1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бир ҳадис шарҳи

08:45 / 11.02.2019 2561 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввало у киши билан танишиб олайлик:

Саҳл ибн Ҳунайф ибн Ваҳб Авсий ал-Ансорий, кунялари Абу Саъийд.

Исломга биринчилардан бўлиб кирган саҳобалардан. Бадр ғазотида иштирок этганлар. Уҳуд ғазоти куни айтилган вазифада собит туриб, сўнг бошқа ҳамма ғазотларда иштирок этганлар. Муҳожир Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан исломий биродар бўлганлар, Ислом йўлида ҳамма қийинчиликларга чидашга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганлар.

Ҳазрати Али Мадинадан Басрага кўчганларида Саҳл розияллоҳу анҳу у кишининг ўринларига Мадинада бошлиқ бўлиб қолганлар.

У киши Сиффийн жангида Али розияллоҳу анҳу билан бирга бўлганлар, Форс шаҳарларига волий бўлган саҳобалардан эдилар.

Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 40 та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан Абу Воил, Абийд ибн Саббоқ, Абдурроҳман ибн Абу Лайло, ўғиллари Абу Умома ва бошқалар ривоят қилдилар.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 38-санасида Куфада вафот этдилар. У кишига Али розияллоҳу анҳу жаноза ўқидилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида сидқидилдан қилинган ниятнинг қанчалар фазилатли эканлигини баён қилмоқдалар. Ушбу ҳадисдан мусулмон одам улуғ мақомларга эришишни сидқидилдан тилаб юриши лозимлигини тушуниб оламиз. Чин дилдан сўралмаса, ҳеч бир нарсага эришиб бўлмайди. Жумладан, Исломда банда учун энг олий мартаба ҳисобланган шаҳидлик мартабасига ҳам ана шундай тилак орқали эришилади. Чунки шундай тилак бўлмаса, ҳеч ким жиҳодга чиқиб, ўлимнинг юзига тик боқа олмайди.

Ушбу ва бошқа ҳадислардаги сидқидилдан ният қилиш маъноси банданинг бировга билдирмай, холис қалб ила ўзи билан Аллоҳ ўртасида аҳд қилишидир. Агар бу нарса бошқа бировга билдирилса, риёга айланиб қолади. Шунинг учун ҳам шундай ният қилган одамга шаҳидлик мартабаси ваъда қилинмоқда. Агар нияти амалга ошиб, жиҳодга чиқиб, шаҳид бўлса, айни муддао. Аммо жиҳодга чиқа олмасаю, уйидаги кўрпа-тўшаги устида ўлиб қолса ҳам, сидқидилдан қилган нияти туфайли шаҳидлик даражасига эришади.

Демак, биз ҳам доимо чин қалбдан, сидқидилдан Аллоҳ йўлида хизмат қилишни, зарурат туғилса, шаҳид бўлишни тилаб яшамоғимиз лозим.

Эҳтимол, бугунги ҳаётимиздаги муваффақиятсизликларимизнинг сабаби ниятларнинг сидқидилдан бўлмаётганлигидандир. Ниятимиз бузилиб, Аллоҳнинг розилигини эмас, бошқа нарсаларни тилашимиздандир. Шунинг учун ниятимизни холис қилайлик!

Шу ҳадис Термизий келтирган ривоятда:

«Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради», деб келтирилган.

Бу ривоят аввалги маънони таъкидлайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дуо хусусида Юсуф алайҳиссалом қиссаси мўминлар учун гўзал ибратларга тўла. Юсуф алайҳиссалом ҳар бир ҳолатда Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишонч, таваккул ва садоқат давоми...

3562 08:40 / 17.03.2019
Инсонни нафс тарбия қилса, бахил бўлур,Шайтон тарбия қилса фожир бўлур.Дарҳақиқат, инсон нафси орзуларга бурканиб, турлитуман неъмату лаззатларни истайди. Нафс давоми...

2672 13:35 / 20.07.2019
Ер ўз ўқи атрофида бир сутка давомида ўнг томонга 23.43 даража оғиш билан айланади. Ер айланиш ўқининг ана шу оғиши фасллар ўзгаришининг асосий сабабидир. Бунинг давоми...

2533 11:30 / 13.03.2022
Савол Кўзга оқ тушганидаги касалликка операция ёки томчилардан бошқа муолажалар топилмайдимиЖавоб Илмий қўлланма ва илмий назоратларда умумий уринишлар бор. давоми...

1655 11:01 / 18.09.2020