1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳасаддан сақланмоқлик – улуғ фазилат

21:10 / 14.02.2019 2330 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Ул зот:

«Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатдан бир одам чиқади», дедилар. Ансорийлардан соқолидан таҳорат суви оқиб турган, чап қўлида кавуш тутган киши чиқиб келди. 

Эртасига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шу гапни айтган эдилар, яна ўша одам кечаги ҳолида чиқиб келди. 

Учинчи куни ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шу гапни айтган эдилар, яна ўша одам ўша ҳолида чиқиб келди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар, Абдуллоҳ ибн Амр эса ҳалиги одамга эргашиб борди-да: «Отам билан орамиздан гап ўтиб қолиб, уч кунгача унинг олдига кирмасликка қасам ичган эдим. Агар маъқул топсангиз, менга шу муддат ўтгунча уйингиздан жой бериб туринг», деди. У одам «Хўп», деб жавоб берди». 

Ҳазрати Анас ривоят давомида шундай дейди:

«Абдуллоҳ ўша уч кеча у билан бирга тунаганини, у одамнинг кечалари ҳеч бедор бўлмаганини гапириб юрар эди. Агар у одам безовта бўлса, ўрнида ағдарилиб ётар ва бомдодгача Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб, такбир айтиб чиқар экан».

Абдуллоҳ яна шуларни айтган экан: «Аммо ундан фақат яхши гапларни эшитдим. Уч кеча ўтгандан сўнг, унинг амали ҳеч нарса эмас экан, деган фикрга келай дедим. Унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Отам билан орамизда ҳеч гап ўтгани йўқ. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уч марта «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир киши келади», деган гапни эшитдим. Уч марта ҳам сен чиқиб келдинг. Сенинг ҳузурингдан жой олиб, қиладиган амалларингга назар солиб, сенга иқтидо қилиш орзусида эдим. Аммо каттароқ бир иш қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларга сени нима эриштирган?» деб сўрадим. 

У эса: «Ўзинг кўрган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ», деди. 

Қайтиб кетаётганимда у мени ёнига чақириб: «Ўзинг кўрган нарсалардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Фақат мен қалбимда мусулмонлардан бирор кимсага гина-кудурат сақламайман. Ҳеч кимга нисбатан унга Аллоҳдан етган яхшиликка ҳасад қилмайман», деди».

«Сени ўша мақомга етиштирган шу хислатинг экан. Ана шунга биз тоқат қила олмаймиз», деди Абдуллоҳ».

Аҳмад ва Насоий ривоят қилишган.

Ҳақиқатан ҳам, инсонлар қалбида ўзгаларга нисбатан ҳасад бўлмаслиги улуғ фазилатдир. Зеро, бундай одамдан ҳеч бир ёмонлик чиқмайди. Аллоҳ таоло барчамизни ҳасадгўйликдан сақласин! Элу юртимизни бу оғир дарддан Ўзи қутқарсин! Омин!

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Авн ибн Муаммардан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазиз аёлининг олдига кириб, .Фотима, бир дирҳам борми, узум сотиб олайлик, деди. У .Йўқ,, деди. Умар ибн Абдулазиз давоми...

1444 08:02 / 17.11.2020
Молик ибн Динор айтадилар .Китобга қизиқиб, берилиб ўқир эдим. Бир жойга борсам, одамлар китобларини кўчага ташлаб қўйишган экан. Бир китобни олиб ўқисам, унда .Эй давоми...

1140 08:00 / 12.08.2020
Ассалому алайкум Ҳазрат, менинг саволим шундай эди жаннатда ҳам кўпайиш фарзанд кўриш борми Агар иложи бўлса, шу ҳақда батафсилроқ маълумот олса бўладиган давоми...

12741 17:40 / 17.12.2018
Устоз 2000 йили ватанга қайтганидан сўнг диний илмларни ривожлантириш, халқимизни Ислом асослари билан таништириш йўлидаги самарали ижодни давом эттирдилар. У давоми...

2689 15:55 / 11.03.2020
Аудиолар

121600 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43066 14:35 / 11.08.2021