1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
00:00
Махмуд Халил Хусорий - Таҳрим
Махмуд Халил Хусорий - Таҳрим
00:00
/
00:00

Таҳрим сураси

Мадинада нозил бўлган. 12 оятдан иборат.

Ушбу сураи каримага исм бўлиб қолган «таҳрим» сўзининг луғавий маъноси «ҳаром қилиш»дир.

Бу сураи карима Набий алайҳиссаломнинг оилаларига тааллуқли масалалар ва ҳукмларни муолажа қилади. Набий алайҳиссаломнинг мўминларнинг оналари бўлмиш покиза аёллари ҳақида сўз юритади.

Набий алайҳиссалом баъзи хотинларининг розилигини ўйлаб, ўзларига Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсани ўзларича ҳаром қилган эдилар. Сура мана шу ишнинг дуруст бўлмаганини баён қилиш билан бошланади.

Ундан сўнг жуда ҳам хатарли бўлган иш – оилавий сирни фош қилиш ҳақида сўз кетади. Бунга Набий алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётларидан мисол келтирилади.

Набий алайҳиссаломнинг хотинлари ораларида содир бўлган баъзи келишмовчиликлар, рашк қилишлар нотўғри экани уларнинг ўзларига тушунтирилади. Уларни қаттиқ танқид қилинади.

Охирида эса мўмин эр билан яшаган кофира аёл ва кофир эр билан турмуш қурган мўмина аёлнинг мисоли келтирилади. Охиратда ҳасабу насаб, яқинлик ва қариндошлик ҳеч фойда бермаслиги уқтириб ўтилади.

Кўриниб турибдики, бу сура Набий алайҳиссаломнинг шахсий-оилавий ҳаётлари хусусидадир. Унда ҳатто хотинлари билан бўлиб ўтган ҳиссий туйғулар ҳам тилга олинади. Буларни Қуръонда зикр қилишнинг нима фойдаси бор, деган савол туғилиши мумкин. Жавоб шуки, Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлганларидан сўнг у кишининг ҳаётлари фақат ўзлари учун эмас, балки барча умматларига мулк бўлиб қолди. У кишининг ҳаётлари Қуръони Каримнинг ҳаётга жонли татбиқига айланди. Бу улкан ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси қиёмат кунигача мўмин-мусулмонлар учун яхши ўрнакдир. Шунинг учун Набий алайҳиссаломнинг ҳаётларидаги нозик ва дақиқ ҳолатларни ҳам кашф этишнинг ҳикмати катта. Энг муҳими, бу ажойиб, беқиёс ва улкан ҳаётнинг бировдан беркитадиган жойи йўқ. Ҳар бир лаҳзаси ва ҳар бир ҳаракати ҳидоят ва баракага тўла. Ўзга йўлбошчилар, доҳийлар, раҳбарлар ўз ҳаёт йўлларини бунчалик дақиқ жойларигача ошкор эта олмайдилар. Чунки бундай қилсалар, барчаларининг камчиликлари, айблари очилиб, «доҳийлик» даъволари чилпарчин бўлади. Бизлар шунинг учун ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, яъни ҳаёт йўлларини пухтароқ ўрганишга ҳаракат қилишимиз керак. Рақибларга уларнинг «доҳийлари» ҳаёти ва қилган ишларини Набий алайҳиссаломнинг ҳаётлари ва қилган ишларига солиштириб кўришни таклиф қилмоғимиз лозим. Ўшанда ҳамма нарса ўз ўрнини топади.

Сура оятларининг тафсирини бошлашдан аввал уларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги ривоятларни келтириб, тадқиқ этиб, ўрганиб чиқайлик.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилинган ривоятда шундай дейилади:

«Умар ибн Ҳаттобга:

– Бу икки аёл кимлар? – дедим. У киши:

Оиша билан Ҳафса, дедилар. Гапнинг боши Иброҳимнинг онаси Мория ҳақида бўлган. Расулуллоҳ Морияга Ҳафсанинг уйида яқинлик қилган эканлар. Буни Ҳафса билиб қолиб:

– Эй Аллоҳнинг Набийси, менга нисбатан ҳеч бир хотинингизга қилмаган ишни қилдингиз, навбат кунимда, уйимда, тўшагимда шу иш бўлди, – деди. Набий алайҳиссалом:

– Уни ўзимга ҳаром қилсам, яқинлашмасам, рози бўласанми? – дедилар. Ҳафса:

– Ҳа, – деди. Ул зот Морияни ўзларига ҳаром қилдилар ва Ҳафсага:

Бу гапни ҳеч кимга айтмагин, дедилар. Лекин Ҳафса бу сирни Оишага айтиб қўйди ва Аллоҳ қуйидаги оятларни нозил қилди».

Тушунарли бўлиши учун ривоятда исмлари зикр қилинган шахслар ҳақида қисқагина маълумот берамиз.

Абдуллоҳ ибн Аббос – машҳур саҳобалардан, Набий алайҳиссаломнинг амакиваччалари, «Қуръон таржимони» номини олганлар.

Умар ибн Хаттоб – энг улуғ саҳобийлардан, иккинчи халифа. Умари Одил номи билан машҳурдирлар.

