1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳаё пардасини йиртманг!

12:30 / 26.03.2019 4807 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги мавжуд телевидение, ундаги маҳаллий ва хориж кўрсатувлари, турли киною сериаллар, параболик антенналар масаласида мусулмонлар ўртасида узундан-узоқ баҳс-мунозаралар бўлган. Бундай ҳолат сўнгги интернет хизматлари йўлга қўйилган техника асрида, глобаллашув даврида яна такрор юзага келди. Шу жумладан, аёлларнинг интернетдан фойдаланиши масаласида ҳам тортушувлар авж олди, бу ҳолат ҳали ҳануз давом этмоқда. Рости, анча аввал бу масала кўтарилганида, бир оз ранжиган ҳам эдим. «Нима учун аёл инсон сифатида бошқалар фойдаланган нарсалардан фойдаланмаслиги керак», деган савол мени қийнаган эди. Мана энди, айни шу кунларда мазкур тортишувларнинг сабабини англагандек бўлаяпман. Баъзи аёлларимизнинг интернет тармоғидаги беҳаёликлари ўзини, ўзлигини билган ҳар қандай кишини ҳайратга солмоқда.

Биз muslimaat.uz сайтимиз ходималари билан маслаҳатлашиб, шу йилнинг февраль ойини интернетга боғлиқ ишларнинг ислоҳоти учун хослаган эдик. Мутахассислар билан бир неча суҳбатлар уюштирдик. Абу Молик Али Муҳаммад Шавқийнинг қаламига мансуб «Фейсбук ҳукмлари ва одоблари» номли асарни таржима қилиб, ҳар ҳафта сайтимиз саҳифаларида, каналларимизда фойдаланувчилар эътиборига ҳавола қилиб боряпмиз. Мана шу ишларга қўшимча тарзда баъзи хонимларга танбеҳ бериш истаги ҳам мени анчадан буён ўйлантириб келаётган эди.

Аслида бундай икир-чикир бўлиб кўринган нарсаларни ёритишни у қадар хуш кўрмайман. Аммо динимизга, аёллар ва уларнинг шаънига зид бўлган ҳолатларни ёритиб, уларга маълум маънода насиҳат қилишни, кези келганда танбеҳ бериб, тўғри йўл кўрсатишни бурчим, деб биламан.

Баъзида facebook ижтимоий тармоғини кузатиб тураман. Гарчи ҳозирда мазкур тармоқда аввалгидек фаолият юритмаётган бўлсам-да, манфаатли хабарлардан, дунё янгиликларидан воқиф бўлишда фойдаланаман. Шунингдек, у орқали инсонларнинг ҳолатини ҳам кузатиб бораман. Мазкур ижтимоий тармоқда аёллар учун очилган гуруҳлар бор. Охирги пайтларда бундай гуруҳларда бемаъни постлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек болалаб кетди. Эҳтимол, у ердаги хонимлар бизни аёллардан бошқалар ҳеч ким кузатмайди деб, бемалол бўлиб қолишгандир. Лекин пост қўйган, «лайк» босган ва изоҳ қолдирган аёлларнинг дўстлари ичидаги эркаклар бу ҳолатларни бемалол кузата олишади. Баъзи хонимларга бу борада танбеҳ берган ҳам бўлдим. Улар: «Гуруҳда фақат аёллар кўришади, деб ўйлабмиз», деган узрни айтишди. Яна ҳам ачинарлиси, шундай бемаъни нарсаларни ҳавола қиладиганлар ичида профилига мўминаликка далолат қиладиган суратларни қўйганлар ҳам, исмлари мусулмонлигига далолат қиладиганлари ҳам бор. Хўп, бундай нарсаларни эркаклар кўрмайди ҳам дейлик. Лекин аёллар орасида бу каби фаҳш ва ахлоқ-одобга зид нарсаларни тарқатиш жоизми? Аллоҳ таоло Нур сурасининг 19-оятида шундай марҳамат қилади:

«Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз».

Ижтимоий тармоқлар инсонларга кўплаб соҳаларда кенг имкониятлар беришини инкор этмаймиз. Лекин у ҳам қайсидир маънода бир жамиятни ташкил қилиши барчамизга маълум. У ердаги хонимлар воқеликда, кундалик ҳаётларида ҳам ўзларини шундай эркин тутармикинлар? Кўча-кўйда, уйда, ишхонасида одамларнинг кўз ўнгида шундай шармсиз гапларни сўзлай олармикинлар? Ўзларини очиб-сочиб, атрофдагиларга намойиш қила олармикинлар?

Бу гапларимни ўқиган кишиларда «Шунчалик нималар қилишаётган экан, ўша аёллар?» деган савол туғилиши табиий. Шу ўринда баъзи мисолларни келтириб ўтсам:

Туғруқ жараёнига оид гап-сўзлар, суратлар, ҳаттоки видеотасвирларни ҳам қўйишади. Тафсилотлари билан ёзишади. Камига бу мавзуни обдон чайнаб, баҳс қилишади. Аёл киши авра-астарини, яширин ҳис-туйғуларини, сиру асрорларини очгани сайин қадрсиз бўлиб боришини бу опа-сингилларимиз билишармикин?

Бир хоним қабзиятдан азоб чекар экан, ўша жараённи батафсил ёзиб, даво истагида маслаҳат сўрабди. Аввало, ушбу муаммони бу тарзда ўртага олиб чиқиш шарт эмас. Бу дарднинг давосини ҳар жойдан топиш осон. Қолаверса, маслаҳатга эҳтиёж бўлган тақдирда ҳам, бошидан кечирган бутун жараённи элга дастурхон қилиши шарт эмас. Бу иш беҳаёлик, аҳмоқона журъатдан ўзга нарса эмас.

Энг аянчли ҳолатлардан яна бири – эр-хотин ўртасидаги нозик сирларни ёйиш. Ишонаверинг, жуфтлар орасида бўладиган ва бўлиб ўтган ҳолатларни батафсил ёзиб, бунинг устига суратлари билан таъкидлаш ҳолатлари тобора кўпайиб бормоқда. Бу ҳам ахлоқсизлик, андишасизликдан далолатдир.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мартабаси энг ёмон одам аёлига яқинлик қилиб, аёли унга яқин бўлганидан кейин сирини одамларга ёйиб юрадиган кишидир», дедилар».

Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Бундай ҳолатлар жамиятда фасод тарқалишига олиб келади, холос. Кимгадир мазкур гаплар арзимасдек туюлиши мумкин. Ўзим ҳам бу масалада сўз очишни ёқтирмайман, аслида. Аммо бу ҳар қандай мўмин-мусулмонни даҳшатга соладиган, қалбида ғазаб оловини ёқадиган ҳолатдир. Шундай нарсаларни очиқ-ойдин намойиш этишга журъат қилишгача етиб келдикми, демак ҳолимизга вой!

Динимизда бундай ахлоқсизликлардан қайтарилган. Ўзбекчилигимиз, маданият-у, урф-одатларимиз ҳаргиз бундай нарсаларни оқламайди. Аёл киши одоб, ахлоқ, назокату латофатдан маҳрум бўлибдими, унда ҳеч қандай хайр бўлмайди. Аллоҳ таоло аёлни ибодатидан тортиб, муомаласигача, ҳар бир хатти-ҳаракатида, ҳар бир ишида сатрли, ҳаёли-иболи, иффатли бўлишга буюрган. Аёл мана шундай  неъматлардан, Аллоҳ таоло унинг фитратига қўшиб берган фазилатлардан ўзини ўзи маҳрум қилибдими, у хорликдан бошқа нарсага эришмайди!

Муҳтарама опа-сингиллар! Сиздан илтимосим, юқорида айтилган номаъқулчиликларга қарши курашайлик. Бепарво бўлмайлик. Ҳаммамиз имконимиз қадар мазкур ислоҳотга ўз ҳиссамизни қўшайлик. Бундай андишасизликлар ўзимизнинг фарзандларимиз, қизларимизнинг келажагига салбий таъсир кўрсатишини унутмайлик.

Зеро, Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин. Ана ўша энг заиф иймондир», деганлар (бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган).

Аллоҳ таоло аёл-қизларимизни аёлликка хос фазилатлардан бебаҳра қилмасин! Омин!


Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
Muslimaat.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикормонополиядир.Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким эҳтикор қилса, ўша давоми...

2922 09:00 / 11.07.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримни бандалари учун қиёматгача дастурул амал қилиб қўйди. Унда амал қилувчиларни икки дунё саодатига эриштирувчи насиҳатлар мавжуд. давоми...

5823 20:00 / 13.05.2019
Яқин ўн йилларда содир бўлган бу воқеани ўз қулоғи билан эшитган муҳтарам устозларимиздан бирининг айтганлари менга шунчалик таъсирли бўлдики, ҳамон барча давоми...

5827 14:00 / 17.01.2020
Ассалому алайкум1. Жанозада маййит қабрга қўйилганида .Мулк, Таборак сурасини ўқиш қайси ҳадисларга асосланган2. Жанозада тупроққа суфлаш борми Далил. давоми...

9573 17:50 / 18.12.2018
Аудиолар

121574 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43049 14:35 / 11.08.2021