1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Иномжон қори Абдуҳалил ўғли (1903-1993)

12:54 / 09 март 917 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, иккинчи жаҳон уруши даврида Наманган вилоятидан ҳам минглаб кишилар фронтга сафарбар  қилинди. Афсуски, қирғинбарот жангларда  кўплаб ҳамюртларимиз ҳалок бўлишди. Омон қолганлар сафида Иномжон қори ҳам соғ-саломат она юртига қайтди.

Иномжон қори 1903 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, собиқ Сим кўчаси (ҳозирги 8-мактаб ўрнида)даги хонадонда оддий ҳунарманд оилада дунёга келди. Бобоси Ғиёсиддин аҳли илмларни ўзига дўст тутган, ибодатгўй ва тақводор кишилардан бўлган.

Иномжон қори илк диний таълимни оила муҳитида олган. Болалигидан Қуръони Каримга муҳаббат қўяди. У ниҳоятда зийрак, хушёр, серғайрат ва қатъиятли бола бўлиб улғайди. Қиблагоҳи Абдуҳалил  фарзанди Иномжонни аҳли солиҳ ва аҳли Қуръон бўлишини хоҳлаб, туну кун косибдўзлик қилиб меҳнат қилади. Пировардида, ўғли шу даҳанинг машҳур мударриси Абдураҳмон (1894-1966) қорига шогирд тушиб, ўспиринлик давридаёқ ҳофизи Қуръон бўлиб етишади.

Волидаи муҳтарамаси Ҳамробиби ая: «Илмни қунт билан ўрганиб, устозингизни иззат-икром қилинг, қолаверса, қиёматда бизларнинг бошимизга тож кийдирадиган ҳофизи Қуръон бўлинг, асло юзимизни ерга қаратманг» - дея доим насиҳат қилиб, фарзандлари ҳаққига дуо қилганлар.

Иномжон қори ҳам ота-оналари орзу қилгандек мужаввид қори бўлиб камол топади. Ҳазрат қори домланинг Қуръонга муҳаббатлари шу даражада бўлганки, кунлик вазифалари биринчи  бўлиб, Қуръондан тўрт ёки беш пора сурани такрор қилиб, сўнгра бошқа ишга ўтганлар.

Маълумотларга кўра, Иномжон қори домла узоқ йиллар Рамазон ойларида «Махдум эшон» масжидида ва эътиқодли халқимизнинг хонадонларида  ками уч, кўпи билан беш кунлик хатмларга ўтиб, намозхонлар хизматида бўлдилар. Шунингдек, Туркистон ва Нурота шаҳарларида бўлиб, хатми Қуръонларда иштирок этдилар. У зоти шариф Рамазон ойини алоҳида тараддуд билан кутиб олиб, эрта тонгдан то кечга қадар, рўзғор ташвишида меҳнат қилар, кечқурунлари эса хатмонага имомликка ўтардилар. Дарҳақиқат, у зотнинг ҳофизалари ўткирлигидан хатмонага ёлғиз ўтиб, ҳеч қаерда янглишмай, луқмасиз гўзал қироат билан бошлаб шу ҳолатда якунлар эканлар.

1939 йил 1 сентябрь куни иккинчи жаҳон уруши бошланди. Унда жуда кўплаб юртдошларимиз, диндошларимиз иштирок этди. Дарҳақиқат, урушда мардонавор курашган ўзбеклар Украина, Беларуссия, Москва, Сталинград, Кавказ, Қрим, Курск, Днепр, марказий ва жанубий-шарқий Европадаги жангларда фаол қатнашиб, ҳатто Берлингача бордилар.[1]

Иномжон қори ҳам 1941 йили урушига кетдилар. У зот Украинанинг Одесса шаҳрида фронтда бўлдилар. Ҳазрат қори домла жанггоҳларда ҳам тоат-ибодатга мустаҳкам бўлиб, Каломуллоҳнинг такрорини асло қолдирмадилар, дуоларида доимо Яратгандан ўз юртларига эсон-омон қайтишни сўрадилар. Шунинг шарофатидан бўлса керак, уруш майдонларида ёнларидаги дўстларига ўқ тегиб вафот этганда ҳам бу зотни Аллоҳ ўзининг ҳимоясида сақлади. Аллоҳнинг инояти билан Иномжон қори 1945 йили  юртларига қайтдилар.

Урушдан кейинги йиллар қори домла мебель фабрикаси омборида қоровул бўлиб ишладилар. Шу билан бирга ота касблари косибдўзлик билан ҳам шуғулландилар. Қолаверса, Иномжон қори маҳалладаги ёшларга ва тенгқурларига Қуръондан таълим бериб, дину ислом арконларини ўргатдилар.

Шогирдларидан Орифхон домла: «Устозим Иномжон қори домла ўрта бўйли, хушсурат, истараси иссиқ, очиқ чеҳрали, оппоқ соқолли, нуроний, камтарин, замонанинг кўп савдосини бошидан кечирган киши эдилар. У зоти шариф 90 ёшларида ҳам илоҳий каломнинг такрорини тўхтатмадилар. Бир куни устозим менга бир сирни ошкор қилдилар. Ҳар куни ёстиққа бош қўйгунимча 16 пора Қуръон ўқисам, қолган жузларни эрталабгача вужудим поёнига етказади» - дедилар. Бундан биламизки, қори домла Қуръони Каримни кўп ўқиганларидан  қалбларига, вужудларига сингдирганлар.[2]

Хуллас, мужаввид ҳофизи Каломуллоҳ Иномжон қори Абдуҳалил ўғиллари 1993 йил 90 ёшларида бу дунёдан охиратга йўл олдилар. У киши эски «От бозори» қабристони ҳозирги «Мангулик» мозорига дафн қилинди.

Ҳазрат қори домла Равзахон ойим (1917-1988) Лутфуллоҳ (Сардобалик) махдум қизлари билан бахтли ҳаёт кечириб, уч қиз икки ўғилни вояга етказдилар. Фарзандлари Адашхон (1938-2016), Муҳаррамхон (1949-1919), Мағфиратхон (1953), Муҳаммаджон (1945-2021) ва Аҳмаджон (1956) лардир.  

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

[1] Ҳ. Зиёев. Иккинчи жаҳон уруши ва ўзбеклар. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси.№25. 2003 йил.

[2] Насимов Орифхон (1949) ҳожи —мударрис, имом. Наманган шаҳри Дамбоғ маҳалласи Новкар кўчаси 65-уйда истиқомат қилади. Ҳозирда Россиянинг Уфа шаҳридаги «Лола тулпан» масжид-мадрасасида мударрис ва имом бўлиб фаолият олиб боради.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 21 февраль 03-07/921-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, ҳофиз, ривоятлари собит Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ибн Ҳамдон Хуросоний. Илм талабида юрт кезганлар.Ҳоким ибн Баййиъга шогирд тушганлар ва таҳсил давоми...

1237 11:00 / 17.01.2021
20 асрнинг машҳур олими ва фозили, таниқли уламо Мулла Фатҳиддин Абдуллоҳ махдум ўғли 1904 йил Наманган вилояти, Чортоқ тумани, .Кўшан, қишлоғида таваллуд топди.Отаси давоми...

2865 17:00 / 20.03.2022
Шамсиддин қори Абдураҳим Саркор ўғли 1894 йил собиқ Наманган тумани Ғирвон қишлоғида дунёга келди. Бобоси мулла Холмат, калон бобоси эса мулла Маърайимдир. Бу икки давоми...

1416 11:39 / 28 февраль
1. Исм ва насаблари Аллома имом, имомларнинг ягонаси Муҳамммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим алМаҳаллий алШофеъий алМисрий Жалолиддин, муфассир, фақиҳ, калом давоми...

3427 22:19 / 27.04.2017
Аудиолар

121579 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7099 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43052 14:35 / 11.08.2021