1445 йил 13 зулқаъда | 2024 йил 21 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Пул бирликларини бир-бирига сотиш ҳақида

11:30 / 11.04.2019 9205 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Ҳурматли Шайх ҳазратлари! Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Саволим қуйидагича: Саррофлик хақида маълумот берсангиз.

Жавоб:

Молик ибн Авс бундай хабар қилади:

«Мен юз динорни алмаштирмоқчи бўлдим. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ мени чақирди. Иккимиз савдолашдик, у менга алмаштириб берадиган бўлди. Тиллани олиб, қўлида айлантириб кўрди. Кейин: «Хазинабоним ўрмондан келсин», деди. Умар буни эшитиб турган эди, бундай деди: «Аллоҳга қасамки, ундан олмагунингча ажрамайсан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қўлдан қўлга бўлмаса, тиллага тилла рибодир. Қўлдан қўлга бўлмаса, буғдойга буғдой рибодир. Қўлдан қўлга бўлмаса, арпага арпа рибодир. Қўлдан қўлга бўлмаса, хурмога хурмо рибодир», деганлар».

Бешовлари ривоят қилишган.

«Сарф» қилиш деганда саррофга мурожаат қилиш, пул алмаштириш тушунилади.

Молик ибн Авс розияллоҳу анҳунинг юз динор тилла пуллари бор экан, уни кумуш пул, дирҳамга алмаштиришга ҳожатлари тушиб, «Ким алмаштиради?» деб одам излаганлар. Ана шунда у кишини Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўз ёнларига чақириб, пулни алмаштириб беришга тайёр эканликларини изҳор қилганлар. Икковлари баҳолашиб, маълум нархга келишишган. Молик ибн Авс розияллоҳу анҳу ўзларининг юз динор тиллаларини Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуга берганлар. У киши тилла пулларни олиб, қўлларида айлантириб туриб, Молик ибн Авс розияллоҳу анҳуга: «Хазиначим ўрмондан келса, дирҳамларни сенга бераман», деганлар.

Бу гапларни эшитиб турган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Молик ибн Авс розияллоҳу анҳуга: «Толҳадан ажрамай тур, хазиначиси келиб, сенга дирҳамларни берганидан кейингина ажраб кетсанг бўлади. Бўлмаса муомалангиз рибога айланиб қолади», деган маънода гап айтганлар.

Шунинг учун ҳам сарф – пул алмаштириш муомаласининг тўғри бўлиши учун қўйилган тўртта шартдан энг аввалгиси – икки томон муомала жойида туриб, алмаштирган нарсасини қўлма-қўл олишидир.

Агар келишиб, қўлма-қўл олмай ёки бири олиб, иккинчиси олмай ажрашсалар, келишувлари ботил бўлади. Чунки бу икки ҳолатда ҳам асосий шарт қўлма-қўл олиш бузилган бўлади ва муомала рибога ўхшаб қолади. Яъни қўлма-қўл олмай туриб ажрашиш мумкин эмас.

Ажрашмасалар, вақтнинг ўтиши эътиборга олинмайди. Бирга ухласалар, бир жойга борсалар, майли. Лекин ажралишлари билан ботил бўлади.

Бу ҳукм келажак ноқулайликларнинг олдини олиш учун қилинган. Агар ажрашгандан кейин ҳам бўлаверади, дейилса, баъзи фирибгарликлар учун катта йўл очилиши мумкин бўлади. Мисол учун, бир томон маблағни олиб, «Ҳали кейин ёки эртага олиб келиб бераман», дейди-да, олган маблағни дарҳол «айлантиргани» қўяди. Иккинчи томоннинг молини беришни кечга суриши ҳам мумкин. Орада хилоф чиқади: биров пулини вақтида олмай, зарар кўради. Бошқаси эса бировнинг пулидан фойда кўради. Шундан кейин зарар тортган томон ҳақ сўрайди. У ҳақни олса, рибо бўлади. Олмаса, ичи куяди. Ҳозирги кундаги кўпгина муаммолар ҳам шундан келиб чиқмоқда.

Яна ҳадис матнига қайтайлик. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Молик ибн Авсга «Алмаштирган пулингни олмагунингча, Толҳа ибн Убайдуллоҳдан ажрамай тур», деганлари шаръий ҳукм эканини билдириш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларини келтирдилар.

«Қўлдан қўлга бўлмаса, тиллага тилла рибодир». 

Яъни «Ма!» деб бири тиллани бериши керак, иккинчиси ҳам динорни ўша мажлисда «Ма!» деб унинг қўлига бериши лозим. Буғдой, арпа, хурмоларни бир-бирига, яъни бир жинсдаги нарсаларни алмаштиришда ҳам шу қоида ишлатилади.

Ҳабибдан ривоят қилинади:

У киши Абу Минҳол розияллоҳу анҳунинг шундай деяётганларини эшитди: 

«Баро ибн Озибдан сарф, яъни пул алмаштириш ҳақида сўрадим. «Зайд ибн Арқамдан сўра, у яхшироқ билади», деди. Зайддан сўрасам, «Бародан сўра, у яхшироқ билади», деди. Сўнгра икковлари:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кумушни тиллага қарзга сотишдан наҳйи қилганлар», дейишди». 

Муслим ва Бухорий ривоят қилишган. Бухорийнинг лафзида: 

«Агар қўлма-қўл бўлса, ҳеч гап эмас. Аммо насия бўлса, бўлмайди», дейилган.

Ушбу ривоятда саҳобаи киромларнинг камтарликлари ва бир-бирларини ҳурмат қилишлари ёрқин намоён бўлмоқда. Баро ибн Озиб ва Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳумолар бир-бирларини ўзидан кўра илмлироқ деб ҳурмат қилишлари ва савол сўраб келган кишини ўз биродари томон юборишлари шуни кўрсатади.

Ушбу ҳадиси шарифдан саррофлик икки хил пул бирлигида қўлма-қўл равишда бўлиши, насияга ҳеч нарса қолмаслиги қоидаси келиб чиқади.

“Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи ёмон жинларнинг одамларга таъсири бўлиши мумкин, дейишади уламоларимиз. Бунда кўпроқ одамнинг ўзи айбдор бўлади. Жинлар одамлардан ўзларига ишонганларига, давоми...

3425 13:30 / 01.12.2019
Абу Дардо розияллоҳу анҳу гуноҳ иш қилиб қўйган бир одамнинг олдидан ўтиб қолдилар. Одамлар уни сўкишарди. У киши одамларга қараб, .Агар у қудуққа тушиб кетса, уни давоми...

1817 07:10 / 21.06.2019
Абу Толҳа Зайд ибн Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир уйнинг олдида гаплашиб ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб, давоми...

1109 08:00 / 15.01.2021
Ўтган асрнинг ўрталари. .Бахтиёр оила,да .Соғлом бола, дунёга келди. Бу оила .Иймон,ли, .Мукаммал саодат йўли,ни танлаган, .Яхшилик ва силаи раҳм,ни маҳкам тутган, давоми...

3749 19:40 / 10.03.2023
Аудиолар

121697 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43140 14:35 / 11.08.2021