1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Давомли тавбанинг қисмлари

12:30 / 24.03.2019 3622 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамлар тавбага нисбатан тўрт табақага бўлинадилар:

1. Тавба қилганидан кейин умрининг охиригача тавбасида мустақим турадиганлар тоифаси.

Бу тоифадаги кишилар тавба қилганларидан кейин камчиликларининг ўрнини тўлдирадилар ва мазкур гуноҳга қайтишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Одатда башардан беихтиёр содир бўладиган майда-чуйда нарсалар бундан мустасно.

Мана шуни «мустақим тавба», «тавбаи насуҳ» дейилади. Бундай тавба қилган нафс «хотиржам нафс» дейилади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Эй хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт! Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жаннатимга киргин!» (Фажр сураси, 27–30-оятлар).

Бундай нафс шаҳватлар ила курашда ғолиб бўлиб, сокинлик касб қилган нафсдир. У «мутмаинна» – «хотиржам нафс» деб аталади.

2. Тавба қилганидан кейин умрининг охиригача тавбасида мустақим турадиганлар, аммо гоҳида қасд қилмаган ҳолда баъзи гуноҳларга қўл уриб турадиганлар тоифаси. Шу билан бирга, улар ҳар гуноҳ қилганларида ўзларини маломат этадилар ва унга яна қайтмасликка аҳд қиладилар.

Бундай бандаларнинг нафсини Аллоҳ таоло «маломатчи нафс» деб атайди:

«Ва маломатчи нафс билан қасам» (Қиёмат сураси, 2-оят).

«Маломатчи нафс»дан мурод мўмин кишининг нафсидир. Чунки у ўз эгасини доимо маломат қилиб (тергаб) туради. Гуноҳ иш қилса, «Нима учун гуноҳ қилдинг? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Охиратда нима деб жавоб берасан?» дея маломат қилади.

Бу табақа олдингисидан кейинги ўринда туради. Буларга ҳам Аллоҳ таолодан яхши ваъдалар бор:

«Улар кичик гуноҳлардан бошқа катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиганлардир. Албатта, Роббинг мағфирати кенг Зотдир» (Нажм сураси, 32-оят).

3. Бу тоифадаги одамлар тавба қилганларидан кейин маълум муддат истиқоматда юрадилар. Сўнгра шаҳвати ғолиб келиб, баъзи гуноҳларни содир этадилар. Шу билан бирга, тоат-ибодатда бардавом бўлиб, қудрати етган гуноҳлардан четда бўладилар.

Аммо баъзида шаҳвати ғолиб келиб туради. Аллоҳ таолодан улардан қутулишни сўраб туради. Гуноҳ қилганда надомат чекади, тавба қилади.

Бундай нафс «масъула» деб аталади ва унинг эгаси Тавба сурасида келган қуйидаги оятда зикр қилинганлар жумласидан бўлади:

«Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қилдилар: улар солиҳ амални бошқа ёмонига аралаштириб юборганлар. Ажаб эмаски, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (102-оят).

Бу ҳолат банда учун хатарлидир. Чунки у тавба қилишга улгурмай қолиши мумкин. Ўлим кўз билан қовоқ орасидаги нарса. Тўсатдан ўлган одам тавба қила олмай қолиши турган гап. Унда оқибати оғир бўлади.

4. Тавба қилгандан кейин бир муддат ўтгач, яна айниб кетадиганлар тоифаси.

Улар қайтадан гуноҳларга ботадилар ва тавба қилишни қасд қилмайдилар, қилган гуноҳларига афсус ҳам қилмайдилар. Бундай ҳолатдаги одамларнинг нафси бузуқ бўлади.

Бундай нафс «ан-нафсул амморату биссуъи» – «ёмонликка амр қилувчи нафс» деб аталади.

Аллоҳ таоло нафснинг аслида ёмонликка ундовчи нарса экани ҳақида Юсуф алайҳиссаломга ошиқ бўлиб қолган аёлнинг эътирофини шундай баён қилади:

«Ўзимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Юсуф сураси, 53-оят).

Бу нафс эгаларининг оқибати ёмон бўлишидан қўрқилади.

«Руҳий тарбия» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ким намозни кечиктиришга одатланган бўлса, ҳаётидаги барча ишларини ортга суришга тайёргарлик кўраверсин уйланиш, иш, зурриёт, офият... Зотан, Аллоҳ уни барча давоми...

1284 09:00 / 08.02.2023
ndash Руҳий безовталикдан юқори даражада ҳимояndash Ҳузурҳаловат, хотиржамликка манбаиndash Иммунитетни кучайтирадиndash Руҳан, жисмонан соғломликndash Юрак хасталиги давоми...

2626 11:00 / 22.08.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз мусулмон бандаларини садақа беришга буюриб шундай деб марҳамат қилган .Ва бирингизга ўлим келиб .Роббим, агар мени давоми...

2359 11:00 / 02.03.2021
1. Зикр шайтонни қувади ва савалайди.2. Зикр Аллоҳ таолони рози қилади.3. Зикр ғамандуҳларни кетказади.4. Зикр шодлик ва сурурни жалб қилади.5. Зикр қалб ва баданни давоми...

2054 19:21 / 14.03.2020