1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Омонатга хиёнат қилиш

17:45 / 08.03.2019 5785 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолларингизда сизларга ишониб берилган нарсаларга (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз!» (Анфол сураси, 27-оят).

Воҳидий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бу оят Абу Лубоба хусусида нозил бўлган. Бани Қурайза яҳудийлари қамал қилингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини уларга элчи қилиб жўнатган эдилар. У кишининг аҳли ва фарзандлари Бани Қурайза яҳудийларининг орасида эди. Улар ундан: «Эй Абу Лубоба, бордию Саъднинг ҳукм қилишига рози бўлсак, нима бўлади деб ўйлайсан?» дея сўрашди. Абу Лубоба тамоғига ишора қилди, яъни, сўяди, демоқчи бўлди. Бу иши билан у Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилган эди. Абу Лубобанинг ўзи: «Турган жойимдан қўзғалмай туриб, Аллоҳ ва Расулга хиёнат қилганимни билдим», деган эди».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Омонатлар – Аллоҳ омонат қилиб берган амаллар, яъни фарзлардир».

Калбий айтадилар: «Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилиш уларга осийлик қилишдир. Ҳар бир инсон Аллоҳ фарз қилган ишларда омонатдордир, хоҳласа хиёнат қилади, хоҳласа адо қилади, уни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди».

Яъни, бу ва бошқа ҳар қандай омонатга хиёнат қилмаслик даркор.

«Ва албатта, Аллоҳ хоинларнинг ишини ўнгламас» (Юсуф сураси, 52).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мунофиқнинг аломати учта: гапирса, ёлғон гапиради; ваъда берса, ваъдасини бузади, омонат қўйилса, хиёнат қилади» (Муттафақун алайҳ).

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бизга мурожаат қилсалар: «Омонати йўқ кишининг иймони йўқ, аҳди йўқ кишининг дини йўқ», дер эдилар» (Табароний, Ибн Ҳиббон ривояти).

Яъни, омонатга хиёнат қиладиган кимса иймонсиз, аҳдига вафо қилмайдиган кимса динсиздир.

Ҳар қандай нарсадаги хиёнат қабиҳ бўлиб, баъзиси ёмонроқдир. Аҳлинг ва мол-мулкингга хиёнат қилган кимса билан арзимас пулингга хиёнат қилган кимса баробар эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Сенга омонат қўйган кишининг омонатини адо эт, сенга хиёнат қилган кимсага сен хиёнат қилма!» (Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Мўмин ҳар қандай хислатга табиатан мойил бўлиши мумкин, бироқ хиёнат ва ёлғонга мойил бўлмайди», дейилган (Абу Яъло, Баззор ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ: «Мен шеригига хиёнат қилмаган икки шерикнинг учинчисиман. Агар хиёнат қилса, улар орасидан чиқиб кетаман», дейди» (Абу Довуд ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб: «Эй Аллоҳим, менга очликдан паноҳ беришингни сўрайман, зеро, у жуда ёмон ҳамхонадир, ҳамда хиёнатдан паноҳ беришингни сўрайман, зотан у жуда ёмон астар-ёпинчиқдир», дер эдилар (Абу Довуд ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўзах аҳли бештадир», дея бир неча тоифани зикр қилиб: «Арзимаган бўлса-да, ўзи ёқтирган нарсага хиёнат қиладиган хоин», деганлар (Муслим ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳ йўлида қатл этилиш барча гуноҳларга каффорат бўлади. Бироқ омонат бундан мустасно. Қиёмат куни бир бандани олиб келишади. Гарчи Аллоҳ йўлида қатл этилган бўлса ҳам, унга: «Омонатингни адо эт», дейилади. У: «Эй Раббим, дунё ўтиб кетган бўлса, мен қандай қилиб омонатни адо қиламан», дейди. Уни «Ҳовия»га олиб боришади. Унга омонати кўринади. У ўзига берилган кундаги шаклда бўлади. Уни кўрибоқ танийди. Унинг изидан «Ҳовия»га тушиб, унга етиб боради-да, елкасига ортиб, олиб чиқа бошлайди. Энди чиқаман, деганида омонат елкасидан тушиб кетади. У абадул-абад омонатнинг изидан пастга тушиб кетаверади». Сўнг: «Намоз омонатдир, таҳорат омонатдир, тарози омонатдир, ўлчов омонатдир», деб бир қанча нарсаларни санадилар-да: «Буларнинг энг қаттиғи ваъдадир», дедилар (Аҳмад, Байҳақий ривояти).

Ривоят қилишларича, одамлардан биринчи бўлиб, кўтариладиган нарса омонатдорлик ва охирида қоладиган нарса намоздир. Ҳолбуки, кўпчилик намозхонларда хайр – яхшилик бўлмайди.

Эй Аллоҳим, бизга лутф марҳаматинг ила муомала қилгин ва барчамизни афв айлагин.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом динида мўминмусулмонларга нафақат зарари бор бўлган нарса, балки ўша зарарга олиб борадиган нарсалар ҳам ҳаром этилган.Аллоҳ таоло зинони ҳам, зинога олиб давоми...

2345 08:59 / 18.10.2021
Зино ва фаҳш масаласини баҳс қилиш чоғимизда бу мавзуга доир Қуръон оятлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари ва олимларимизнинг давоми...

2254 17:00 / 23.11.2020
Ислом зинога қарши муросасиз чораларни кўриб қўйган. Бунда, энг аввало, инсонларни ёшликдан Аллоҳдан қўрқиш, Қиёмат куни масъулиятини ҳис этиш, ҳалолпок яшаш давоми...

3420 11:00 / 15.02.2021
Аллоҳ таоло айтади.Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар Отаонангизга ҳамда қариндошуруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона давоми...

2610 12:40 / 22.04.2019