1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ийсо алайҳиссалом

15:50 / 30.04.2019 3549 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У зотнинг исмлари Ийсо, лақаблари Масиҳ, кунялари Ибн Марямдир. Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги ҳеч бир сўз Марям бинт Имронсиз ўтмайди. Марям Ийсо алайҳиссаломнинг оналаридир.

«...ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (Таҳрим сураси, 12-оят).

Марям бинт Имрон Аллоҳ таолога соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам пок тутганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ўша пок танага Ўз руҳидан «пуфлаш» билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган. У киши Аллоҳнинг сўзларига ва китобларига иймон келтирганлар ҳамда итоаткор қавмлардан бўлганлар.

Марямнинг оталари Имрон катта обрў эгаси ва Бану Исроилнинг улуғ уламоларидан, айни пайтда бефарзанд ҳам эдилар. Шунинг учун хотинлари «Фарзанд туғсам, Байтул мақдиснинг хизматига бераман», деб назр қилиб қўйган эди. Бу ҳақда Оли Имрон сурасида келган оятлардан билиб оламиз:

«Имроннинг хотини: «Роббим! Мен қорнимдагини Ўзингга холис назр қилдим. Мендан қабул эт. Албатта, Сен эшитувчисан, билувчисан», деганини эсла!» (35-оят).

Ўша вақтларда ибодатхоналарга фақат ўғил болалар назр қилинарди. Имроннинг хотини ҳам ҳомиладорлик вақтида «Ўғил туғсам керак», деган умид билан ўз ҳомиласини аввалдан Аллоҳ таолога назр қилган эди. Вақти-соати етиб, у қиз туғди.

«Уни (Марямни) туққан чоғида: «Роббим, мен буни қиз туғдим-ку! – Ҳолбуки, Аллоҳ у нима туққанини яхши билади. – Ўғил қиздек эмас. Ва мен унга Марям деб исм қўйдим ва албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига қувилган шайтондан паноҳ тиларман», деди» (36-оят).

Лекин Имроннинг хотинига кўра ибодатхона хизматида қиз бола ўғил болачалик бўла олмайди. Шунинг учун у: «Ўғил қиздек эмас», деди.

Кейин оналик меҳри жўшиб, гапининг давомида:

«Ва мен унга Марям деб исм қўйдим ва албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига қувилган шайтондан паноҳ тиларман», деб дуо қилди.

Мусаффо оналик қалби ўз зурриётига камол, тинчлик-омонлик ва яхшилик тилайди.

«Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига – меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди. «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деди» (37-оят).

Шундай қилиб Марям алоҳида эътибор остида ўса борди. Аллоҳ таолонинг Ўзи унга иноят кўрсатиб турди.

Юқорида зикр қилганимиздек, Ҳорун алайҳиссаломнинг зурриётидан бўлган, яҳудийларнинг «Ҳайкал» деб номланган асосий ибодатхонасининг бошлиғи Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида унинг озиқ-овқатидан, ризқидан доимо хабардор бўлиб турди. Закариё алайҳиссалом ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнинг олдига қачон кирса, унинг ҳузурида ризқ турар эди.

Албатта, жуда ҳам кичиклик чоғида отаси Имрондан ажраб, етим қолган Марямни кафилликка олиш Закариё алайҳиссалом учун ўз-ўзидан бўлмаган. Бунинг учун анча талашиб-тортишишлар бўлиб ўтган. Ана ўша ҳодисалар қуйидагича баён қилинади:

«Бу ғайб хабарларидан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Марямни қай бирлари кафилликка олишга қаламларини ташлашаётганларида олдиларида эмасдинг, тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг» (44-оят).

Марямнинг оналарининг исми Ҳанна эди. У киши Марямни туққанидан сўнг ваъдасига вафо қилди. Янги йўргакланган чақалоқни яҳудийларнинг ибодатхонасига олиб келиб, у ердаги ходимларга берди ва: «Бу назр қилинган қизни олинглар», деди. Шунда улар талашиб кетишди, чунки қизча ўзларининг бошлиқлари ва устозлари бўлмиш ҳазрати Имроннинг қизи эди-да!

Бир нарса устида бир неча киши талашса, яна ҳамма у нарсага тенг ҳақдор бўлса, одатда қуръа ташланади. Марямга кафилликни талашганлар ҳам шундай вазиятга тушиб қолишди. Шунда улар ўртасида «қалам ташлаш» бўлиб ўтди. Шунда ҳамманинг қалами оқиб кетиб, Закариё алайҳиссаломнинг қаламлари оқмай, туриб қолди. Буни аломат деб тушуниб, Марямни у зот ўз кафолатларига олишга рози бўлдилар.

Шундай қилиб Марям Закариё алайҳиссаломнинг кафолатларида Байтул мақдисда яшай бошлади. Закариё алайҳиссалом Марямнинг оддий қиз эмаслигини билдилар. Ундан ризқи қаердан келаётганини сўрадилар. Ризқнинг Аллоҳдан эканини ҳам билдилар.

