1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Оламда Аллоҳнинг дини бирдир

23:40 / 02.12.2016 5573 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Осмону ерда Аллоҳнинг дини бирдир. У-Ислом динидир. Аллоҳ таоло:  «Албатта, Аллоҳнинг наздидаги дин–Исломдир», деган. (Оли Имрон сураси, 19) ва  яна «Ва сизларга Исломни дин, деб рози бўлдим», деган. (Моида сураси, 108)  У-ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш ўртасидадир. Ташбеҳ (ўхшатиш) ва Таътийл  (амалдан қолдириш) ўртасидадир. Жабр ва қадар ўртасидадир. Амн (хотиржамлик) ва  Ийяс (умидсизлик) ўртасидадир. 

Шарҳ: Яъни, Аллоҳга ибодат қилиш йўли, дастури ва  низоми ердаю осмонда бирдир. Аллоҳнинг ерда шериги йўқ бўлганидек, осмонда ҳам  шериги йўқдир. У ерда ҳам, осмонда ҳам Ўзидан бошқага ибодат қилишни жоиз  қилмас. Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ерда хотаминнабиййин  бўлганларидек, осмонда ҳам хотаминнабиййиндирлар.
«Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» калимаси  ила таъбир қилинадиган Ислом дининг асоси шудир.
Имом ат-Таҳовий Оли Имрон ва Моида сураларидан  биттадан оятни далил келтирдилар.
Сўнгра Исломнинг хусусияти ва фазлини баён қилиб:  «У-ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш ўртасидадир..» деб айтиб ўтдилар. 

ДИН БИР,  ШАРИАТЛАР ТУРЛИДИР

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда собит бўлишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз– Анбиёлар жамоасининг, динимиз биридир»-деганлар. (Аҳмад ривоят қилган).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ким Исломдан бошқа  динни хоҳласа, ҳеч ундан қабул қилинмас», (Ол-и Имрон сураси, 58) деган. Шунга  биноан, ҳамма замонларда, дин битта, Ислом дини бўлган. Лекин шариатлар турли  бўлиб келган. Бунга Аллоҳ таолонинг «Сизлардан ҳар бирингизга шариат ва йўл  қилиб қўйдик», (Моида сураси, 48) деган ояти далолат қилади.
Дин асл нарсалардан иборат бўлиб, у-биттадир. Шариат  эса, фаръ нарсалардан, амал қилиш йўлларидан иборат бўлиб, турличадир.
Ислом–Аллоҳ таоло Ўз бандаларига, Ўз пайғамбарлари  орқали юборган кўрсатмалари тўпламидир. Бу диннинг асли ҳам, фарълари ҳам  Пайғамбарлар томонидан ривоят қилингандир. Дин жуда ҳам очиқ-ойдин нарсадир.  Унга ҳар бир вояга етган, каттаю кичик, фасийху ажам, закийю нозакий тездагина  кириши мумкин. Лекин бу диндан чиқиш эса, киришдан ҳам тез бўлади. Биргина  сўзни инкор қилиш билан, ёлғонга чиқариш ёки қарши туриш билан бўлиши мумкин.  Шунингдек, Аллоҳга нисбатан ёлғончилик қилиш, Аллоҳ таолонинг сўзига гумон  билан қараш, Аллоҳ таоло нозил қилган нарсани рад қилиш ва шунга ўхшаган,  сиртдан арзимаганга ўхшаган нарсалар билан бўлиши мумкин.
Муаллифнинг: "Ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш  ўртасидадир" дегани ҳақида.
Ҳаддан ошишга, арабчада «ғулув» дейилиб, шариат  қўйган чегарадан четга чиқишни билдиради.
«Камчиликка йўл қўйиш», эса «тақсийр» дейилиб,  шариатда қўрсатилган чегарага етмасдан буюруқларни ва қайтаришлари тарк этиш  билан бўлади.
Ислом ҳаддан ошиб, чегарадан чиқишни ёқтирмайди ва  дангасалик қилиб, камчиликка йўл қўйишни жоиз кўрмайди. Балки, ўртача йўл  тутади. 

  Далил: 

  1-»Сен: «Эй аҳли китоблар, динингиздан ноҳақдан  ғулувга кетманглар», - деб айтгин». (Моида сураси, 77)
2-»Эй иймон келтирганлар. Аллоҳ сизга ҳалол қилган  пок нарсаларни ҳаром қилманглар ва тажовузкорлик қилманглар. Албатта, Аллоҳ тажовузкорларни севмас». (Моида сураси, 87)
3-Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда  қуйидагилар айтилади: Баъзи саҳобийлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан У зотнинг сир амаллари ҳақида сўрадилар. Сўнгра уни оз,  деб билдилар. Улардан бири, гўшт емайман, деди. Бошқа бири аёлларга  уйланмайман, деди. Яна бири, кўрпамда ухламайман, деди. Бу нарса Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида, У зот: «Одамларга нима бўлдики, бундоқ,  бундоқ, дейдилар?! Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман, ухлайман  ва бедор ҳам бўламан, гўшт ҳам ейман. Аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг  суннатимдан юз ўгурса мендан эмас»-дедилар.(Бухорий ва Муслим ривоят  қилганлар).
4-Аллоҳ таоло: «Намозни унитувчи намозхонларга  ҳалокат бўлсин», (Моун сураси, 4-5) деган. Яъни, намоз ҳақида бепарволик қилиб,  камчиликка йўл қўйиб, уни эсдан чиқарадиганларга ҳалок бўлсин, ҳолига вой  бўлсин, дегани. 

  Муаллифнинг, «Ташбеҳ»-ўхшатиш ва «Таътийл»-амалдан  қолдириш- ўртасидадир» дегани ҳақида.
«Ташбеҳ»-махлуқнинг сифатларидан бир сифатни холиққа  исбот қилишдир.
«Таътийл»-Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Унинг Расули У зоти  таолога исбот қилган сифатлардан бирортасини манфий (рад) қилишдир.
Аввал айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи ёки  Расули васф қилганидек, ўхшатмасдан васф қилинишини яхши кўради. У бизга ўхшаб эшитади, бизга ўхшаб кўради, каби гаплар айтилиши жоиз эмас. Шунингдек, Аллоҳ  таоло Ўзини Ўзи ёки Расули васф қилганидек, таътийл қилмасдан васф қилиниши  яхши кўради. У зот Ўзини Ўзи ёки У зотнинг энг яхши бўладиган зот, Пайғамбари  васф қилган сифатлардан бирортасини манфий қилиб бўлмайди. Чунки,  бу-таътийлдир. Аллоҳ Ўзи: «Унга ўхшаш нарса йўқдир. У ўта эшитувчи, ўта кўрувчи  зотдир», (Шўро сураси, 11) деган. «Унга ўхшаш нарса йўқдир», (Шўро су-раси, 11)  дегани «Мушаббиҳа» мазҳабига раддиядир. «У ўта эшитувчи, ўта билувчи зотдир»,  (Шўро сураси, 11) дегани, «Муъаттила» мазҳабига радиядир.
Муаллифнинг «Жабр ва қадар ўртасидадир» дегани  ҳақида.
Бу маъно ҳақида ҳам олдин гапириб ўтилган. Банда ўз  ишлари ва гапларига мажбур қилинмас. Албатта, унинг гаплари ва ишлари, титроқ босгандаги ҳаракатга ёки шамол эсгандаги дарахтнинг ҳаракатига ўхшаган эмасдир.  Шунингдек, унинг гаплари ва ишлари унинг ўзи томонидан халқ қилинган ҳам  эмасдир. Балки, улар баданинг иши ва касби бўлиб, Аллоҳнинг яратгандир. Яратиш  ва касб қилиш орасидаги фарқ олдин айтиб ўтилди. Муаллифнинг,  «Амн»-(хотиржамлик)-ва «Ийас»-(умидсизлик) ўртасидадир» дегани ҳақида.
Бу маъно тўғрисида ҳам олдин сўз бўлиб ўтган. Банда  доимо ўз Роббисининг азобидан қўрқиб, раҳматидан умидвор бўлиб, туриши лозим. Хавф билан умидворлик банданинг Аллоҳ томон юришида икки қанот вазифасини  ўтайди. Банда Аллоҳнинг макридан хотиржам бўла олмайди. Шунингдек, Унинг  раҳматидан ноумид ҳам бўла олмайди. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Мўъжиза, сўзи луғатда .ожиз қолдирувчи, деган маънони англатади. Яъни, мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар. Истилоҳда эса Аллоҳнинг изни ила давоми...

3836 18:30 / 28.03.2022
23. Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга.Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч давоми...

8529 21:12 / 22.07.2017
Маънавий сифатлар тўрт қисмга тақсимланади. Биринчи қисм ndash вожиб, мумкин ва имкони йўқ нарсаларга алоқаси бор сифатлар. Бу қисмга илм ва калом сифатлари давоми...

2660 15:30 / 12.04.2021
1. Савол Худонинг борлигига далил нимаЖавоб 1. Худога ишониш инсоннинг фитрати туғма мойилликлари ва хусусиятларида бордир. Ҳозирги позитив ва ижтимоий илмфан давоми...

4476 18:05 / 01.11.2018
Аудиолар

121609 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43072 14:35 / 11.08.2021