1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

39-боб. Мавло «Мен фалончиданман» дейдими?

17:10 / 02.05.2019 2311 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аслида «мавло» деган сўзнинг таржимаси «хўжайин», «валий» деган маънога яқиндир. Яъни хўжайин қулини эркалаб, унинг қадрини кўтариб, «хўжайиним», деб чақиради. Шунингдек, бунга «валаа» деган сўз ҳам қўшилади.

«Мавло» дегани ушбу нарсалардан келиб чиқиб, икки хил маънода ишлатилади:

Биринчиси бир оиланинг озод қилган қули. Уни «озод қилинган қул» демасдан, «мавло» дейилади.

Иккинчи маънодаги «мавло» сўзи Исломни тарқатган араб қабиласи билан улардан Исломни ўрганган ерлик халқлар дўст тутиниб, оилалар билан дўстлашишини ифодалайди.

Ушбу бобда: қул ўзини озод қилган оилага нисбат бериб, «Мен фалон оиладанман», деса бўладими ёки юқоридагидек, дўст тутинган оилалар бир-бирига нисбат бериб, «Биз фалончиданмиз», дейиши мумкинми, деган саволга жавоб берилади.

74. Абдурраҳмон ибн Абу Ҳабибдан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Умар менга:

«Сен кимлардансан?» деди.

«Тайми Тамиймданман», дедим.

«Ўзлариданми ёки мавлолариданми?» деди.

«Мавлоларидан», дедим.

«Ундай бўлса, «Мавлолариданман», десанг бўлмайдими?» деди».

Шарҳ: Ушбу ривоятда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу иштирокида бўлиб ўтган бир воқеа келтирилмоқда. Абдурраҳмон ибн Абу Ҳабиб деган киши ўзи билан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу орасида бўлиб ўтган суҳбатни айтиб бермоқда.

Абдуллоҳ ибн Умар ундан: «Сен кимлардансан?», яъни қайси насабдансан, насабинг қаерга бориб тақалади, деб сўрабдилар. «Тайми Тамиймданман», дебди Ибн Абу Ҳабиб. Шунда у: «Тайми Тамиймнинг ўзиданмисан ё мавлолариданми?» деб сўрабди. «Мавлолариданман», деган жавобни эшитган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Бўлмаса, «Мавлолариданман», деб айтиб қўйгин-да», деган эканлар.

Демак, бир қавмнинг асл ўзидан бўлмаса, «уларданман» дейиш тўғри эмас экан, мавлоси бўлса, «Мен ўша қавмнинг мавлолариданман», деб айтиш яхши бўлар экан.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бу кишининг хатоларини тўғрилаб, шундай деб айтишни ўргатганлар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг оилалари ҳам Ямандан келган Жўъфа қабиласига мавло бўлган. Авваллари шундай одат бўлган. Шунинг учун имом Бухорийнинг насабларида Жўъфий деган сўз ҳам келишини айтиб ўтган эдик.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Авф ибн Моликдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен билан эридан бева қолиб, юзи сарғайган, боласига сабр қилган аёл жаннатда мана бундаймиз,, давоми...

3846 15:50 / 22.02.2020
10 r . .10. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бола отаонасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам, уларнинг яхшилигини қайтара олмайди. давоми...

2381 20:22 / 24.10.2018
80. Мусо ибн Улай отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Суроқа ибн Жуъшумга.Сени энг улуғ садақага ёки энг улуғ садақалардан бирига йўллаб давоми...

2002 21:10 / 01.06.2019
. .Саъд ибн Убода Зарқийдан, у отасидан ривоят қилади.Мадинанинг масжидида Амр ибн Усмон ибн Аффон билан ўтирган эдим. давоми...

1641 13:30 / 19.02.2020
Аудиолар

121515 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43002 14:35 / 11.08.2021