1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Касбларнинг ҳақири бўлмайди!

16:00 / 07 май 1169 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларга дедилар:

- Аллоҳ юборган барча пайғамбарлар қўй боқишган.

Саҳобалар:

- Сиз ҳам боққанмисиз , эй Аллоҳнинг расули?

- Ҳа, мен ҳам боққанман. Макка аҳлининг арзимаган пули эвазига чўпонлик қилар эдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир кишининг касби бўлишини хуш кўрар эдилар. «Кишининг ейдиган таомлари ичида қўл меҳнати билан топилгани энг яхшисидир. Аллоҳнинг набийси Довуд алайҳиссалом қўл меҳнати орқасидан ер эди», деган эдилар.

Бир сафар саҳобалар билан суҳбат қилиб ўтирганларида: «Закариё алайҳиссалом дурадгорлик қиларди», деганлар.

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Бир киши менга ёқиб қолади. Сўнг мен унинг касби ҳақида сўрайман. Унинг касби йўқ дейишса, унга бўлган ҳурматим йўқолади».

Аввалгилар: «Касбнинг ҳақири бўлмайди, инсонларнинг ҳақирлари бўлади» дейишган экан.

Бир аҳли илм биродаримиз сартарошлик қиларди. Унинг устозини зиёрат қилганимизда: «Сартарошлик илм аҳлига тўғри келмайди» дедилар. Дўстимиз ҳунарини ташлади, аммо устознинг насиҳатларидан тўғри хулоса чиқармади, бошқа касб танламасдан кишиларнинг қўлига қарайдиган бўлиб қолди.

Инсонларни бир-бирига муҳтож қилиб қўйгани Аллоҳнинг азаматига далолат қилади. Ўзи эса барчадан беҳожатдир.

Шифокор дурадгорга, темирчи деҳқонга, савдогар ҳаммолга муҳтож бўлади. Яна ҳамманинг новвойга эҳтиёжи бор.

Ҳалол кирим олиб келадиган ҳар қандай фикр оқил фикрдир. Унинг соҳиби эҳтиромга сазовор. Зеро, у ўзини беҳожат қилиб бошқаларга юк бўлишдан сақлади.

Инсоннинг яхшироқ касб ёки иш топишга ҳаракат қилишининг зарари йўқ. Яъни, киши фарзандини новвой эмас, шифокор бўлишини исташи, маҳсидўз эмас, муҳандис бўлишини хоҳлаши гуноҳ эмас.

Аммо шифокор бўлганидан сўнг новвой ва маҳсидўзни таҳқирлаши гуноҳдир.

Касб аслида инсон ўз эҳтиёжларини қоплаши учун ҳаракат қилишидир. У ўзаро бир-биридан афзаллик эмас.

Тўғри, баъзи касбларнинг ижтимоий обрўси бошқаларидан устун бўлади. Кишилар у касб соҳибларига эҳтиром-ла боқишади. Бошқаларига эса ундай эмас.

Аммо инсоннинг қадрини касбига қараб белгилаш иллатли тушунчадир. Унинг эгаллаб турган мансаби ёки топган моли туфайли ҳурмат қилиш фикри хатодир.

Модомики, пайғамбарлар чўпонлик қилишган экан, сиз касбингиздан хижолат бўлманг. Модомики, бир бурда нонингизни меҳнат билан топар экансиз, бошингизни тик тутинг! Бундан фахр туйинг. Касбингиз туфайли кирланган кийимингиз айб эмас. Ҳақиқий айб кийимингиз гўзал, қалбингиз кир, молингиз ҳаром, ўзингиз эса бировларнинг қўлига боқишингиздир!

Меҳнат асносида зарбаларга дучор бўлган, қадоқ босган қўллар Роббисидан сўнг ўзига бўлган ишонч ва покизалик аломатидир. У дангасалик, танбаллик ва бошқалар ҳисобидан овқатланишдан саломатдир!

Ҳаётдаги сир қайси касбни қилманг, Аллоҳ билан бирга бўлишингдир.

Ҳаётда мухлис шифокор бўлгани каби хоини ҳам бор. Мухлис дурадгор бўлгани каби нокаси ҳам бор. Мухлис муҳандис бўлгани каби порахўри ҳам бор. Мухлис устоз бўлгани каби таъмагири ҳам бор. Аллоҳ қандай касб танлаганимиз ҳақида эмас, уни қандай ишлатганимиз ҳақида сўрайди.

Баъзилар университетга кирса, ўзининг оддий ҳунарманд отасини ўртоқлари кўришидан орланади, уялади, хижолат бўлади. Аслида, уни ўша университетга киришига ўша оддий инсон сабабчи эди.

Анча олдин ўқиган эдим: бир қиз университетни битиради. Отаси эса кўча тозаловчи бўлиб ишлайди. Отаси қизининг келажагини, ўртоқлари олдидаги эътиборини ўйлаб қизига ўзининг кўча тозаловчи эканини ўртоқларига билмаслигини айтади. Қиз битирув кийимини кийиб отаси ишлайдиган жойга боради. Отаси билан ўзини суратга тушириб, сўнг уни ижтимоий тармоқларда тарқатади: «Бу буюк инсон менинг отам!»

Касбларнинг ҳақири бўлмайди!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир аёл кекса сотувчидан .Тухум неча пул,, деб сўради.Сотувчи .Донаси икки дирҳамдан, деди..Олтитасини ўн дирҳамга берсангиз оламан, бермасангиз, кетавераман, деди давоми...

5004 19:00 / 23.09.2021
Савдосотиқ билан шуғулланиш шарафли касблардан биридир. Динимиз кўрсатмасига кўра тижоратда ростгўйлик, тўғрилик, мулойимлик алоҳида ўрин тутади. Инсонларнинг давоми...

1499 14:03 / 01 январь
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўн нарса фитратдандир мўйлабни қисқартириш, соқолни қўйиш, мисвок қилиш, бурунга давоми...

1408 11:00 / 18.08.2022
Маълумки, фарзанд тарбияси энг масъулиятли, шу билан бирга, мушкул жараён ҳисобланади. Бир болани дунёга келтириб, уни тарбиялаб, вояга етказиш инсондан сабртоқат, давоми...

3100 13:30 / 12.08.2021
Аудиолар

121615 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43077 14:35 / 11.08.2021