1445 йил 25 зулқаъда | 2024 йил 02 июнь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абдураҳим Саркор ўғли Шамсиддин қори (1894-1982)

11:39 / 28 февраль 1449 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шамсиддин қори Абдураҳим Саркор ўғли 1894 йил собиқ Наманган тумани Ғирвон қишлоғида дунёга келди. Бобоси мулла Холмат, калон бобоси эса мулла Маърайимдир. Бу икки аждод вакили эл-юрт назарига тушган, аҳли илмларни ўзига дўст тутган, тақводор ва ибодатгўй кишилар бўлишган.


Ғирвонлик Абдураҳим саркор ўша даврнинг йирик зодагонларидан Дарвеш Алибойнинг деҳқончилик ишларини юритувчи иш бошиси бўлган. У замонасининг ишбилармон тадбиркорларидан бўлган. Тахминан 1900 йили қишлоқда биринчилардан бўлиб, пойдевори пишиқ ғиштли уй қуришни татбиқ қилган. Маълумотларга кўра, саркорни Янгиобод ва Яндама ҳудудларида катта ер майдони шунингдек, шова ариқ сув йўлига қурилган тегирмони бўлган. 


Дастлабки диний билимни оила муҳитида олган Шамсиддин қори ўқиш ва ёзишни эски усулдаги мактабда Мадмуса (1884-1968) Охунддан ўрганади. Кейинчалик, Абдураҳим саркор ўғлини келажакда ҳофизи Қуръон бўлишини хоҳлаб, Ғунча мавзесидаги машҳур мударрис, ҳофизи Қуръон ва тариқат пешвоси Абдулқодир эшон (ваф. тах. 1928) домлага шогирд қилиб беради. Болалигидан илмга, Қуръонга муҳаббат руҳида камол топган Шамсиддин қори у ердан ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишиб чиқади.


Хабарларга кўра, ҳофизи Қуръон Абдулқодир эшон домла оламдан ўтганларида, у зотни «Мавлавий» қабристонининг ёнидан оқиб ўтувчи Жар ариқнинг ёқасига дафн қилишади. 1939 йилнинг август ойида шу ариқни кенгайтирилиши ортидан, катта Фарғона канали қурилиши бошланади. 45 кун ичида халқ ҳашар йўли билан 270 километр узунликдаги канални бунёд этади. Шамсиддин қори канал ёқасида жойлашган устозининг қабри  (мақбараси) бузилиб кетишидан ҳавотирга тушиб, боши қотади. Кўп ўйлаб, устоз Абдулқодир эшон ҳокларини бошқа жойга олдирмоқчи бўлади. Буни қарангки, ўша кечаси туш кўради. Тушида устози: «Кўп куйиниб мени ғамимни қилаверманг. Худо хоҳласа яхши бўлади» дейдилар.


Эртасига Шамсиддин қори шоша-пиша қабрни бошқа жойга олдирмоқчи бўлиб боради. Не кўз билан кўрсинки, канал мақбара ёнидан эҳтиёткорлик билан олиб ўтилганди. Таажжубдан Аллоҳга ҳамдлар айтиб, устозининг хаққига дуойи хайрлар ила ортига қайтади.


Билишимизча, Шамсиддин қори домла ҳалол ризқ талабида деҳқончилик қилиб, рўзғор тебратганлар. Вояга етгач, Маҳбубахон (1900-1991) ая Убайдуллоҳ қизлари билан оила қуриб, Салоҳиддин (1927-2017), Фазлиддин (1930-2019), Сайфиддин (1932), Нажмиддин (1940) исмли фарзандларни тарбия қилганлар. 


Инқилобдан кейин ер эгаларининг мулклари аста-секин тугатилиб колхозлаштирилди. Кейинчалик умумлаштириб, жамоа хўжалигига айлантирилди. Хуллас, Ўрта Осиёда жамоалаштириш, қулоқлаштириш ва сургун сиёсати бошланди. Бундан юз минглаб одамлар азобланди, жабру жафо тортди, жисмонан йўқ қилинди, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида кучли бурҳон юз берди.  Бу давр сиёсати Шамсиддин қори оиласини ҳам тинч қўймади. 1931 йили Абдураҳим саркор оламдан ўтдилар. Бундан фойдаланган шўролар у зотнинг мол-мулкини мусодара қилиб, фарзанди Шамсиддин қорини йўқ қилиш пайига тушади. Қори домла шўролар зулмидан қочиб, Тўрақўрғоннинг Бураматут қишлоғидан паноҳ топадилар.  Вазият изига тушгач, ўз қишлоқларига қайтиб, деҳқончилик қилиб кун кўрадилар.


Кейинчалик ҳукумат бўз ерларни ўзлаштиришга буйруқ беради. 1947 йили Ғирвон қишлоғидан  жуда кўп миришкор деҳқонлар дарёнинг нариги томонига кўчирма қилинади. Шулар қатори Шамсиддин қори ҳам юборилади. Қори домла астойдил меҳнат қилиб, халқнинг ва жамоа раҳбарларининг ишончини қозонадилар. Қисқа вақтдан кейин давлат идораси-вилоят кўп тармоқли шифохонасига ишга кирадилар. Аввалига қозонхонада ўт ёқувчи кейинчалик қоровул бўлиб фаолият кўрсатадилар. 


Маҳалладошларининг айтишича, Шамсиддин қори камтар, содда, самимий, меҳмондўст, ортиқча мулкка ва зебу зийнатга хирс қўймаган тақводор киши бўлганлар. У киши ҳар доим халқнинг хизматида, тўй-маракаларида бош-қош бўлганлар. Шунинг учун бўлса керак, қишлоқ аҳли қори домлани жуда ҳурмат қилиб, у кишининг насиҳатлари  ва маслаҳатларига доим қулоқ тутган. У зот эса қўни-қўшни ва тенгқурларига шариат илми ва Қуръони Каримдан таълим берганлар. Ҳозирда қори домланинг Давлатбой, Убайдуллоҳ (Ғирвонлик), Икромиддин, Бурҳониддин ва Абдураҳмон (Тўрақўрғонлик) каби кўплаб шогирдлари юрт ва дин ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Ҳазрат Шамсиддин қори домла «Ғозий Муҳаммад ҳожи» ва «Махдум эшон» масжидларида шунингдек, иймон-эътиқодли халқимизнинг хонадонларида Рамазон ойларида хатмоналарга ўтиб, намозхонлар қалбини забт этадиган, гўзал овозлари билан таъсирли тиловат қилганлар. 


Ҳофизи Каломуллоҳ Шамсиддин қори Абдураҳим саркор ўғиллари 1982 йили фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.  У зот «Ўн бир Аҳмад» қабристонига дафн қилинган. Ҳозирги кунда қори домланинг авлодларидан аҳли илм, аҳли Қуръонлар чиқиб, у зотнинг издошлари бўлиб келишмоқда. Аллоҳ қори домлани охиратларини обод айласин. Омин. 

Мустақил тадқиқотчи Акром Шариф

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 25 январь 03-07/400-сонли хулосаси асосида тайёрланди.
   

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мулла Абдулҳошим мулла Муҳаммад Юсуф афанди ўғли Ҳошимжон қори 1904 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси ҳозирги Марғилон кўчасида зиёли, савдогар хонадонида давоми...

1997 17:00 / 17.02.2022
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМСаҳобаи киромнинг ваъзнасиҳатларини ўрганишга киришишдан олдин у зотларнинг баъзи фазилатларини, уламоларимиз саҳобаларнинг давоми...

4172 11:40 / 04.05.2018
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўнўн икки ёшлардаги шогирди бўлар эди. Йигитча имомнинг суҳбатларида кўп қатнашар, унинг таъсирли суҳбатлари қалбидан жой олар, доимо давоми...

3609 11:20 / 24.12.2021
У зотнинг тўлиқ исмлари, Валиййуддин, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ алХатиб алАмрий атТибрийзий.Тибрийз Озарбайжондаги шаҳарлардан биридир.Муҳаммад давоми...

3831 22:18 / 27.04.2017
Аудиолар

122327 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7120 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43661 14:35 / 11.08.2021