Одатда қиз бола ўзидан-ўзи, йўқ жойдан ҳомиладор бўлиб қолмайди. Лекин Аллоҳ таоло Марямга унинг ҳомиладор бўлиб, Аллоҳнинг калимаси туфайли Ийсо ибн Марям деган фарзанд кўришини фаришталар орқали билдирди:

«Ўшанда фаришталар дедилар: «Эй Марям! Албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган «калима»нинг хушхабарини бермоқдаки, унинг исми Масиҳ Ийсо ибн Марям, дунёю охиратда обрўли ва муқарраблардандир. У бешикда ҳам, навқиронлигида ҳам одамларга гапиради ва у солиҳлардандир» (45–46-оят).

Марям – ота-онадан туғилиб, одамлар ичида ўсган бир қиз. Унинг инсоний тушунчаси бўйича, эркак билан бирга бўлмаган қиз боланинг фарзанд кўриши ақлга тўғри келмайди. Фаришталар эса унга бир ўғил кўришининг хабарини бериб туришибди. Шунинг учун

«У деди: «Роббим, менда қаёқдан бола бўлсин?! Ахир менга башар қўл теккизмаган бўлса?!» (47-оят)

Шунда унга қисқа ва тушунарли жавоб келди. Бу жавоб одамларни ўзининг тор ақлий муҳитидан чиқиб, Аллоҳга тааллуқли оддий ҳақиқатни англашга ундайди.

«Ана шундай. Аллоҳ хоҳлаганини яратади. Бирор ишни ҳукм қилса, унга: «Бўл!» дейди, холос, бас, у бўладир» (47-оят).

Жумладан, пок, башар қўли тегмаган қизга ҳам «Туғ!» деса, туғаверади.

Бу қисқа савол-жавобдан кейин Марямга хушхабар олиб келган фаришталар туғилажак боланинг сифатларини айтишда давом этадилар:

«...ва унга китобни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатади» (48-оят).

Уламоларимиз: «Бу ояти каримадаги «китобни» сўзи «ёзишни» ёки «илоҳий китобни» деган маънолардан бирини англатади», деганлар.

Таврот Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган илоҳий китобдир. У Ийсо алайҳиссаломга ҳам китоб бўлишини Аллоҳнинг Ўзи айтиб турибди. Таврот Ийсо алайҳиссаломга келган диннинг асосини ташкил этади. Инжил эса Тавротни тўлдириб келган.

Насронийлар даъво қилганларидек, Ийсо алайҳиссалом худо эмас, худди бошқалар каби бандадирлар. Шунингдек, у зот пайғамбар бўлиб келган Бану Исроил ҳам Аллоҳнинг бандаларидир. Модомики Робб ва банда мавжуд бўлар экан, бу ҳол банданинг Роббга ибодатини тақозо этади. Ушбу айтилганларга тўлиқ амал қилгандагина тўғри йўлда юрилган бўлади, бахт-саодатга эришилади.

Ана шу гаплардан кейин Марям ёлғиз қолишни, хаёл суришни истаб қолди. Кейин нима бўлганини Марям сурасидаги қуйидаги ояти карималардан билиб оламиз:

«Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганида, унга Ўз руҳимизни юбордик. У унга бус-бутун одам бўлиб кўринди» (16–17-оятлар).

Байтул мақдисда яшаётган покиза, бокира, тақводор Марям исмли қиз қавмидан ажралиб, шаҳарнинг шарқий томонига чиқди. Хуллас, ўша ерга чиқиб, қавмидан тўсилиб олди. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Шунда фаришта Жаброил алайҳиссалом Марямга асл ҳолида кўринмай, тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди, чунки ўз суратида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.

Марям Жаброилни кўриши билан ҳушёр тортди. Уни эркак киши суратида хилват жойда кўриши биланоқ ўз иффати ҳақида қайғурди ва унга Аллоҳни эслатди:

«Мен Роҳмандан сендан паноҳ беришини сўрайман. Агар тақводор бўлсанг…» (18-оят) менга яқинлашма», деди.

(давоми бор)

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий саккизинчи йилнинг шаввол ойида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф ғазотини бошладилар. Тоифликлар шаҳар ичига бир йилга етадиган нарсаларни давоми...

2203 11:25 / 04.06.2022
11. Фан олимлари билан шариат олимлари ўртасини айириш динсизликдан қолган сарқит. Бошқача қилиб айтганда, бу ёндашув Ғарбдаги дин ва дунё илмлари ўртасидаги давоми...

669 16:02 / 15.09.2023
Тоифдан қайтиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини турли қабилаларга очиқойдин таништиришни бошладилар. Бунинг учун энг қулай давоми...

1521 16:00 / 28.07.2019
ҳижратдан аввалги 47 йил милодий 577 йилПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшга кирганларида, оналари у зотни Ясрибга Мадинага олиб бордилар. Онабола давоми...

4270 19:35 / 19.09.2019
Аудиолар

120590 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42185 14:35 / 11.08.2021