериладиган қалб хотиржамлигидир. Бунинг натижасида банда ўз эътиқодини мустаҳкамлашга интилади. Ҳар кимнинг қалб сокинлиги ҳар хил ҳолатга кўрадир. Кимдир моддий жиҳатдан мустақил бўлганида, яна кимдир муайян ижтимоий мавқега эга бўлганида. Аммо хотиржамлик – ички руҳий ҳолатдир. Кимдир озроғи билан бахтиёр бўлса, кимгадир эса қанча бўлса, шунча кам. Чин кўнгил осойишталигига эса фақат Аллоҳ таолога юзланиш билан етишилади. Шариат кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ҳаёт кечириб, хотиржамликка эришиш мумкин. Аллоҳнинг марҳамати шунчалар кенгки, одамзотни ҳам руҳий, ҳам жисмоний фойда бўлган нарсаларга тарғиб қилди. Қалбингиздаги кечинмаларнинг барчасини, ҳаттоки энг махфий сирларни ҳам ягона Аллоҳгина билгувчидир. Кўнгилнинг нимадан хасталигию, давоси нимада экани ҳам ёлғиз Ўзигагина аён. Ахир шу қалбнинг яратгувчиси У бўлгач, яна кимга илтижо қиламиз?

Аллоҳ таоло Қуръонда: «Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?» деб марҳамат қилган (Раъд сураси, 28-оят). Кўнгил хотиржамлиги Аллоҳнинг зикри ила бошланади. Чунки Аллоҳнинг зикри – икки дунё саодатига элтувчи воситадир. Қалбнинг давоси – муқаддас Қуръони каримдир. Қуръон қироатида бардавом бўлгувчи кишининг руҳи ва танаси шифо топади.

 Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «… у иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир…» дея марҳамат қилган (Фуссилат сураси, 44-оят). Қуръон мусулмонларга Аллоҳнинг раҳмати сифатида нозил бўлган. Уни қироат қилувчи банда Аллоҳга янада яқинлашиб, итоатида руҳининг осойишталигини топади, кўнгли юмшайди, иймони мустаҳкамланади. Токи банда Аллоҳга таваккулда экан, оятларини ўқиб, уларга амал қилишга интилар экан, унга на ташвиш ва на хафагарчиликлар яқинлаша олмас. Ислом уламолари Қуръонда сакина ҳақидаги бир неча оятларни келтириб, уларни доимий ўқиб юриш банданинг умри ҳамда кўнгил хотиржамлигини таъминлайди, дейдилар.

1. Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг белгиси сизларга Роббингиздан сандиқ келмоғидир, унда хотиржамлик ва Мусо ҳамда Хорун аҳлидан қолган қолдиқ бўлиб, фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта, бу нарсада сизларга белги бор», деди» (Бақара сураси, 248-оят).

2. «Сўнгра Аллоҳ сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ҳамда сиз кўрмайдиган лашкарларни туширди ва куфр келтирганларни азоблади. Ана ўша, кофирларнинг жазосидир» (Тавба сураси, 26-оят).

3. «Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига: “Хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан”, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир» (Тавба сураси, 40-оят).

4. «У иймонларига иймон зиёда бўлиши учун мўминлар қалбига сокинликни нозил этган Зотдир. Ва осмонлару ернинг лашкари Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир» (Фатҳ сураси, 4-оят).

5. «Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида сенга байъат қилаётганларида рози бўлди. Бас, уларнинг қалбларидагини билди, уларга сокинликни туширди ва яқин фатҳ ила мукофотлади» (Фатҳ, сураси 18-оят).

6. «Эсла! Куфр келтирганлар қалбларида «ҳамийят»ни, «жоҳилият ҳамийяти»ни жойлаганларида, Аллоҳ ўз сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ва уларга тақво калимасини лозим кўрди, улар ушбуга ҳақли ва аҳл эдилар. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир» (Фатҳ сураси, 26-оят).

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Муслимдан ривоят қилинади Оиша розияллоҳу анҳу айтадилар Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида ёнбошлаб ётган эдилар, болдирлари очиқ давоми...

3534 07:00 / 18.12.2018
Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Убай ибн Каъбдан.Биродаринг Ибн Масъуд .Ким йилни бедор ўтказса, Лайлатул Қадрни топади,, дейдими, деб давоми...

2974 18:00 / 29.05.2019
Қуйида Қуръони каримни ёд олишингизга кўмак бўладиган бир неча фойдали маслаҳатларни тақдим қиламиз1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога кўп дуо қилиб, сизга Қуръонни ёд давоми...

3097 10:00 / 16.05.2021
Бир кун мағрур тилшунос соҳилда турган қайиққа миниб нариги қирғоққа ўтмоқчи бўлди. Соҳилда йўловчи кутиб турган қайиқчилардан бирига юзланди. Қайиқ яқинлашди. давоми...

3185 07:00 / 28.11.2018
Аудиолар

121579 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43052 14:35 / 11.08.2021