Оиша – Набий алайҳиссаломнинг хотинларидан бирлари. Ҳазрати Абу Бакрнинг қизлари.

Ҳафса – Набий алайҳиссаломнинг хотинларидан бирлари. Ҳазрати Умари Одилнинг қизлари.

Мория – Миср подшоҳи томонидан Набий алайҳиссаломга ҳадя қилинган чўри. Шариат ҳукмига биноан, Набий алайҳиссалом Мория билан эр-хотинлик алоқасида бўлганлар ва у кишидан Иброҳим исмли ўғил кўрганлар, шунинг учун Мория розияллоҳу анҳо «Иброҳимнинг онаси» деб номланадилар.

Бу оятларнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида умуман бошқа ҳодиса ҳам ривоят қилинади.

Имом Бухорийнинг ривоятларида келадики:

«Оиша онамиз айтадилар: «Набий алайҳиссалом Зайнаб бинти Жахшнинг ҳузурида асал ичардилар ва у билан узоқ ўтирардилар. Ҳафса икковимиз келишиб олдик-да, «У киши қай биримизнинг олдимизга келсалар, «Асаларининг шамъини ебсизми, сиздан шамънинг ҳиди келяпти», деймиз», – дедик.

Ҳафсанинг олдига кирган эканлар, у ҳалиги гапни айтибди. Шунда Набий алайҳиссалом: «Йўқ, мен Зайнаб бинти Жахшнинг олдида асал ичган эдим, энди қайтиб бу ишни қилмайман, қасам ичдим, аммо сен бу гапни ҳеч кимга айтмагин», – дебдилар».

Бу икки ривоят ва шунга ўхшаш бошқа ривоятларни синчиклаб ўрганган уламоларимиз: «Ривоятлардаги қиссалар икки хил бўлишининг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ. Набий алайҳиссалом Ҳафсанинг уйида Мория билан бирга бўлганларидан сўнг, Зайнаб бинти Жахшнинг олдиларига бориб, асал ичганлар ва навбати бўлгани учун, Ҳафсанинг уйига қайтиб келганлар», – дейдилар.

Ҳафса келишилган гапларни айтган, сўнг Мория ҳақида сўз кетган ва ҳоказо.

Маълумот учун айтиш лозимки, Зайнаб бинти Жахш ҳам Набий алайҳиссаломнинг хотинларидан бири бўлиб, бошқа оналаримизга: «Сизларни Расулуллоҳга ота-оналарингиз хотин қилиб берган, менинг никоҳимни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи етти осмоннинг устидан амр қилган», – дер эдилар.

Энди бевосита суранинг тафсирини бошласак.

ﭑ ﭒ ﭓ
Роҳман ва Роҳийм Аллоҳнинг номи ила (бошлайман).
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘﭙ ﭚ ﭛ ﭜﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ
1. Эй Набий! Нима учун хотинларинг розилигини тилаб, Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ҳаром қилурсан?! Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧﭨ ﭩ ﭪﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ
2. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга қасамларингизни бўшатишни шариатга киритди. Ва Аллоҳ сизнинг Хожангиздир ва Унинг Ўзи ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир.
ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ
3. Эсла, Набий хотинларидан бирига сир гап айтган эди. Бас, у(сир)дан хабар берди ва Аллоҳ у(иш)ни у(Набий)га билдирди. У баъзисини билдирди ва баъзисини қолдирди. Қачон у (Набий) ул(аёл)га (иш) ҳақида хабар берганида, у: «Буни сенга ким хабар қилди?» – деди. У: «Менга ўта билувчи, ўта хабардор хабар берди», – деди.
ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ
4. Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, батаҳқиқ, қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлибди. Агар унга қарши чиқсангиз, бас, албатта, Аллоҳ унинг ёрдамчисидир ва Жаброил ҳам, солиҳ мўминлар ҳам. Ундан сўнг фаришталар унга суянчиқдир.
ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ
5. У сизларни талоқ қилса, шоядки, Робби сиздан яхшироқ, муслима, мўмина, итоатли, сертавба, ибодатли, рўзадор жувон ва қизларни ўрнингизга хотин қилиб берса.
ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ
6. Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар.
ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ
7. Эй куфр келтирганлар! Бугунги кунда узр айтманглар, қилиб ўтган амалларингизнинг жазосини олмоқдасиз, холос.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ
8. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Ажаб эмаски, Роббингиз ёмонликларингизни ўчирса ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса. У Кунда Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борадир. Улар эса: «Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни мағфират қил, албатта, Сен ҳар бир нарсага ўта қодирсан», – дерлар.
ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇﮈ ﮉ ﮊﮋ ﮌ ﮍ ﮎ
9. Эй Набий! Кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод қил ва уларга қаттиқ тур. Ва уларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон борар жой!
ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ
10. Аллоҳ куфр келтирганларга Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотинини мисол қилиб келтирди. Улар бандаларимиздан икки солиҳ банданинг измида эдилар. Бас, уларга хиёнат қилдилар ва (эрлари) улардан Аллоҳдан бирор нарсани қайтара олмадилар ва уларга: «Оловга кирувчилар билан киринглар!» – дейилди.
ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ
11. Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим, менга Ўз ҳузурингда – жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», – деб айтди.
ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ
12. Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди.